1447 йил 19 муҳаррам | 2025 йил 14 июль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Каъбаи Муаззаманинг турли номлари

19:00 / 13 май 446 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ

«Денгиз ови ва унинг таоми сиз ва йўловчилар баҳраманд бўлишингиз учун сизга ҳалол қилинди. Модомики, эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг» (Моида сураси, 96-оят).

Эҳромдаги инсон сув ҳайвонларини ов қилса ёки унинг таомидан истеъмол қилса, жоиз. Лекин:

«Модомики, эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди».

Аллоҳнинг амрига итоат қилмоғингиз зарур. Бу иш тақво билан бўлади. Бас, шундай экан, қиёмат куни:

«Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг».

Мазкур ҳукм, яъни овнинг ёки бошқа яна баъзи бир ишларнинг ҳаром қилиниши фақат ҳаж ва умра замонигагина тааллуқли эмас. Балки баъзи маконларда доимий равишда жорий этилгандир. Шунингдек, айрим ойлар ҳам ҳаром қилингандир.

ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ

«Аллоҳ Каъбани – Байтул Ҳаромни, ҳаром ойни, ҳадйини ва осилган белгиларни одамлар учун тиргак қилиб қўйди. Бу Аллоҳ, албатта, осмонлардаги нарсаларни ҳам, ердаги нарсаларни ҳам билишини ва албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зот эканини билишингиз учундир» (Моида сураси, 97-оят).

Каъбаи Муаззаманинг турли номлари бор. Жумладан, у Байтул Ҳаром ҳам дейилади. Яъни, у ерда ҳар хил ёмонликлар, қон тўкишлар, уруш қилиш, ов овлаш, майсаларни юлиш, дарахтларни синдириш-кесиш каби ишлар ҳаром қилингандир. Бу ўринда фақат Каъбаи Муаззама биноси ёки Каъба атрофидаги Масжидул Ҳаромгина кўзда тутилмайди. Балки Маккаи Мукаррама атрофидаги белгиланган муайян минтақа ҳам назарда тутилади. Ҳозирги кунда ўша чегарадан мусулмон бўлмаганлар кирмаслиги ёзиб қўйилган ва тафтиш ҳам бор. Ўша минтақа ҳарам дейилади ва у ерда айрим ишлар ҳаром ҳисобланади.

Имом Бухорий ва имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама фатҳи куни:

«Албатта, бу юрт ҳаромдир: дарахти кесилмайди, ўсимликлари юлинмайди, ови чўчитилмайди ва тушиб қолган нарсалар олинмайди. Фақат унинг тушиб қолган нарса эканини билдириш учун олса бўлади», – деганлар. Бу ҳудудда ҳаром бўлган қолган амаллар бошқа оят ва ҳадисларда баён этилган. Шунингдек, баъзи бир зарарли ҳайвонларни истисно тариқасида ўлдиришга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари изн берганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беш фосиқ ҳайвонни ҳалолда ҳам, ҳарамда ҳам ўлдиришга амр қилдилар. Улар: қарға, калхат, чаён, сичқон ва қутурган итлардир», дейилган.

Яна маълумот тариқасида айтиб ўтиш керакки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳижрат қилган шаҳар – Мадинаи Мунавварани ҳарам қилганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Ибод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иброҳим Маккани ҳарам қилди ва у ҳақида дуо қилди. Иброҳим Маккани ҳарам қилганидек, мен Мадинани ҳарам қиламан», – деганлар.

