1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Уни денгиз сувига аралаштирганингда...

15:38 / 24 октябрь 1277 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иймон инсон табиатини йўққа чиқармайди, аксинча, уни тарбиялайди.

Иймон инсоннинг ғаризаларини йўқотмайди, аксинча, уларни тартибга солади. Ўғли ғарқ бўлаётганида Нуҳ алайҳиссаломдаги оталик туйғусини иймон олиб ташламаган эди. Ғарқ бўлаётган ўғлини қутқаришини сўраганида Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни бу ишдан қайтарган ва шундан сўнг у зот жим бўлган эди!

Жоҳилият даврида қаттиққўл ва шиддатли бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломда ҳам ўшандайлигича қолди. Аммо ботилдаги шиддат билан ҳақ узра турган шиддат бошқа-бошқа бўлар экан. Иймоннинг буюклиги мана шундадир!

Инсоннинг иймони қанчалар юксалмасин инсонлик чегарасидан чиқиб кета олмайди. Бунинг иймонга алоқаси йўқ. Бу башариятнинг нафсига алоқадор. Аллоҳ бизни шунақа қилиб яратган!

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирганларида у кишига шундай деб қолдилар: - Сафиянинг айблари кўп, бўйи пакана!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Эй Оиша! Шунақанги гапларни гапирдингки, агар буни денгизга аралаштирганингда аралашиб кетар эди!

Яъни, сенинг бу гапларинг денгиз ранги ва ҳидини бузиб юборар эди, демоқчилар. Тўғри, Сафия онамиз пакана эдилар. Оиша онамиз у кишига бўҳтон қилмаяптилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни оғир гап деб ҳисобладилар. «Биродаримиз ҳақида у ёқтирмайдиган нарсани гапириш» ғийбат эканини яхши биламиз.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Агар мен айтаётган айблар биродаримда бўлса-чи?

Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васаллам дедилар:

- Агар сен айтаётган нарсалар биродарингда бўлса, бу ишинг ғийбат. Агар унда бўлмаса, бўҳтон!

Инсонлар бировни ғийбат қилаётганида буни енгил ҳисоблаб, ғийбатларини ҳақиқат пардаси билан хаспўшлашади.

Ҳақиқат бизга инсонлар гўштини ейишга рухсат берадигандек гўё!

Шунақа зиёфатлар борки, у ерда фақат инсонлар гўшти ейилади. Кўнгилни хушлаш учун чайнашади! Улардан фалончининг дини, пистончининг дунёси, бошқа бировнинг обрўси, ҳаёти ҳеч нарсаси қолмайди. Улар гўё одамларни кузатишни вазифа қилиб олишган. Одатда, бунақаларни танқид қилмоқчи бўлсангиз, қаердан бошлашни ҳам билмайсиз!

Бўҳтонни эса сўраб ўтирманг!

Қизникига келган совчиларга қўшнилар томонидан қилинган бўҳтонлар сабаб қанча-қанча оилалар тузилмасдан қолган. Қиз бечоранинг эса, ўша одамларга қўшни бўлганидан бошқа ҳеч қандай айби йўқ!

Севимли машғулоти фақатгина одамларнинг ҳаёти ҳақида «фильм» яратиш бўлган баъзи кишиларнинг касофатидан қанча-қанча ризқлар кесилиб қолган!

Кўкси тор, қалби танг инсоннинг «фалончи фақир эмас» деган хабари сабабли садақа қилувчи бойлар қанча-қанча фақирларни садақадан маҳрум қилишган. Аслида, ўша қалби тор инсон ўша фақирнинг фарзандларига нон кўтариб кетаётганини, қассобнинг олдида ёки кўкатлар сотадиган сотувчининг олдида бир мартагина кўриб қолган, холос!

Бунақанги бўҳтончилар кишини тириклайин кўмишни исташади!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кишиларнинг қўлидан тутиб Аллоҳ томон бошла Ёдингда тут, Аллоҳ пайғамбарларни фаришталарга эмас, гуноҳкор ва осий инсонларга юборган. Агар инсонлар тоат аҳли давоми...

2839 15:00 / 20.01.2021
Ҳозирда 14 ёшдан 20 ёшгача бўлган ёшларни .ўсмирлар, дейилади. .Ўсмирлик, бу ғарбга оид термин бўлиб ёшларнинг бебошлигини ҳаспўшлаш мақсадида ўйлаб топилган. давоми...

5945 15:00 / 31.10.2021
Тўққизинчи амалАллоҳ таолони чиндан яхши кўрадиганлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг пурмаъно, ҳикматли гапларидан истифода олиш. Уларнинг олдиларида гапириш давоми...

2915 18:00 / 03.02.2021
. ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай давоми...

3758 15:35 / 05.08.2024