1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аҳли китобдан ҳеч нарса сўраманг!

19:30 / 16.11.2021 2135 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوَاْ إِن تُطِيعُواْ فَرِيقًا مِّنَ الَّذِينَ أُوتُواْ الْكِتَابَ يَرُدُّوكُم بَعْدَ إِيمَانِكُمْ كَافِرِينَ

Эй иймон келтирганлар! Агар китоб берилганлардан бир гуруҳига итоат қилсангиз, иймонингиздан кейин сизни кофир ҳолга қайтарадир. (Оли Имрон сураси, 100-оят).

Аллоҳ таоло мусулмон умматини барчага йўлбошчи, икки дунё саодатига етакловчи илғор уммат қилди. Аллоҳ таоло бу умматни бандаларни бандага бандалик қилишдан ягона Аллоҳнинг Ўзига бандалик қилишга чақириш учун, ботил, бузилган динлар ва тузумларнинг зулмидан Исломнинг адолатига чақириш учун, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига чақириш учун юборди. Шундай сифатларга эга бўлган уммат қандай қилиб йўлдан адашган аҳли китобларга эргашиши мумкин?! Агар аҳли китобларга эргашсалар, улкан бахту саодатдан ажраб, иймондан чиқиб, яна кофирликка қайтадилар.

وَكَيْفَ تَكْفُرُونَ وَأَنتُمْ تُتْلَى عَلَيْكُمْ آيَاتُ اللّهِ وَفِيكُمْ رَسُولُهُ وَمَن يَعْتَصِم بِاللّهِ فَقَدْ هُدِيَ إِلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ

Қандай қилиб куфр келтирасиз?! Ҳолбуки, Аллоҳнинг оятлари сизга тиловат қилиб турилган бўлса ва Унинг Расули ичингизда бўлса! Ким Аллоҳни маҳкам тутса, шубҳасиз, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди. (Оли Имрон сураси, 101-оят).

Аллоҳ таоло мусулмон умматини катта бахт-саодатга муяссар қилди: ўша пайтларда уларга Аллоҳнинг оятлари тиловат қилиниб, икки дунё бахти-саодатига эриштирувчи йўлланмалар эшиттириб туриларди. Ораларида Аллоҳнинг Расули Муҳаммад алайҳиссалом юрар, барча керакли нарсаларни баён қилиб берар эдилар. Муҳаммад Мустафо алайҳиссолату вассалом Рафиқи Аълога кўтарилганларидан кейин ҳам Аллоҳнинг муборак оятлари ҳамон тиловат қилиб турилибди. Иншааллоҳ, қиёмат кунигача тиловат қилинажак. Яна бир бахт шуки, Набий алайҳиссаломнинг суннати мутаҳҳаралари сақланиб қолган, бу суннат у кишининг вазифаларини то қиёматгача адо этади. Шундай улкан саодат ичида туриб, куфрга кетиш жуда ҳам улкан гуноҳ, кечириб бўлмас айб ҳисобланади.

«Ким Аллоҳни маҳкам тутса, шубҳасиз, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди».

Аллоҳни маҳкам тутган кам бўлмайди. Чунки Аллоҳ доим ҳаёт, ҳозиру нозир, бенуқсон Зотдир. Аллоҳни маҳкам тутиш Аллоҳнинг динини маҳкам тутиш билан бўлади. Ана шундагина инсон тўғри йўлни танлаган бўлади. Бошқа ҳеч қандай нарса тўғри йўлни кўрсатиши мумкин эмас. Ақийда масаласида, маънавий йўл тутиш масаласида исломий масдарлардан бошқа томонга бурилиш мутлақо нотўғридир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бу масалада қаттиқ турганлар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Собитдан ривоят қиладилар:

«Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Бану қурайзалик бир яҳудий оғайним менга Тавротдан ажойиб нарсаларни ёзиб берди, сизга кўрсатайми? – деди.

Шунда Расулуллоҳнинг ранглари ўзгариб кетди. Абдуллоҳ ибн Собит Умарга:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини кўряпсанми? – деди. Умар:

– Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммадни Расул деб рози бўлдим, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом ўзларига келдилар-да:

– Аллоҳга қасамки, агар Мусо алайҳиссалом ичингизда бўлса-ю, мени қўйиб, унга эргашсангиз, залолатга кетган, адашган бўлар эдингиз. Сизлар умматлар ичида менинг насибамсиз. Мен пайғамбарлар ичида сизнинг насибангизман, – дедилар».

Ҳофиз Абу Яъло Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:

«Аҳли китобдан ҳеч нарса сўраманглар. Улар адашган одамлардир, сизларни ҳаргиз ҳидоятга сола олмайдилар. Уларга ишонсангиз, ё ботилни тасдиқ қилган бўласиз, ё ҳақни ёлғонга чиқарган бўласиз. Аллоҳга қасамки, Мусо ва Ийсо тирик бўлганларида, менга эргашишларидан бошқа нарса уларга ҳалол бўлмас эди», – деганлар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Айт .Уларга ислоҳ қилиш яхшидир,. Агар уларнинг молларини давоми...

5002 13:45 / 24.10.2019
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қиладиУшбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади.Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора давоми...

3121 08:06 / 10.11.2018
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади .Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир, давоми...

576 19:00 / 27 февраль
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қиладиАллоҳ ndash Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар давоми...

3222 15:35 / 20.04.2020