1447 йил 14 шаъбон | 2026 йил 02 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Ихтилофларнинг келиб чиқиши

10:40 85 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз фиқҳий қоидалар деганда уларнинг ҳаммасини назарда тутмоқчи эмасмиз, «Ал-умур би мақосидиҳаа» (ҳар бир иш мақсадга қараб бўлади), «Лаа зорор ва лаа зирор» (зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ) каби умумий қоидаларни айтмоқчи эмасмиз, чунки умумий қоидалар барча мазҳабларда бирдек қабул қилинади, бунга барча мазҳаблар иттифоқ қилган. Бундай қоидалар ихтилофга сабаб бўлмайди.

Биз умумий қоидалар остидаги жузъий қоидалар ҳақида гапирмоқчимиз. Зотан, жузъий қоидаларнинг аксари турли мазҳабларда турлича бўлади. Масалан, умумий қоидалардан бири бўлган қиёс борасида ихтилоф йўқ, ихтилоф шунинг остидаги тафсилотлардадир.

Ёки «адам», яъни йўқлик мавзусини олсак, унинг сарлавҳасида ихтилоф йўқ, ихтилоф унинг ичидаги масалаларда.

Қоидаларнинг сарлавҳасида ихтилоф йўқ, улар ҳамма мазҳабда бир хил. Ихтилоф – фақат жузъий, иккиламчи қоидаларда.

Масалан, Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг наздида шариат матнларидаги асл нарса таъаббудий бўлишдир, яъни модомики шариат баён қилмаса, ҳукмлар бирон сабабга боғланмаган деб эътибор қилинади. Бизда эса шариат матнларидаги асл нарса «муаллала», яъни ҳар бир ҳукмнинг қандайдир иллати, сабаби бўлишидир. Фиқҳий масалалардаги кўплаб ихтилофларнинг сабаби мана шу фарқдир.

Усулул-фиқҳ нуқтаи назаридан келиб чиқсак ҳам худди шундай: Шофеъий роҳимаҳуллоҳ Қуръон ва Суннатдаги буйруқларга таъаббудийлик нуқтаи назаридан қараганлар. Бу айни вақтда муомалотлар масаласида шофеъий мазҳабининг оғриқли нуқтаси ҳисобланади, шунинг учун ҳам улар муомалотдаги кўпгина масалаларда ҳанафий мазҳабига мурожаат қилишга, ҳанафий мазҳаби бўйича амал қилишга мажбур бўлишади. Шофеъий мазҳаби ўқитиладиган кўпчилик давлатларга қарасангиз, айнан муомалот бобига келганда талабаларга ҳанафий устозларни тақдим этишади. Нега? Чунки шофеъий мазҳабида ҳукмлар муаллала эмас, таъаббудий бўлгани учун муомалот масалаларида керакли ҳукмни топишимиз қийин бўлиб қолади. Бу эса жуда катта ихтилофнинг сабабидир.

Яна ўша гапимизга қайтамиз: биз қоидаларнинг сарлавҳаларини назарда тутаётганимиз йўқ, яъни ўша асосий бешта ёки олтита қоидани айтаётганимиз йўқ. Биз шу асосий қоидалар остидаги кичик қоидаларни, ихтилофга сабаб бўладиган қоидаларни назарда тутяпмиз.

Бир машҳур мисолни – сув топилмаган пайтда таяммум қилиш масаласини олайлик. Бундаги фиқҳий қоида нима? Тупроқ вақтинчалик ўринбосарми ёки мутлақ ўринбосарми? Ҳанафий мазҳабида тупроқ мутлақ ўринбосар ҳисобланади, шунинг учун таяммум қилган одам таҳорат қилган одам билан бир хил бўлади, хоҳлаганича фарзу нафл намозларни ўқийверади. Шофеъий мазҳабида эса таяммум билан намознинг фарзи ва суннати ўқилади холос, чунки уларда тупроқ вақтинчалик ўринбосар ҳисобланади.

