1447 йил 12 шаъбон | 2026 йил 31 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган ишлардан паноҳ сўраш

08:05 / 30 январь 559 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَقَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: كَانَ مِنْ دُعَاءِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ زَوَالِ نِعْمَتِكَ، وَتَحَوُّلِ عَافِيَتِكَ، وَفُجَاءَةِ نِقْمَتِكَ، وَجَمِيعِ سَخَطِكَ. رَوَاهُمَا مُسلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан неъматингнинг завол бўлишидан, офиятингнинг бурилишидан, тўсатдан келадиган офатингдан ва барча ғазабингдан паноҳ тилайман» бор эди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тўрт нарсадан паноҳ сўралмоқда:

1. Неъматнинг заволидан.

Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматни Ўзи кетказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Банда учун унга берилган неъматнинг заволга учраши катта бахтсизлик бўлади.

Неъматнинг заволи кўпроқ унга шукр қилмаслик оқибатида содир бўлади. Неъматнинг заволи унинг озайиши, нуқсонга учраши, баракасининг кетиши ёки бутунлай йўқ бўлиши билан бўлади.

Банда ўзига берилган неъмат учун доимий шукр қилиш билан бирга, ушбу дуони ҳам қилиб турса, яхши бўлади.

2. Офиятнинг бурилишидан.

«Офият» сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.

Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Унинг бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.

Шунинг учун доимо Аллоҳ таолодан офиятнинг бошқа тарафга бурилиб кетишидан паноҳ сўраб туриш лозим бўлади.

3. Тўсатдан келадиган офатдан.

Бундай офат тўсатдан келгани учун банда тавба ҳам қила олмай, балони даф қилиш учун чора ҳам кўра олмай қолади. Бутун дунё бирлашиб, унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, заррача ёрдам бера олмай қолади.

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу каби уқубатлардан доимо асрасин.

4. Аллоҳнинг барча ғазабидан.

Яъни Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган ишлардан паноҳ сўралган. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳар қандай ғазабига дучор бўлган банда албатта ҳалок бўлади, ноумид бўлади ва ютқазади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камданкам мажлисдан давоми...

1361 07:12 / 24.12.2025
r . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши намоз давоми...

1341 06:00 / 12.10.2025
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бавл қилаётганларида бир киши у зотга салом берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2719 08:49 / 24.07.2019
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни мени кўрмадилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин давоми...

8676 08:18 / 01.05.2024