1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Сиз буни қаердан биласиз?!

15:36 / 03 июнь 2037 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобалар буюк бир дарс арафасида туришганини билишмасди. Набий алайҳиссалом улар билан бирга ўтирган эдилар. Ҳаммаси оддий, дунё ишларида бирор–бир янгилик йўқ эди. Дин ишларида ҳали ваҳий ҳам тўкис тушиб бўлмаган. Шу пайт уларнинг олдидан бир киши салом бериб ўтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:

– Бу киши ҳақида нима дейсизлар?

Саҳобалар дейишди:

– Қавмининг улуғи ва бойи. Аллоҳга қасамки, у бировга совчи бўлса, қиз берса бўлади. Бировга шафоатчилик қилиб ўртага тушса, шафоатчилиги қабул қилинади!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут сақладилар, ҳеч нарса демадилар. Озгина вақт ўтиб фақир бир киши салом бериб ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан сўрадилар:

– Бу киши ҳақида нима дейсизлар?

Саҳобалар дейишди:

– Бу киши камбағал, оддий бир мусулмон. Аллоҳга қасамки, у бировга совчи бўлиб борса, унга қиз беришмайди. Биров учун ўртага тушса, ўртакашлиги қабул қилинмайди!

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

– Аллоҳга қасамки, мана шу фақир киши ер юзи тўла нариги кишига ўхшаганлардан яхшироқдир!

Инсонлар ҳамма даврда ҳам инсонлигича қолаверади. Уларни ташқи кўриниш алдайди. Уларнинг қалбини кўраётган ва эшитаётган нарсалари сеҳрлайди. Чунки инсонлар дунёга дунё кўзи билан боқишади. Агар дунёга охират назари ила боқишганда эди, бошқача ҳукм қилган бўлишар эди!

Ташқи кўринишимизнинг гўзал бўлиши яхши нарса. Аммо сиз кўраётган мана шу чиройли кийим остида чиркин қалб яширинган бўлса-чи? Сиз буни қаердан биласиз?! Балки бу бежирим кўйлак остида бузуқ нафс бордир?!

Бойлик яхши нарса. Аммо сиз қаердан биласиз, балки бу бойлик ортида ўзгаларнинг моли, хиёнат, зулм, рибо орқали топилган ҳаром мол бордир?!

Ширин тил инсонни мафтун қилади. Аммо мана шу ширин тилнинг ортида йиртқич бўри ёки чақишни кутиб турган заҳарли илон турган бўлса, сиз қаердан биласиз?!

Тўғри, биз зоҳирга қарашга амр қилинганмиз. Инсонларнинг ботинини Аллоҳга ҳавола қиламиз. Аммо бу дегани банда содда бўлиши керак, кўрган нарсасига ишонавериши лозим, дегани эмас.

Ҳақиқий қаҳрамонлик одамларни қўрқитишда эмас, бомдод намозига етиш учун устингиздаги кўрпани кўтаришдадир!

Ҳақиқий чирой расмий костюм-шим ёки зеб-зийнатли кийимларда эмас, балки қалбда, покиза нафсда ва инсонларга яхшиликни соғинишдадир!

Инсонларга Аллоҳга яқинлиги ёки Ундан узоқлигига қараб ҳукм қилинг. Инсонларга атрофдагиларига яхшилик ёки ёмонлик қилишига қараб хулоса беринг!

Ҳақиқий қаҳрамон шариат олдида тўхтайдиган кишидир. Гарчи ҳар куни битта жангда ғалаба қозонса-да, Аллоҳнинг чегараларини бузиб ўтадиган кишилар қўрқоқ кишилардир!

Бир йигит бир қизга совчи юборди. Қизнинг отаси йигит билан гаплашиши лозимлигини айтди. Учрашишганда ундан иш жойи, маскани ва маоши қанчалигини сўрамади. У йигитдан битта савол сўради:

– Бомдодга соат нечида азон айтиляпти?

Йигит жавоб бера олмади.

Қизнинг отаси айтди:

– Бизнинг турмушга берадиган қизимиз йўқ!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлиниб кетган. Ушбу маълумотимизда сизга бу қисмлардан баъзиларини зикр қилиб давоми...

1091 14:24 / 18 июль
ndash Зайтун ёғи таркибида тўйинмаган ёғ кислоталари ndash олеин кислотаси бор. У инсон организмидаги холестеринни парчалайди, қон томирлари деворини давоми...

15467 11:00 / 19.08.2022
Ким яхшилик қилувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у .ишончли арқон,ни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур.Ким Аллоҳга юз тутса, яъни давоми...

4464 18:45 / 27.02.2018
Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури ndash ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли давоми...

3988 09:00 / 19.08.2023
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021