1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Усмоннинг саховатлари

16:23 / 06 ноябрь 1280 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан берилган нодир сифатлардан бири чегарасиз саховат ва Аллоҳ таолонинг розилиги учун молиявий харажат қилишдан бир лаҳза ҳам бўшашмаслик сифати эди. Асл тижоратчи бўлган бу зотнинг мол-мулкига Аллоҳ таолонинг Ўзи барака бериб қўйган эди. Энг муҳими, Аллоҳ таоло сахийликни ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ажралмас сифатларига айлантирган эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Исломга кирганларидан бошлаб, умрларининг охиригача ҳар Жумъа куни Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир дона қулни озод қилар ва буни ўзларига вазифа қилиб олган эдилар. Агар озод қилгани қул топа олмасалар, кейин топиб, бўлса ҳам озод этар эдилар.

Мадинаи Мунавварада сув тақчиллиги вужудга келиб, кишилар ичгани сув топа олмай қолдилар. Бу ҳолатдан бир яҳудий фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Унинг Рума номли бир қудуғи бор эди. Ўша қудуқнинг сувини қиммат нархда сота бошлади. Бойроқлар унинг сувидан сотиб олиб, ичдилар, лекин кўпчилик сувсизлик машаққатини чека бошлади. Ана шу чоғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор чора кўриш пайига тушдилар. Қолганини эса ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан эшитамиз.

«Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Рума қудуғини ковласа, унга жаннат бўлур, деганларида уни мен ковладим».

Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Бошқа ривоятларда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ма­динага келганларида у ерда Рума қудуғидан бошқа ширин сувли қудуқ йўқ эди. У зот: «Ким қудуқни сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур», дедилар. Шунда мен уни ўзимнинг асл молимдан йигирма беш ёки ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдим» дейилган.

Аввал айтиб ўтилганидек, Рума бир яҳудий кишининг булоғи эди. Усмон розияллоҳу анҳу уни қудуқ қилиб ковлатдилар, қурилиш қилдилар ва мусулмонлар учун атаб, ўз челакларида улар билан бир қаторда сув олиб, ичиб юрдилар.

Шундай қилиб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло у кишига берган сахийлик хислатини ишга солиб, бутун бошли бир жамиятнинг муаммоларидан бирини ҳал этдилар. Албатта, бу ажойиб иш учун Аллоҳ таолонинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан жаннат ваъдасини ҳам олдилар.

Одамларнинг Исломга кўплаб кириши, намозхонларнинг кўпайиши оқибатида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳижратларидан ке­йин қурган масжид тезда торлик қилиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бирортасининг масжидга қўшни ерни сотиб олиб, унга қўшишини орзу қилиб қолдилар. Бу савобли ишни адо этишга ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч ким топилмади. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рағбатлари ҳақидаги хабарни эшитишлари билан ўша ерга етиб бордилар. Ер эгалари билан савдолашган эдилар, улар ниҳоятда юқори нарх қўйдилар. Шундай бўлса ҳам, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўша ерни сотиб олиб, масжидга қўшдилар. Ҳамма тарихчилар мазкур ерни йигирма беш минг дир­ҳамга сотиб олганларини тасдиқлайдилар.

Олтинчи ҳижрий санада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир минг тўрт юз саҳобалари билан умра ниятида Маккаи Мукаррама томон йўл олдилар. Улар Асафонга етиб боришганида қурайшликлар урушга тайёргарлик кўраётганликлари ҳақида хабар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлни буриб, Ҳудайбия номли ерга тушдилар.

Қурайш ўз элчи ва вакилларини юбориб, мусулмонлар қайтиб кетмасалар, уруш бўлишини маълум қилар ва мусулмонларга нисбатан ашаддий душманлик руҳида келиб, музокаралардан сўнг буларга хайрихоҳ сифатида қайтар эдилар.

