1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас

19:00 / 17 июнь 684 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ

«Агар икковларининг гуноҳга борганлари билиниб қолса, ўринларига устиларига ноҳақлик тушганлардан иккита яқинроқлари турурлар ва: «Шубҳасиз, бизнинг гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳликларидан тўғрироқ ва биз тажовуз қилмадикки, у ҳолда, албатта, золимлардан бўлиб қолурмиз», – деб Аллоҳ номи ила қасам ичарлар» (Моида сураси, 107-оят).

Вафот этаётган одамнинг васиятига гувоҳлар томонидан хиёнат содир бўлгани, худди Адий билан Тамийм тилла суви юритилган кумуш жомни маккаликларга сотганига ўхшаб, билиниб қолса, албатта, ўша хиёнат меросхўрларга зарар етказади. Иш қозилик ҳузурида кўрилган пайтда энг яқин меросхўрлардан иккиталари ўз ҳақларига хиёнат бўлганини исботлаш учун, ўша хиёнат қилган икки гувоҳнинг қасами ўрнига, уларнинг ёлғончилигини фош этиш учун

«Шубҳасиз, бизнинг гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳликларидан тўғрироқ ва биз тажовуз қилмадикки, у ҳолда, албатта, золимлардан бўлиб қолурмиз», – деб Аллоҳ номи ила қасам ичарлар».

Қозилар ушбу қасамни эътиборга оладилар. Шундай қилиб, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари зое бўлмайди. Аммо мусулмонлар, худди бошқа ишларда шариат ҳукмларига риоя этмаётганларидек, васият пайтида ҳам кўпинча гувоҳ келтирмайдилар ва бунинг оқибатида кўпдан-кўп мусибатларга дучор бўладилар. Етимларнинг, бева-бечораларнинг, меросхўрларнинг ҳақ-ҳуқуқлари билиб-билмай поймол этилади. Васият пайтида гувоҳ келтириш қанчалик зарур эканини ушбу оятдан билдик. Ҳатто мусулмон гувоҳ топилмаса, номусулмон гувоҳга ҳам ишонилади. Агар ишончли бўлмаса, қасам ичириб бўлса-да, гувоҳ келтирилади. Амр шундай.

Одатда бир одам вафот этадиган бўлса, орқасидан кўп ишлар қолади. Тириклик пайтида олди-бердилари бўлган, кимлардадир ҳаққи бор, кимларнингдир унда ҳаққи бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қолдираётган меросида – молу мулкида ҳам аниқланиши лозим бўлган муомалалар бордир. Агар инсон ўлаётиб, васият қилмаса, қариндошлар ўртасида турли келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар келиб чиқиши турган гап. Васият қилинса-ю, гувоҳ бўлмаса ҳам худди шу ҳол бўлади. Бу каби кўнгилсизликлар шариатга амал қилиш билан ўртадан кўтарилади.

Шундай савол туғилиши мумкин: «Бугунги кунда бунақа муомалаларни ҳужжатлаштириш воситалари ривожланиб кетди. Мисол учун, қоғозга ёзиб, имзо қўйиш, овоз ёзиш жиҳозига васият қилувчининг овозини ёзиб қўйиш ёки жонли суратга овози билан олиб қўйиш мумкин. Демак, гувоҳнинг нима кераги бор?» Бу саволга жавоб шулки, аввало, Аллоҳнинг амрларини бажариш ибодат ҳисобланади. Яъни мусулмон киши шариат ҳукмларини суриштирмай, амалга ошириши керак. Бу ҳукмга фалон нарса учун амал қилинар эди, у нарса қолмади. Энди амал қилмай қўйса ҳам бўлаверади, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Иккинчидан, шариат ҳукмларидаги ҳикматларни одамлар ақллари етган даражада тушунадилар. Кўп ҳолларда биз бугун тушунмай турган ҳикматлар кейинроқ ойдинлашяпти.

Учинчидан, қоғозга туширилган, овозли ва суратли тасвир ҳужжатлардаги ва улар атрофидаги қаллобликлар, жанжаллар ҳақида ҳар куни турли хабарлар эшитилиб турибди. Яъни буларга ҳам унчалик ишонч қолмаяпти. Энг яхшиси Аллоҳ кўрсатган йўл – тирик гувоҳ келтириш бўлиб қолмоқда. Худди шу ҳақиқатга келаси оятда ишора бор:

ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀﰁ ﰂ ﰃ ﰄﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ

«Мана шу гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига ёки қасамларидан сўнг қасамлар қайтарилишидан қўрқишларига яқинроқдир. Аллоҳга тақво қилинглар ва қулоқ осинглар. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас» (Моида сураси, 108-оят).

Яъни, юқоридаги икки оятдаги кўрсатмаларга амал қилиш аввало гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига яқинроқдир. Намоздан кейин кўпчилик ичида Аллоҳ номи билан қасам ичтирилиб, сўнгра «Гарчи қариндош (учун) бўлса ҳам, у(қасам)ни ҳеч бир баҳога сотмасмиз ва Аллоҳнинг (буюрган) гувоҳлигини яширмасмизки, у ҳолда, албатта, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз», дейишлари ҳақиқатан ҳам ҳаққоний гувоҳлик беришларига кучли омил бўлади. Боз устига, улар яна бир нарсадан қўрқиб туришади. Агар юқорида айтилган ишлардан кейин ҳам хиёнат қиладиган бўлсалар, меросхўрлардан икки киши раддия қасами ила уларни фош қилишлари, шарманда бўлишлари эҳтимоли бор. Шундан қўрқиб ҳам ўзларига ишонилган вазифани виждонан адо этадилар. Буларнинг ҳаммаси эҳтиёт чоралари. Аммо гувоҳликни ҳаққоний адо этишнинг асосий таянчи тақводир. Шунинг учун ҳам оят сўнгида:

«Аллоҳга тақво қилинглар ва қулоқ осинглар. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас», – дейилмоқда.

Агар инсонда тақво бўлмаса, Аллоҳдан қўрқмаса, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Унга минг бора қасам ичдиринг, тепасига мингта зобит қўйинг, фойдаси йўқ. Қачонки одам Аллоҳга тақво қилиб, Унга қулоқ оссагина тилидан ва қўлидан атрофига яхшиликлар етади. Жумладан, гувоҳликни ҳам ҳаққоний адо этади. Тақвоси бўлмаса, фосиқ бўлади. Фосиқни эса Аллоҳ таоло ҳидоят қилмайди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Шундай бўлган тақдирда сенга ҳаёт азобини ҳам икки ҳисса, мамот азобини ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра давоми...

1946 19:00 / 26.06.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ башар учун китобни, ҳукмни ва нубувватни берганидан сўнг у одамларга .Аллоҳни қўйиб, менга давоми...

2806 19:50 / 26.10.2021
Аллоҳ таоло мўминмусулмонларни ҳар қандай ҳолатда кучли, дадил ва собитқадам бўлишга чақиради. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган.Бўшашманглар давоми...

3325 17:00 / 28.12.2021
Мусодан кейинги Бану Исроилдан бўлган зодагонларни билмадингми Ўшанда улар ўз набийларига .Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг давоми...

4889 17:07 / 22.03.2020
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021