1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Каъбани бино этилиши тарихи

11:23 / 03.06.2025 2032 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижратдан 18 йил олдин Қурайш Каъбани қуришга киришди. Улар бино қурилиши учун фақат ҳалол пул киритишга келишиб олишди. Унинг қурилишига мажбурлаб олинган маҳр, судхўрлик ортидан топилган бойлик, одамлардан зулм билан тортиб олинган маблағларни сарфламадилар. Шунинг учун қурилишнинг ярмига борганда маблағ етмай қолди. Улар Ҳижр томондан уч метрга яқин (жой) чиқаришди. Яна уларнинг энг яхши қилган ишлари шу бўлдики, Каъбага киришни хоҳловчилар учун матоф (Каъбадаги махсус жой) баробарида эшик ўрнатиб, ўша эшикнинг муқобилидаги орқа эшикни тўсиб қўйишди. Кейин Каъбанинг устини ёпишди. Чунки бир қанча ўғрилар Каъбанинг ичида сақланаётган моддий бойликларни ўғирлаб кетишган эди. Хатимга қуйилиши учун Каъбага тарнов ўрнатишди. Каъба биносини 8 метр 64 см қилиб кўтаришди. Аввал 4 метр 32 см эди. Бу бинонинг энг катта ўзига хос хусусияти унинг қурилишида, тошларни кўчиришда ва Ҳажарул асвадни ўрнатишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иштирок этишларидир.

Қурилиш чоғида Қурайшликлар Ҳажарул асвадни ўз ўрнига қўювчи шарафли киши ким бўлиши ҳақида ихтилоф қилишди. Келишмовчилик давом этиб, урушга айланишига оз қолди. Ўша пайтдаги Қурайшнинг оқсоқоли Абу Умайя Махзумий: «Бану Шайба эшигидан ким биринчи бўлиб кирса, ўша киши ҳакамлик қилади», деб айтган эди, у ердагилар бу фикрга қўшилишди. Ўша эшикдан биринчи кирган киши Расулуллоҳ алайҳиссалом бўлишларини Аллоҳ хоҳлади. Улар Муҳаммад алайҳиссалом кириб келганларида қичқириб: «Бу ишончли кишидир. Биз бундан розимиз!..» дейишди. Бу ҳақда хабар берилганида у зот бир ридо келтиришни талаб қилдилар ва Ҳажарул асвадни унинг ўртасига қўйиб, қабила бошлиқларига ридонинг ҳар бир учидан ушлашни буюрдилар. Улар уни ўрнига олиб боришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан қора тошни ўз жойига қўйдилар. Қавм бундан рози бўлди.

Энди икки шарафли Саудия Арабистони подшоҳи, икки масжид ходими пайтидаги Каъбанинг бино этилиши ҳақида маълумот берамиз.

Каъбаи Муаззама ҳижрий 1040, милодий 1630 йили Султон Мурод Усмоний замонида буткул қайта қурилганидан кейин, яъни 375 йил ўтиши муносабати билан буюк Каъбанинг биносини таъмирлашга киришилди. Ҳижрий 1417, милодий 1996 йили пойдевори мустаҳкамланиб, «Шозурон», яъни устки пойдевор ва каъбапўшни тортиб турувчи ҳалқалари ислоҳ қилиниб, ташқи деворлар сайқалланиб, тошлар орасидаги бўшлиқ ёпилиб, шифти икки янги шифтга ўзгартирилди.

Қуйида қўшимча маълумотлар ҳақида келтирамиз:

Каъбанинг баландлиги 14 метр.

Мултазам томондан унинг узунлиги 12 метр 84 см.

Хатим томондан узунлиги 11 метр 28 см.

Рукни яманий билан Хатим оралиғи 12 метр 11 см.

Икки рукн оралиғи 11 метр 52 см.

«Макка, Каъба, Замзам тарихи,

ҳаж ва умра маносиклари» китобидан.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 7 сентябрдаги 03-07/ 6905-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳoжилaр Aқaбa тошини отганларидан сўнг агар қирон ёки таматтуъ ҳажи қилувчи бўлсалар, шукр қурбoнлигини ҳам сўйганларидан кейин ёки умра қилувчилар умрa aркoнларини давоми...

7352 05:00 / 16.01.2017
Мино қурбонлик қони шу жойда тўкилгани учун шундай номланган. Баъзилар .Одамлар у ерда тўплангани учун Мино деб номланган,, дейишган. Араблар одамлар тўпланган давоми...

1818 14:13 / 13.06.2025
У Ҳижру Исмоил деб ҳам номланади. У ярим доира шаклидаги очиқ бинодир. Хатим деб номланишига сабаб, у Каъбадан синдириб олингандир. Қурайш Каъба биносини давоми...

1942 16:26 / 17.06.2025
. , r . , . ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб .Эй давоми...

2909 09:00 / 30.05.2024