
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сиз мазҳабга эргашишни айб десангиз, олдингизга катта бир савол қўйилади: Унда тарих давомида бутун уммат залолатда бўлганми?
Ундай бўлса, Қуръони Каримдаги «Сизлар энг яхши уммат бўлдингиз», деган оят хато бўлиб чиқиши керак-ку?
Ундай бўлса, «Зикрни Биз нозил қилганмиз, уни Ўзимиз муҳофаза қиламиз», деган Аллоҳ таоло Ўз динини сақламаган экан-да?
Ўн уч аср бу уммат бузилиб, кейин наждлик бир одамнинг (Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг) қўлида тўғри йўлга тушган экан-да?
Соғлом ақл шу гапни кўтарадими? У одам бизга динни, суннатни мутлақо янгитдан ўргатмоқчи бўлди. У ҳолда биз насронийлардан ҳам ёмонроқ аҳволда эканмиз-да?
Насороларнинг айтишича, уларнинг диний манбалари Ийсонинг ўлимидан уч аср ўтиб ёзилган экан. Биз эса динимизни ўн уч асрдан кейин англаган бўлиб чиқяпмизми?! Демак, улардан ҳам баттар эканмиз-да?
Хулоса шуки, мазҳаб тутиш, шубҳасиз, тўғри иш. Мазҳаб тутиш ҳам худди геометрия ёки тиббиёт каби бир фан бўлиб, маълум қоидаларни ўз ичига олади, уларга амал қилинади, шу илмда нима дейилса, шунга эргашилади. Демак, мазҳабга эргашиш ҳақ экани борасида ҳеч қандай тортишувга ўрин йўқ. Буни инкор қилиш, одамларни бундан қайтариш – дунёдаги катта-катта яхшиликлардан қайтаришдир.
Ислом душманлари мазҳаб тутишни ёмон кўрсатиш учун турли қиссалар ҳам тўқишган:
Бир киши кемада кетаётган эмиш. Намоз ўқиб, кўрсаткич бармоғи билан ишораи саббоба қилса, буни кўрган бир афғон йигит унинг қўлини кесиб ташлаган эмиш. Шунга ўхшаган беш-олтита ҳикоялар тўқиб олиб, «Мана мутаассибликнинг оқибати, кўриб қўйинглар», дейишмоқда, мазҳаб тутишни қоралашмоқда.
Булар аслида бўлмаган воқеалар, бу ёлғон гапларни ўзлари тўқиб чиқаришган. Улар шу тўрт-бешта эртагини маърузаларда, дарсларда, интернет саҳифаларида тинмай тарқатишади, «Мана, кўринглар, мазҳабга эргашишнинг оқибати мана шунақа бўлади, битта ишора қилганига бармоғини чопиб ташлабди», деб ваҳима қилишади.
«Тарихда фалон шаҳар аҳли бошқа бир шаҳар аҳли билан жанг қилиб, бир-бирига қилич кўтарган экан, ўша жангда бир тараф ҳанафий, бир тараф шофеъийлар бўлган экан», дейишади. Балки бу икки тараф хотин талашиб, ер талашиб урушгандир? Балки бу уруш биттагина қўйнинг орқасидан чиққандир? Лекин булар уларнинг айнан ҳанафий ёки шофеъий бўлганига урғу бериб, уларни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлишади.
Майли, улар дунё учун эмас, фиқҳий ихтилоф учун уруш қилган ҳам дейлик. Яна бизни ёмонлашга ўтишади: «Кўряпсизларми, мазҳаб тутганлар шу даражада мутаассибки, бошқа мазҳабдагиларга қиз ҳам бермайди, қиз ҳам олмайди. Ҳанафийлар шофеъийга уйланмайди. Мана, фалон фатво китобида: «Шофеъий қизга уйланилмайди», дейилган», дейишади.
Ваҳоланки, аслини олганда, бизнинг китобларда ҳатто насроний қизга ҳам уйланса бўлади, дейилган. Ҳанафий мазҳабидаги одам шофеъий мазҳабидаги аёлни кофирга тенг кўрмаса, қандай қилиб шофеъий деб, унга уйланмаслиги мумкин?
