1447 йил 28 жумадис сони | 2025 йил 19 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ибратли учрашув ва сабр

14:15 504 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Домла Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳ Ҳиндистонда оталари билан кўришиб, уни ҳажга олиб бориб, қилган хизматларини ўз тилидан қисқача баён қилади. Шояд, барчамиз ибрат ва манфаат олсак.

«Ажмир деган шаҳарга боруб, бир мадрасаи Усмонияга дохил бўлдим. Мени мадрасага қабул қилиб олдилар. Хулосаи калом шулки, саккиз йил шул мадрасада дарс этдим. Дарс урду тилида бўлар экан. Уни билгунча жуда қийналдим. Бу орада ўзимни мамлакатимдан бир ҳеч қандай хабар олмадим. Дадам бирла мозори шарифда кўришганим-ча, ўн беш йил бўлди. Мадрасада саккиз йил ўқиб турғон ҳолатимда бир ажиб воқеа рўй берди. Воқеа шундан иборат эдики, шу кун мадрасаға бориб ўқушумни дилим истамас эди. Бир кун мени озод қилиб қўйса-да, хоҳлаган жойимга бориб саёҳат қилиб келсам. Дилим шуни истар эди. Мадраса бошлиғига ариза ёздим: «Бу кун менинг тобим йўқ, мени ўқушдан озод қилсаларинг», - деб илтимос қилдим. Мадрасанинг табибининг олдига мени муолажа қилиш учун юбордилар. Табиб кўриб айтдики: «Сизда ҳеч қандай касаллик йўқ, энди сизга рухсат бераман, бир кун шаҳарни томошо қилинг»: ... Менга ижозатнома бердилар. Ман мадрасадан чиқиб қаёққа боришим керак экан ўзум ҳам билмайман. Кўчада айланиб, истансаға бордим. Афғонистон чегарасидан келғон поезд тўхтаб турғон экан. Дилимға келдики, мабодо мамлакатимиздан ҳажга борувчилардан бирортасини учратаманми деб, поездга чиқдим, вагонларни текшириб кўрдум. Бир вагонда уч киши ўтурғон экан. Уларни кўрғон замон ўзбеклигини билдим. «Оталар, қаердан келдингизлар?» - деб сўрадим. Улар мени ўзбекча гапиришимдан ҳайрон бўлди, чунки менинг либосларим Ҳиндистон либоси эди. У ҳожилардан бири: «Сан ўзбекмисан?» - деб сўради. «Ўзбекман», дедим. «Бу ерда нима қилиб юрибсан?» - деди. «Мен мадрасада ўқийман», - деб жавоб бердим. «Ўзбекистоннинг, қайси шаҳаридансан?» деб сўради. Мен: «Қўқонлик бўламан», дедим. У одам: «Мен ҳам қўқонликман», деди. «Қўқоннинг қайси қишлоғидан бўласан?» - деб сўради. Мен айтдим: «Уч кўприкга яқин Чорбоғ қишлоғидан бўламан». Ул одам айтди: «Кимнинг ўғли бўласан?». Ман айтдим: «Мулло Рустам домланинг ўғиллари бўламан». Бул одам бир сайҳа тортиб: «Йўқолғон ўғлимни топтим», - деб менга ёпишди. Мени қучоғлаб турган ҳолда ҳушдан кетди. Мен ўзумнинг дадамни танимасдан турғон эканман. Ўн беш йил илгари кўрғонимда дадамнинг соқолларига оқ кирғони йўқ эди. Энди соқоллари оқариб, бетоб бўлиб, заиф бўлиб қолғон эканлар. Ҳеч танимадим.

Шу пайтда поезд юрушга бошлади. Мен тезлик билан дадамни пастга олиб тушдум. Булар уч киши ҳажга кетатурғон эканлар. Поезд билетлари Бомбей шаҳрига олинғон экан. Ҳожилар Бомбейға тўпланиб, параходға билет олиб ҳажға жўнайдилар. Дадамнинг шериклари поездда йиғлаб кетабердилар. Мен дадамни олиб мадрасаға келдим. Мударрисларимиз ҳайрон бўлуб: «Сенга илгари хабар келганмиди?» дедилар. Ман айтдим: «Йўқ, ҳеч қандай хабарсиз чиқдим». Поезддаги «Қудрати илоҳияға» таажжуб қолдилар. Дадам айтдиларки: «Ман қидириб Мозори шарифга келдим, сени билғонлар айтдилар: «Уни Ҳиндистон тарафдан топарсиз». Мени умидим узулиб, бу катта шаҳардан қандай топаман. Худоға нола қилиб тиладим: «Худоё, ўғлумни менга еткарғил. Мени бу дуойим мақбул бўлғон экан, сени мажбур қилиб, мени олдимга олиб чиқиб қўйди».

Дадам: «Шу давр ичида нима қилиб юрдинг?» деб хафалик изҳор қилди. Мен: «Илм таҳсилида юрдим, шу бу йилим охирги йилим» дедим. Дадам, айтдилар: «Сан ҳали ҳам ўқуб юрубсанми? Сени шерикларинг мударрис бўлуб дарс айтишиб ётибти. Энди маслаҳат шулки, тезлик била мадрасадан жавоб ол. Мени ҳажга олиб бор».

Оталари билан кўришгандан сўнг у киши билан бирга ҳажга бордилар ва ўша ерда оталари вафот этади. Ундан анча олдин эса оналари ҳам қазо қилган эди. Оталари васиятига кўра, илм ўргангандан сўнг Мозори Шарифга, у ердан Термиз орқали Қўқонга қайтиб дин хизматида бўлдилар.

«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 16 январдаги 02-07/296-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага оқ бўлиш оғир гуноҳ эканини кўпчилик билади. Аммо оқ бўлишнинг чегараси, ўлчови, оқ бўлишга сабаб бўладиган нарсалар айнан нималардан иборат экани ҳақида давоми...

3249 14:16 / 14.12.2024
67. Абу Бакрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ таоло бу дунёда уқубатини тезлатиб, охиратга ҳам олиб қўйишига лойиқ гуноҳ давоми...

2759 17:00 / 28.03.2019
биринчи мақола....Қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга етганида .Роббим, Ўзинг менга ва отаонамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал давоми...

3121 16:00 / 29.01.2021
. Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади .Мужоҳид менга .Бола ўзидан отасининг қўлини қайтармайди. Ота уни нима қилса, тек қўяди,, деди,. Шарҳ Агар ота давоми...

1599 10:37 / 03.11.2024
Аудиолар

214892 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

134094 14:35 / 11.08.2021