Икки ҳарамдаги ҳукмлар ҳам бир хил. Аллоҳ таоло бу маконни, хусусан, Маккаи Мукаррама ҳарамини Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар давридан буён омонлик минтақаси қилиб қўйди. Бу муқаддас маконда жамики жонзот ва наботот тинчлик-омонликдадир. Атрофдаги халқларга қирғин-барот келса ҳам, ҳарам аҳолиси, гарчи ўзлари мушрик бўлсалар-да, тинчлик-омонликда бўлиб келдилар. Уларга биров қўл кўтармади. Абраҳа Ашрамга ўхшаш бу жойга кўз олайтирганлар эса бало-офатларга учради. Аллоҳ бу жойдан кишиларга доимо яхшилик келадиган қилиб қўйди. Охири мазкур яхшиликларнинг тожи ўлароқ шу шаҳарда Ўзининг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарининг дунёга келишини, унга шу ерда охирги илоҳий Китоб нозил бўлишини, сўнгги ва мукаммал дини жорий бўлишини ирода қилди. Ояти каримадаги:

«Аллоҳ Каъбани – Байтул Ҳаромни, ҳаром ойни, ҳадйини ва осилган белгиларни одамлар учун тиргак қилиб қўйди» жумласи шунга ишора бўлса керак.

Уламоларимиз ояти кариманинг ушбу жумласини, динга ва ҳаж ибодатларига асос қилиб қўйди, деган маънода таъвил қиладилар. Ҳақиқатан ҳам Ислом дини асослари, ҳаж ибодати Маккаи Мукаррамага, ҳарамга, Каъбага чамбарчас боғлиқдир.

Ҳаром ойни асос қилиб қўйишига келсак, буни уруш ҳаром қилинган ойлар – Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларининг яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар тақа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.

Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди. Ҳарамайни шарифайни макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси эди. Инсониятнинг бугунги авлоди эса Исломдан бир минг тўрт юз йил кейин «ядро қуролисиз минтақа», «тинчлик ҳафтаси» деган гапларни айтиб, худди катта бир иш қилгандек, фахрланиб юрибди.

«Ҳадйи» – ҳожи ёки умрачи Ҳарами Шариф ҳудудига қурбонлик учун сўйишни ният қилиб олиб келадиган ҳайвондир.

Биз «белгилар» деб таржима қилган сўз араб тилида «қалоид» дейилади. Бу – қурбонликка аталган, Ҳарами Шарифга олиб кетилаётган ҳайвонларга осиб қўйиладиган белгилардир. Ўша замонларда хурмонинг пўстлоғидан ёки шунга ўхшаш нарсалардан қурбонликка олиб кетилаётган ҳайвонларнинг бўйнига белги осиб қўйилар экан. Уларни кўрган одамлар у ҳайвонларнинг қурбонликка аталганлигини билиб, уларга тегмас эканлар. Баъзан ҳайвон адашиб қолса, қанча юрса ҳам, юраверар экан. Ҳатто ўша ҳайвонларни олиб кетаётган инсонга ҳам ҳурмат кўрсатар, унга ёмонлик қилмас эканлар. Шунинг учун ҳам ояти каримада ҳадйи ва белгиларнинг ҳам асос қилинганлиги айтилмоқда.

Мазкур нарсаларнинг ҳаммаси тинчлик-омонлик ва яхшилик асосларидир. Инсоният бундай тадбирларга доимо муҳтождир. Бундай ишлар инсонни синовлардан яхши ўтишга, маълум макон ёки замонда ўзини турли ноқулай туйғулардан тийиб оладиган қилишга ўргатади. Омонлик-тинчлик ва яхшиликни ўзига одат қилиб олишга ўргатади.

«Бу Аллоҳ, албатта, осмонлардаги нарсаларни ҳам, ердаги нарсаларни ҳам билишини ва албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зот эканини билишингиз учундир».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга ndash ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик, Исро сураси, давоми...

1405 19:00 / 02.01.2024
Аллоҳ таоло Сажда сурасида шундай марҳамат қилади .Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади, сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. давоми...

3987 11:59 / 27.12.2018
Аллоҳ таоло Тавба сурасида бундай деб марҳамат қилади .Сен .Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар давоми...

2830 07:05 / 15.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қалбларингиз касб қилган нарса учун тутадир. Ва давоми...

2988 11:08 / 08.02.2020