Бундай таъналар жуда кўп: «Бу мазҳабдагилар Умавий масжидида тўртга бўлиниб, мазҳаб-мазҳаб бўлиб намоз ўқийди», «Жамоат тўртга бўлиниб қолди!», «Мазҳаб тутганлар бир-бирига қарши қурол кўтаряпти экан», «Булар бир-бирига қуда бўлмас экан» ва ҳоказо.
Мабодо уларнинг шу гапларини рост деган тақдиримизда ҳам, битта бўлиб намоз ўқимаганлари битта масала, уйланиш алоҳида масала, ишораи саббоба қилганга зулм қилиш яна бир бошқа масала. Шу масалаларни тўплаб, «Хўп, шу ерда хато қилинган экан», десак ҳам, бу фиқҳий масалалар бармоқ билан санарли даражада, жуда кам. Элликта, ёки боринг ана, мингта десак ҳам, бошқа жиҳатдан бу мазҳаблар жуда катта ишлар қилган эмасми?
Бутун бошли Ислом дини бугунгача шу мазҳаблар орқали етиб келмаганми? Одамлар динни шу мазҳаблар орқали таниган-ку! Давлатлар шу асосда ҳукм юритган, жамиятнинг ҳаёти шу мазҳаблар билан тартибга солинган-ку!
Ҳаётдаги ҳар бир нарсанинг фойдали жиҳатлари ҳам, зарарли жиҳатлари ҳам бўлади. Бир нарсанинг фойдаси зараридан кўп бўлса, масалан, 70-80 фоизи фойдали бўлса, шуниси олинади, зарари кўпроқ бўлса, тарк қилинади. Масалан, ароқнинг зарарлари ниҳоятда кўп. Лекин унинг фойдалари ҳам бор. Унинг фойдаси ҳам, зарари ҳам борлиги Қуръони Каримда айтилган. Лекин зарари кўп бўлгани учун ҳаром қилинган.
Мазҳаблар масаласида ҳам шундай ёндашиш мумкин. Баъзи жиҳатлари зарар экан, деб тан олсак ҳам, бу мазҳабларнинг Ислом динига, исломий илмларнинг ривожига, давлатларга фойдаси зараридан чандон-чандон ортиб кетади. Мабодо зарари бор бўлса ҳам, фойдаларининг олдида йўқ бўлиб кетади.
Тўрт гуруҳ бўлиб олиб намоз ўқиш ҳақида олдин айтиб ўтганмиз, яна айтиб ўтирмаймиз.
Шофеъий мазҳабидаги йигитнинг ҳанафий мазҳабидаги қизга уйланиши ҳақида эса гапириб ҳам ўтирмаймиз. Бу гап хато. Ахир насроний қизга уйланишга рухсат бериляпти-ку! Лекин тан оламиз: баъзи фатво китобларига шундай гап кириб қолгани рост. Бу нарса эътиқодий хилоф масаласида айтилган. «Иншааллоҳ, мен мўминман», дейиш жоизми?» деган масала бор. Ҳанафий уламолар айтади: «Иншааллоҳ, мен мўминман», деган одам ҳали иймон келтирмаган бўлади, чунки у иймонини мажҳул нарсага боғлаяпти, Аллоҳ нимани хоҳлагани эса номаълум». Шофеъий уламолар эса: «Бу жумла таъкид, холос», дейишади. Мен бу масалага чуқур киришмоқчи эмасман. Биз бу жумлани «боғлаш, таълиқ қилиш», десак, улар «таъкид», дейишади. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу назарий бир баҳс: «Иншааллоҳ, мен мўминман», деган одам мўмин бўлмайди.
Бу гап матн китобларида келтирилмаган. Баъзи фатво китобларида баҳс ва мунозара сифатида масала қилиб айтиб кетилган, аммо амалга татбиқ қилинмаган.
Аслида бу фиқҳий масала ҳам эмас.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 16 апрелдаги 03-07/2009-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.