
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умар ибн Абу Саламадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен ёшлик пайтимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларида бўлганимда қўлимни лаганнинг ҳар томонига узатиб (овқатланаётганимда), у зот: «Болам, Аллоҳ исмини зикр қилиб, ўнг қўлинг билан еб, ўзингнинг тарафингдан тановул қилгин», деб айтдилар».
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа бир саҳиҳ ривоятда:
«Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан овқатланиб, лаганнинг ҳар томонидан еяётганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Ўзингни олдингдан егин», деб айтдилар», дейилади.
Жабала ибн Суҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Зубайр билан бирга (яшаганимизда) бизга очлик етди. Сўнгра ризқландик. (Егулик) тановул қилаётганимизда, олдимиздан Абдуллоҳ ибн Умар ўтиб: «Бир луқмада икки хурмо еманглар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай қилишдан қайтарганлар. Фақат биродаринг изн берса, жоиз, деганлар», деб айтдилар».
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида чап қўли билан таом тановул қилди. У зот: «Ўнг қўлингда егин», дедилар.
Ҳалиги киши: «Бунга қодир эмасман», деди.
Расулуллоҳ: «Қодир ҳам бўлмагин, бундан фақат мутакаббирлиги ман қилди, холос», дедилар.
Шунда ҳалиги киши (ўнг) қўлини оғзига кўтара олмади.
Имом Муслим ривоятлари.
Бу саҳобанинг исми Буср ибн Роъийдир.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Таржимон Анвар Аҳмад
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2290-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.