Яна бир мисол – жабирага (боғловга, бинтга) масҳ тортиш масаласи. Барча фуқаҳолар наздида жабирага масҳ тортилади. Лекин жабирага масҳ тортиш ювиш деб инобатга олинадими ёки шунчаки масҳ дебми? Бу борада бизда махсус қоида ва ҳукм бор, ҳанафий мазҳаби жабирага масҳ тортишни ювиш деб инобатга олади. Бу аслида масҳ тортиш, лекин биз унга ювиш ҳукмини берамиз, яъни мен қўлимдаги жабирага масҳ тортсам, гўё унинг остидаги қўлимни ювгандек бўламан. Ҳанафий мазҳабида бу қоидадан яна кўп масалалар келиб чиқади: жабирани таҳоратсиз ҳолда ўраган бўлса, қайтадан ечиб, бошқатдан ювмайди, таҳорати ўтаверади; бир жабирани олиб ташлаб, ўрнига янгисини қўйса ҳам таҳорати бузилмайди, чунки ҳукман жабиранинг тагидаги аъзосини ювган бўлади.

Энди имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳни олайлик. У зот жабирага масҳ тортишни ювиш деб инобатга олмайдилар, шунчаки масҳ дейдилар. Натижада қандай ҳукм келиб чиқади? Агар жабирани таҳоратсиз ҳолда ўраб олган бўлса, унинг устига тортилган масҳ жоиз бўлмайди. Натижада бу одам таҳоратсиз ҳисобланади, неча кун ўша бўйи масҳ тортиб намоз ўқиган бўлса, ҳаммасини қайтадан ўқийди. Икки ой бўлса, икки ойлик намозини, уч ой бўлса, уч ойлик намозини бошқатдан ўқийди! Шофеъий уламолар бу борада қайси мазҳаб бўйича фатво беришади? Ҳанафий мазҳаби бўйича фатво беришади.

Энди яна бир савол туғилади. Бундай ихтилоф пайдо бўлишининг сабаби нима?

Бунинг сабаби – мазҳаблар ўртасида Қуръон ва ҳадисга ёндашувдаги фарқдир.

Биз мана шу жабира масаласида масҳга ювиш ҳукмини бердик, фақат битта ҳолат бундан мустасно: яра битиб, жабира тушиб қолган ҳолат. Бунда ўша жабира остидаги аъзони қайтадан ювиш керак, деймиз. Лекин шундан бошқа ҳар қандай ҳолатда қайтадан ювишга ҳожат йўқ. Шофеъий уламолар эса масҳни ювиш деб эътиборга олишмайди, масҳлигича қабул қилишади, натижада юқорида айтган ҳолатларимизда, ундан ташқари ҳам бошқа кўплаб масалаларда ихтилоф келиб чиқади.

Ҳанафий мазҳабида нечта қоида бор? Ўн минглаб қоида бор! Лекин бу ҳам кам. Қоидаларнинг ниҳояси йўқ, улар жудаям кўп. Мана шу қоидаларнинг ҳаммаси ихтилофга сабаб бўлади, чунки бу қоидалар турли мазҳабларда турлича.

Яна қайтариб айтаман, мен бу ерда умумий фиқҳий қоидаларни назарда тутмаяпман, фақат жузъий қоидаларни назарда тутяпман. Масалан, фиқҳдаги матн китобларни олайлик. Ҳар битта матн китобида кўплаб қоидалар бор. Масалан, «Канзуд-дақоиқ» китобида ўттиз ёки қирқ мингта масала бўлса, демак, мана шунча қоида бор, чунки фиқҳни тўғри услуб билан ўрганаётган одам ҳар бир масалани алоҳида қоида деб тушунади.

Ким бу гапларнинг исботини кўрмоқчи бўлса, Ҳамзовийнинг фиқҳий қоидалар ҳақида ёзган «Фароидул-баҳийя фил қоваъидил фиқҳийя» деган китобига мурожаат қилсин. Бу китобда жуда кўп фиқҳий қоидалар айтиб ўтилган. Уни ўқиган одам фиқҳдаги ҳар бир масала бўйича қандай қилиб қоида келтириб чиқарилишини тушунади.

Демак, булардан, яъни тупроқнинг зарурий ёки мутлақ ўринбосар эканлигидан, жабирага масҳ тортишнинг ювиш ёки масҳ тортиш деб эътиборга олинишидан кўплаб ихтилофлар келиб чиқар экан. Ўзи фуқаҳолар шариатни ҳар хил тушунишган. Шунинг учун бу қоидаларга кўра ҳукмлар чиқаришдаги ёхуд фиқҳий-жузъий қоидалардаги ихтилоф бор.

