1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳабибуллоҳ домла

11:07 / 13 май 1341 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(1933-2012)

Мулла Ҳабибуллоҳ домла 1933 йили баҳор ойида Наманган шаҳри Дегрезлик даҳаси Сумалак гузари мавзеси (ҳозирги Шалдирама маҳалласи)да ўқимишли хонадонларнинг бирида дунёга келди. Падари бузруквори — мулла Исмоил (ваф.1947) зиёли, маърифатли киши бўлган. Волидаи муҳтарамаси — Умриниса (ваф. 1940) ая Зиё ота қизларидир.

Диёнатли ота-онанинг кенжа ва севимли фарзанди Ҳабибуллоҳ бошланғич билимни ўз оиласида олади. Сўнгра маҳалласидаги  Муҳаммад Солиҳ (1904-1989) исмли қори кишидан «Устози аввал», «Муаллим ус-соний» ва «Ҳафту як» китобларидан таълим олиб, ўқиш-ёзишни ўрганади. У илмда бардавом бўлиб, Абдурауф (1912-2001) қори, мулла Лутфуллоҳ (1888-1972), махдум Боқихон тўра (1903-1991) ва Убайдуллоҳ махдумлардан араб-форс тилларининг грамматикаси, шунингдек, Қуръони  Карим, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва ақоид каби илмлардан таҳсил олиб, дурустгина мулла бўлиб етишади.

1944 йили Ҳабибуллоҳ домла ўрта мактабнинг бошланғич синфига ўқишга чиқади. Мактабни ҳам аъло баҳоларга тамомлайди. Кейинчалик ота касби билан шуғулланиб, қарийб 30 йил Эшобод қишлоғидаги кундалик эҳтиёж моллари дўконида сотувчи бўлиб меҳнат қилади. Шу орада оила қуриб фарзандли бўлади. Ҳафтанинг ҳар шанба кунлари эса Учқўрғон бозорида атторлик буюмларини сотиб, рўзғор тебратади. 1964 йили эса шаҳарнинг «Баззоз» маҳалласи собиқ 4-пионер кўчасидан ҳовли-жой қилиб кўчиб ўтади

Маълумотларга кўра, мулла Ҳабибуллоҳ домла диний жабҳадаги фаолиятларини 1989 йилдан «Юнусхон» ота номли маҳаллий масжидда бошлаганлар. 1992 йилдан то вафотларигача «Мулла Исмоил» (панжара масжид) номли жомеъ масжидда бош имом-хатиб,  кейинчалик имом ноиби вазифасида меҳнат қилганлар.

Ҳозирда мазкур жомеъ масжиднинг бош имоми бўлиб хизмат қилаётган Муҳаммадхон ака домлани шундай хотирлайди: «Раҳматли мулла Ҳабибуллоҳ домла янги имом бўлиб борганимда, менга насиҳатгўй, маслаҳатгўй ва сирдош устоз бўлдилар. Масжидда иш юритиш қонун-қоидалари, имомнинг бурч-вазифалари, илмга бўлган омонатдорликни ўргатдилар. У зотнинг хислатлари ҳақ сўзни андишасиз гапирар, ҳеч кимдан гина-адоват қилмаганлар. Доимо инсонларни дину-диёнатга чорлаб, ёлғон гапирмасликка уқтирар, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка, меҳнатсеварликка, илм олишга, иймон ва эътиқодли бўлишга чорлаганлар. Инсонларни ҳалол луқма топишга, бировга азият етказмасликка, ёшу катта инсонларга тик қарамасликка, уларнинг гапларини қайтармасликка ундардилар. Қолаверса, икки ҳайит байрамларида турли пишириқлар, ширинликлар ва нон олиб маҳалладаги беморлар, етим-есирлар ҳузурига, боқувчисини йўқотган ва муҳтож хонадонларга бориб, уларни хурсанд қилганлар.[1]

Маҳалладошларининг таъкидлашича, Мулла Ҳабибуллоҳ домла маҳалла улуғларидан бўлмиш Юнусбой (1900-2002) ҳожи даданинг  хизматларини қилиб дуоларини олганлар. Ҳожи дада доимо намозларини жамоат билан ўқирдилар. Кексайиб масжидга бора олмай қолганларида у зотнинг жамоатга бўлган иштиёқлари, ғайратлари сўнмаганини кўрган масжидимиз имоми  Ҳабибуллоҳ домла ёрдамчилари билан навбат билан у кишининг хонадонларида кўпчилик бўлиб намозни адо этардилар. Рамазон ойида ҳам таровиҳ намозини галма-гал ўқиб беришарди, баъзи кунлари эса илмий суҳбатлар ҳам бўлиб турарди», - дея эслашди.

