
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا كَانَ يَأْكُلُ أَكْلًا كَثِيرًا، فَأَسْلَمَ فَكَانَ يَأْكُلُ قَلِيلًا، فَذُكِرَ ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُؤْمِنَ يَأْكُلُ فِي مِعًى وَاحِدٍ، وَالْكَافِرَ يَأْكُلُ فِي سَبْعَةِ أَمْعَاءٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши жуда кўп таом ер эди. У мусулмон бўлди ва оз таом ейдиган бўлиб қолди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди. Шунда у зот:
«Албатта, мўмин бир ошқозон билан ейди. Кофир эса етти ошқозон билан ейди», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Албатта, бунда икки томоннинг ҳаётдан кўзлаган мақсади катта ўрин тутади. Агар шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, мўмин яшаш учун ейди, кофир эса ейиш учун яшайди. Шунинг учун ҳам мўмин бир ошқозонга етарли ейди. Кофир эса етти ошқозонга етарли ейди.
Албатта, мўмин-мусулмонлар ўз динларига амал қилиб, шунингдек, бир ошқозонга етарли таом еб, қоринга қул бўлмай иш юритганларида дунёнинг пешқадами бўлдилар. Мўминлар аста-секин Аллоҳ таолонинг динидан узоқлашиб, етти ошқозонга етарли таом ейдиган бўлганларида иш тескарисига айланди.
Албатта, таом етарли бўлган ҳолат ҳақида гап кетмоқда. Агар мўмин-мусулмонлар қоринларига банда бўлишни йиғиштирсалар, ейиш учун яшамай, яшаш учун ейиш шиорини қайта кўтарсалар ва ислом таълимотларига тўлиқ амал қилишга ўтсалар, яна илгариги пешқадамликларига қайтишлари мумкин.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903- рақамли хулосаси асосида тайёрланди.