Учинчи тур – татбиқ қилиш усулидаги ихтилоф. Бу ихтилоф «зарурат», «осонлаштириш», «машаққатни бартараф қилиш», «манфаат тамойили», «замон ўзгариши», «урф» кабиларни ўз ичига олади.

Дейлик, бир масалада мен «Бунда зарурат бор» десам, сиз «Зарурат йўқ», дейсиз. Шунинг учун фатво ҳам турлича бўлади. Масалан, сиз Америкада фатво беряпсиз, мен эса Урдунда фатво беряпман. Муҳит бошқа-бошқа. Ёки сиз бундан 30-40 йил олдин фатво бергансиз, мен эса ҳозир фатво беряпман. Яна фатво турлича бўлади, чунки замон бошқа-бошқа. Масалан, урфни олсак, ҳозирги урф ҳам беш йилдан кейин ўзгаради. Ҳукм ўзгарадими? Ҳа, албатта ўзгаради.

Юқорида кўп марталаб айтганимиздек, ибодатга оид ҳукмлардан ташқари фиқҳий ҳукмларнинг тўртдан уч қисмида иллат топилади, шунга қараб ҳукмлар ҳам ўзгаради, турлича бўлади. Шунинг учун муайян бир жамиятни, у ердаги банкларнинг моҳиятини, ширкатларнинг ишлаш тизимини, савдо-сотиқ ва банк тизимини яхши билмаган одам фатво бера олмайди.

Дейлик, мен бир манфаат принципини ўртага қўйсам, сиз бошқасини тақдим этасиз. Мана шу татбиқ қилиш усулидаги ихтилофдир. Бу борада ихтилоф жуда кўп бўлмаса-да, замон, макон, зарурат, «осонлаштириш», «машаққатни бартараф қилиш», урф ва шунга ўхшаш омилларга қараб мазҳаблар, замонлар ва ҳудудлар ўртасида бир мунча ихтилофлар юзага келади.

Келинг, бир масаладаги ихтилофни кўриб чиқайлик.

Ҳовли сотиб олаётганда уни «кўриш ихтиёри» (ёки кўриш имтиёзи) қандай бўлади? Ҳовлининг атрофида жойлашган хоналарни кўриш керакми ёки ҳовлининг саҳнига кириб кўрса кифоями? Шунинг ўзи билан «кўриш ихтиёри» амалга ошган бўладими?

Қадимда, Ислом юртларида уйлар шундай қурилган, уйнинг атрофи девор билан ўралган бўлиб, унинг ичида ҳовли, ҳовлининг атрофида хоналар бўлган, аёллар у хонадан бу хонага ўтганда ташқарига кўринмаслиги учун шундай қурилган. Аёллар ҳовли саҳнида ҳам бемалол юраверишган. Энди «Шундай уйлар савдосида харидор ҳовлининг саҳнига кириб, уйни кўрса бўлдими, хоналарга кирмасдан сотиб олса ҳам «кўриш ихтиёри» амалга ошган бўладими?» деган масалада Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: «Ҳа, шу билан кўриш ихтиёри амалга ошган бўлади», деганлар, чунки у зотнинг замонларидаги ҳамма уйлар шундай қурилган. Ҳовлига кириб, атрофини кўрдими, тамом, шунинг ўзи кифоя қилган. Шунинг учун «Хоналарга кириб кўриш «кўриш ихтиёри»нинг ичига кирмайди», деганлар.

Лекин имом Зуфар роҳимаҳуллоҳнинг наздида хоналарга кириб кўриш лозим. Нима учун? Чунки урф фарқли бўлган. Гап шундаки, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг давридаги урф бўйича хоналар бир хил шаклда қурилган. Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳнинг давридаги урфда эса хоналар турлича бўлган. Бир хил бўлса, табиийки, кириб кўриш шарт эмас. Лекин ҳар хил бўлса, кириб кўрмагунча «кўриш ихтиёри» соқит бўлмай тураверади.

Яна бир масалани олайлик.

«Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эркак бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эркак ва икки аёл бўлсин» (Бақара сураси, 282-оят).