Яна бир бошқа шогирдлари: «Аллоҳнинг инояти, устоз  Ҳабибуллоҳ домланинг берган билим ва кўмаклари самараси ўлароқ бугун шу даража ва мартабага эришдим. 1997 йили устоз домланинг қўлларида Қуръони Каримдан бир неча пора сураларни ёдладим  ва ўзимга ўзим шу менга кифоя қилади. Энди пул топиб, ота-онамга ёрдам беришим керак, - дея бир тикувчи устага шогирд тушдим. Уч-тўрт ой тикувчилик устахонасига қатнаб, ҳунар сирларини ўргана бошладим. Кунларнинг бирида сабоқни тўхтатганимни эшитган устозим уйимизга келиб, «Сиз тикувчи эмас, балки ҳофизи Қуръон бўлишингиз керак», - дедилар-да, қўлимдан етаклаб,  ўзлари билан хизмат қилиб турган «Мулла Исмоил» жомеъ масжидига олиб кетдилар. Мени у ерга жойлаштириб, «Қори, сизнинг барча таъминотингиз бизнинг зиммамизда. Ҳеч нарсани ўйламай фақат ўқинг», - дедилар. Бу кўрсатилган мурувват мен учун катта бахт эди. Ушбу воқеадан  сўнг кўнглимга бироз хотиржамлик кирди ва илм олишга иштиёқим ошиб, ўқишга қаттиқ бел боғладим. Ҳофизи Қуръон бўлиб, то мулла Қирғиз мадрасасини тамомлагунча у зот мени тасарруфимни қилдилар. Аллоҳ устозимни қилган эзгу амалларини қиёматда фойдаларига айласин»,  - дея эслади Собиржон қори Юнусхон ўғли.[2]

       Хуллас, мулла Ҳабибуллоҳ домла милодий 2012 йили муборак Рамазон ойининг қадр кечаси куни оламдан ўтдилар. Уларни «Мавлавий» қабристонига Авлиё домла қабрлари атрофига қўйилди. Завжалари Инобатхон (1946-2013) ая Лутфуллоҳ қизлари бўлган. Улардан  Жамилахон (1966) ва Акмалхон (1975) исмли зурриётлар қолган. Ҳозирги кунда ҳазрат домланинг набиралари аҳли илм, аҳли Қуръонлар бўлиб,  боболарининг издошлари бўлиб келишмоқда. [3] 

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

[1] Дала материаллари: Абдураҳмонов Муҳаммадхон (1974) Наманган шаҳри Қадамжой мфй, Сокин кўчасида туғилган. Ҳозирда «Мулла Исмоил» масжидида бош имом. «Ҳидоя» ўрта махсус диний таълим муассасаси ўқитувчиси.

[2] Дала материаллари: Сайдуллаев Собиржон (1976) Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғида туғилган. Ҳозирда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур  тумани «Фирдавс» масжидида ёрдамчи имом бўлиб хизмат қилади.

[3] Мазкур маълумотлар мулла Ҳабибуллоҳ домланинг авлодлари ва маҳалладошлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 17 мартдаги 03-07/1750-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик тил мутахассислари, тил ва адабиёт ўқитувчилари каминадан.Шайх ҳазратларининг китобларини ўқисак, худди ўзлари ёнимизда тургандек сезамиз ёки аудио давоми...

3085 19:29 / 21.10.2023
Шайх доктор Аҳмад Муҳаммад Фодил Судандаги Умму Дармон исломий университетида тафсир ва Қуръони Карим илмлари соҳасида докторлик диссертациясини ҳимоя давоми...

2442 14:00 / 01.06.2022
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Дўстмуҳаммад Насриддинов домланинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.Дўстмуҳаммад давоми...

7555 16:20 / 21.02.2018
Ушбу мақола Учкўприк тумани, Яккатут қишлоғида жойлашган Умарали эшон мақбарасининг тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, унда нақшбандия тариқатининг давоми...

2274 09:00 / 11.10.2021
Аудиолар

210981 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10429 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130240 14:35 / 11.08.2021