Шундай бир вазиятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз элчиларини Қурайш томон юборишни ирода қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хирош ибн Умайя ал-Хузоъий розияллоҳу анҳуни чақирдилар ва унга Қурайшнинг олдига бориб, уруш учун эмас, Байтуллоҳни зиёрат қилгани келганликларини маълум қилишни топширдилар.

Хирош ибн Умайя ал-Хузоъий розияллоҳу анҳу қарши тараф олдига етиб борар-бормас, унинг бирор оғиз сўзини эшитмай туриб, миниб борган туясини сўйиб ташладилар. Ўзини ҳам ўлдириш ҳаракатига тушиб турган эдилар, уни Аҳбошлар қутқариб қолдилар. Хирош ибн Умайя ал-Хузоъий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб, бўлган ҳодисани сўзлаб берди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни чақириб, ҳалиги хабарни Қурайш бошлиқларига етказишни топширмоқчи бўлдилар. Шунда у киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен Қурайшдан қўрқаман. Маккада мени ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ, Қурайшга бўлган адоватим, қаттиққўллигим ҳаммага аён. Лекин мендан кўра, Усмон ибн Аффон борса, яхши бўларди», дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Усмонни чақириб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига эмас, уруш учун, балки Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун келганликларини етказишни топширдилар.

Маккага кираверишда ҳазрати Усмонни Абон ибн Саъид кутиб олди ва у кишига ҳомий эканини эълон қилди. Ҳазрати Усмон бориб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гапларини етказдилар.

Шундан сўнг улар:

«Агар Байтуллоҳни тавоф қилмоқчи бўлсанг, қилиб ол», дейишди. Аммо у киши:

«Расулуллоҳ тавоф қилмай туриб, мен тавоф қилмайман», дедилар.

Оқибатда қурайшликлар у кишини тутиб қо­лишди. Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларга «Усмон ўлдирилибди» деган гап етиб борди.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссаломга: «Охири бу қавм билан тўқнашар эканмиз-да», дедилар ва саҳобаларни байъатга чақирдилар. Дарахт остида туриб, ҳамма қўлини Расули акрамнинг қўлларига қўйиб, ўлимга ҳам тайёр эканликлари ҳақида байъат қилдилар. Бу байъат «Ризвон», яъни «Розилик байъати» номи ила машҳур бўлди. Чунки Аллоҳ таоло ўша дарахт остида Пайғамбарга ким байъат қилган бўлса, ҳаммасидан рози эканини эълон қилди.

Дунё тарихида машҳур бўлган ана ўша байъат давомида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қўлларини иккинчи қўллари устига қўйиб туриб, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу номларидан байъат қилдилар ва: «Бу Усмоннинг байъатидир», дедилар. Буни кўрган ва эшитган ҳар бир саҳобанинг ҳаваси келди ва ўзини Усмоннинг ўрнида кўришни орзу қилди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу мазкур хатарли сафардан эсон-омон қайтдилар. У кишидан кейин Қурайш янги элчи, яъни Суҳайл ибн Амрни юборди ва иш сулҳ ила тамом бўлди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Форс подшоҳи Яздажирни Исломга чақириш учун ашрофлардан тарғиботчилар юбордилар. Уларнинг ичида Нўъмон ибн Муқаррин, Қайс ибн давоми...

2362 18:46 / 26.05.2024
Инсоният тарихида қайси қул хожасини Зайд розияллоҳу анҳуРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севгандек севган Инсоният тарихида қайси хожа қулини Муҳаммад давоми...

1929 16:02 / 13 февраль
Жаъфар Соиғ айтади.Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қўшнилари ичида маъсиятга ботган бир киши бор эди. Бир куни у Аҳмад ибн Ҳанбалнинг илм мажлисига келиб салом берди. Имом давоми...

2218 09:00 / 31.01.2023
Саҳобалар учун энг муҳим мақсад Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, Унинг ризосига эришиш эдиУмар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни давоми...

3666 15:07 / 10.12.2021
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021