
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳрода Зоҳир исмли бир бадавий яшар эди. Саҳродан Мадинага у-бу нарса олиб келиб сотар, сўнгра оиласига зарур бўлган нарсаларни олиб, уйига қайтар эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни яхши кўрардилар, эркалаб, илтифот қилиб турардилар. Зоҳир қачон Мадинага келса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга совға олиб келарди. Саҳрога қайтаётганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни кузатиб, ҳадя бериб юборар эдилар. У ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зоҳир бизнинг саҳромиз, биз эса унинг шаҳаримиз», дер эдилар. Яъни, у саҳродан бизга керакли нарсаларни келтиради, биз ҳам унга шаҳардан керакли нарсаларини бериб юборамиз, демоқдалар.
Зоҳирнинг кўриниши хунук одам эди. Аммо унинг кўксида асал каби ширин қалби бор эди.
Бир куни матоларини сотаётганида ортидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сездирмасдан келиб, уни қучоқлаб олдилар. Шунда Зоҳир:
– Ким бу, қўйиб юбор!, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини танитиш учун ҳазиллашиб:
– Қул сотиб оладиган кишиман, дедилар. Зоҳир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни овозларидан таниб, ўзининг бадбашаралигига ишора ўлароқ деди:
– Мен ўтмас молман-да, эй Аллоҳнинг Расули! Мени ким ҳам оларди?!
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Сен Аллоҳнинг ҳузурида қадрлисан!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам энг дардли инсон эдилар. У зотнинг гарданларига бутун инсониятни Аллоҳнинг динига бошлаш вазифаси, уларни икки дунёда бахтли қилиш масъулияти, инсонлар аҳволини ўнглаш, закот ва садақаларни тарқатиш, сиёсат, урушларга барҳам бериш, сулҳ ва шартномалар тузиш каби ишларни юритиш иши юклатилган эди. Аммо бу қадар катта вазифалар у зотнинг лутфларига, инсонийликларига халақит қилмасди. У зотда ҳамма нарсага вақт бор эди. У зот ҳар бир аёлнинг орзусидаги эр, энг меҳрибон ота, энг суюкли бобо, латиф қўшни ва вафодор дўст эдилар.
У зотда саҳродан келганлар билан танишишга ҳам вақт бор эди. У зотда бундан-да, майда тафсилотларга ҳам вақт топиларди. Уларнинг совғасини қабул қилар, қайтишаётганда эса, совға беришни унутмас эдилар. Бундан ташқари, улар билан ҳазиллашиб, илтифот қилиб турардилар.
Биз яқинларимиз билан ҳазиллашиб, ортдан келиб кўзини ушлаганимиз каби, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шунақа қилиб турар эдилар. Аммо бизга нима бўлганки, бошимизга катта масъулият тушса ёки жиддийроқ мансабга ўтирсак, худди ер юзини елкамизда кўтариб тургандек, дарров қиёфамизга жиддий тус берамиз, уйда жаллодга айланамиз, қўшниларимиз билан қўрс муомалада бўламиз, яқинларимиз билан ҳам муомаламиз дағаллашади.
Аслида, иш бундан каттароқдир.
Амалдор ёки бой бўлишдан олдин инсон бўлайлик. Борлиқда бундан гўзалроқ «бўлиш» йўқ!
Инсонлар олдида ким эканингиз муҳим эмас, Аллоҳ олдида кимлигингиз муҳимдир. Саҳролик Зоҳирни бошқалар ҳатто эсламасди. Ҳатто унинг ўзи ҳам, мабодо қул бўлсаю соҳиби уни сотмоқчи бўлса, уни биров сотиб олишига ишонмас эди. Аммо инсонларнинг Саййиди соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қадри Аллоҳнинг наздида баландлигини айтдилар.
Сизни инсонлар катта ва улуғ инсон деб билишса-ю, аммо Аллоҳнинг олдида «юк»ингиз бўлмаса, бу катта йўқотишдир. Унақа банда энг арзон қул саналади!
Инсонлар сизни танимаса, ҳеч зарари йўқ. Муҳими, сиз дуо қилганингизда, фаришталар: «Эй Раббимиз! Таниқли бандангдан таниш овоз келмоқда», дейишса бўлди.
Оддий ҳолда вафот этсангиз-у, унут бўлсангиз, сизни ҳеч ким эсламаса, аммо жойнамозингиз эсласа, масжидингиз соғиниб йиғласа, шу сизга етади!
Сиз кулиб қараган бир фақирнинг йўқлаши, ёрдам бериб юрганингиз бир йўқсилнинг йўқлаши сизга етади!
Динингизни сотмаганингиз, улар ризоси учун маъсиятга юрмаганингиз ва улар истаги учун асосларингизни ўзгартирмаганингиз учун сиздан норози бўлсалар, булар сизга зарар бермайди.
Аллоҳнинг ризоси учун қилган амалингиз сизга етади. Ана шунда Аллоҳ Жаброил алайҳиссаломга: «Эй Жаброил! Мен фалончини яхши кўраман. Сен ҳам уни яхши кўр!» деб нидо қилади.
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.