Шу оят бўйича имом Абу Ҳанифа: «Гувоҳларни тазкия қилиш, яъни уларнинг ишончли эканини текшириш шарт эмас», деганлар, чунки у зотнинг замонларида одамлар адолатли, ишончли бўлган. Бунинг зидди бўлмаганидан кейин текшириб, суриштириб ўтиришнинг нима кераги бор? Шунинг учун битта эркак ва иккита аёл гувоҳ бўлиб келса, уларнинг қандай одамлигини суриштириб ўтирмай, гувоҳлиги қабул қилинаверган.

Орадан йиллар ўтиб, одамларнинг феъли анча бузилгач, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари, яъни имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар гувоҳларни тазкия қилмай, текширмай туриб қабул қилмайдиган бўлишди.

Хўш, бу имомлар гувоҳларнинг адолати, ишончлилиги борасида ихтилоф қилишдими? Йўқ, албатта. Гувоҳлар ҳамманинг наздида адолатли, ишончли бўлиши керак. Бу ерда ихтилофга сабаб бўлаётган омил урфдир, яъни замоннинг бошқа-бошқалиги. У замонда ҳамма ишончли, адолатли бўлган бўлса, буларнинг замонига келиб, бундай одамлар камайиб кетган. Шунинг учун булар ўзининг замонини ҳисобга олиб, тазкияни шарт қилишди, имом Абу Ҳанифа эса шарт қилмаган эдилар.

Бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп, шунинг учун ҳозир қисқача шу мисоллар билан чекланамиз.

Ҳанафий мазҳабининг ўзидаги, қайси ихтилофни қараманг – ички ихтилоф бўладими ёки мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф бўладими – бу масала ё усулул-фиқҳга, ё фиқҳий қоидаларга, ё татбиқ қилиш, фатво бериш усулидаги бирор қоидага бориб тақалади, яъни шу омиллардан бирида ихтилоф бор бўлгани учун ҳукмда ҳам ихтилоф бор бўлади. Қанча изламанг, қанча тадқиқ қилманг, мана шу омиллардан бошқа сабаб туфайли юзага келган ихтилофни топа олмайсиз. Ихтилоф албатта мана шу сабаблардан бирига боғлиқ бўлади: ё истинбот қилишдаги ихтилоф сабаб бўлади, ё асос яратишдаги ихтилоф сабаб бўлади, ё фатво бериш усулидаги ихтилоф сабаб бўлади.

Хўш, бу келтирганларимиздан қандай хулоса оламиз?

Хулоса шуки, тўртала мазҳаб ҳам ҳақ экан, тўрттаси ҳам яхшиликда экан, ҳар бир мазҳаб ўзининг усули эътиборидан рожиҳ экан. Баъзилар айтганидек, ҳақиқат тўртта, демоқчи эмасмиз, Аллоҳнинг наздида ҳақиқат битта бўлади. Аммо биз зонни, катта эҳтимолни олишга буюрилганмиз. Демак, ё ўзингиз ижтиҳод қилиб, Қуръон ва ҳадисдан рожиҳ ҳукмни оласиз, ёки сизни зоннга олиб борадиган мужтаҳидга эргашасиз.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Салоҳ Абул Ҳож
Таржимон
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шуҳрати бутун дунёга етган олим, имом Таҳовий бутун умрини Абу Ҳанифа мазҳабига хизмат қилишга бағишлади. Мазҳаб илмининг мустаҳкам усулга асосланганини билгани давоми...

1248 16:45 / 17.11.2025
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабларининг йўли бўлмиш тавассут мактабини қўллабқувватлайдиган далиллар ҳақида сўз юритамиз. Аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

1186 16:20 / 23.02.2025
.АҚИЙДАТУТ ТАҲОВИЯ,НИНГ ШАРҲЧИСИ1ndash У кишининг исми ва юрти ndashУ кишиndashСадирдин Али ибн Али ибн Муҳаммад ибн Абул Изз алҲанафий алАзроъий адДимашқий. 2ndashУ давоми...

4983 15:30 / 28.03.2017
МУРЖИЪИЙЛАРНИНГ ДАСТЛАБКИ ХИЗМАТЛАРИАбу Ҳанифа таълимоти ҳеч қаерда Эроннинг шимолишарқий ҳудудларидагидек Хуросон ва Мовароуннаҳр назарда тутилмоқда таҳр. ҳ. давоми...

5252 16:08 / 28.03.2017