
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мавзуга киришишдан аввал шийъалар тарихига оид айрим маълумотлар билан танишиб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
«Шийъа» сўзи луғатда «тарафкаш» маъносини англатади. Ислом оламида эса ҳазрати Алийга тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага айтилади. Аслида шийъа мазҳабининг келиб чиқишига сиёсий ихтилофлар сабаб бўлган.
Учинчи халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу вафотларидан сўнг келиб чиққан қарама-қаршиликларнинг бир тарафида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу бўлдилар. У кишига тарафдор бўлганлардан баъзилари кейинчалик шийъа мазҳабини келтириб чиқардилар. Ҳазрати Алийнинг ўзлари бу гаплардан бехабар ўтганлар.
Хулоса шуки, шийъачилик аввалдан ўйлаб, режалаштириб тузилган ҳаракат ёки мазҳаб эмас, балки сиёсий тарафкашлик оқибатида мухолиф тарафга зид ўлароқ аста-секин шаклланган бир мазҳабдир.
Тарихчилардан баъзилари бу мазҳабнинг бошланиш даври саҳобалар ўртасида содир бўлган машҳур «Сиффин» урушига тўғри келади, дейдилар. Кейинчалик шийъалар кўплаб фирқаларга бўлиниб кетган. Ҳозирги кунда аҳли сунна вал жамоа мазҳабига муқобил ва яқин саналадиган, энг асосий шийъа мазҳаби «имомия» ёки «исна ашария» деб номланади, яъни улар ўн икки имомга эътиқод қиладилар, шунинг учун мазкур номни олганлар.
Уларни фиқҳий эътибордан имом Жаъфар Содиқнинг эргашувчилари бўлганлари учун «жаъфарийлар» ҳам дейилади.
Имомия мазҳабидаги шийъалар эътиқод қиладиган имомлар қуйдагилар:
1. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.
2. Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳумо.
3. Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳумо.
4. Алий Зайнул обидийн ибн Ҳусайн.
5. Муҳаммад Боқир ибн Алий Зайнул обидийн.
6. Жаъфар Содиқ ибн Муҳаммад Боқир.
7. Мусо Козим ибн Жаъфар Содиқ.
8. Али Ризо ибн Мусо Козим.
9. Муҳаммад ал-Жавод ибн Алий Ризо.
10. Алий Ҳодий ибн Муҳаммад Жавод.
11. Ҳасан Аскарий ибн Алий Ҳодий.
12. Муҳаммад Маҳдий ибн Ҳасан Аскарий.
Шийъаларнинг ўн иккинчи имоми, Муҳаммад Маҳдий тўрт ёки саккиз ёшида «Сорра ман раъо» деган жойда отасининг ҳовлисида бир ғорга ўхшаш жойга кириб кетган-у, бир куни қайтиб чиқади, деб эътиқод қилинади. Шунингдек, уларнинг ақийдаси бўйича, имомлик ягона диний раҳбарлик бўлиб, у аввалги имомнинг васияти ила кейинги имомга ўтади. Мисол учун, Пайғамбар алайҳиссалом ўзларидан кейин имомликни ҳазрати Алийга васият қилганлар, ўз навбатида ҳазрати Алий, имом Ҳасан ва Ҳусайнга ва ҳоказо.
Шийъа мазҳабидаги мусулмонларнинг эътиқоди бўйича, имом гуноҳлардан пок бўлади ва тўлиқ илм соҳиби бўлади. Уларнинг пайғамбардан фарқи ваҳий тушмаслигида, холос. Имомлар мўъжиза соҳиби ҳам бўладилар. Улар ҳар куни шом намозидан кейин имом Маҳдий кириб кетган деб эътиқод қилинадиган ғор оғзига бир уловни олиб бориб, то юлдузлар кўрингунча имомнинг исмини айтиб чақирадилар, сўнгра эртага қайтиб келамиз, деб тарқалишади. Улар имом чиқса, ер юзини адолатга тўлдиради, шийъаларнинг душманларидан ўч олади, деб эътиқод қиладилар.
Баъзи ҳаддан ошган шийъа тоифалари фаришта Жаброил алайҳиссаломни ҳам сўкадилар. Улар у зотни ваҳийни адашиб Алийга эмас, Муҳаммадга олиб тушган деб айблайдилар.
Муҳаррам ойининг биринчи ўн куни шийъалар учун мотам кунлари ҳисобланади. Улар ўша кунлари имом Ҳасан, имом Ҳусайн ва бошқаларга мотам тутадилар. Улардан баъзи бир ҳаддидан ошган тоифадагиларининг эътиқоди бўйича ўша кунлари ким ўзини кўпроқ қийнаса, шунча кўп савоб олади.
Имомия шийъаларининг асосий маркази Эрондир. Тарихчилар бунинг асл сабаби имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Эрондан уйланишлари бўлган дейдилар. Шу туфайли сиёсий жанжалларда эронликлар имом Ҳусайн тарафини оладилар ва у кишини келиб, ўзларига раҳбарлик қилишга чорлашади. Имом Ҳусайн шу чақириққа биноан келаётиб, Карбалода шаҳид бўладилар. Шунингдек, имомия шийъалари Ироқ, Кувайт, Покистон ва Ливанда сезиларли даражада тарқалганлар.
Озарбойжон аҳолисининг кўпчилиги шийъадир. Шунингдек, Шимолий Қофқознинг Озарбойжон чегарасига яқин жойларида яшайдиган аҳоли ҳам шийъалардир. Ўзбекистонда Самарқанд ва Бухорода ота-боболари қадимда Эрондан келиб қолган шийъа мазҳабига мансуб кишилар яшашади. Уларнинг маҳаллий аҳолиси асли Эрондан бўлгани учун эронийлар ҳам деб атайдилар. Ҳозирги кунда ўзларининг масжидлари бор, баъзи китобларини ҳам чоп этдилар.
Охирги пайтларда сунний ва шийъий мазҳаблари орасида яқинлашиш ишлари бўйича фаолият олиб борилмоқда. Ҳар мазҳаб ўзининг таълимотларини тутиши билан ўзгани ҳурмат қилиш ва муштарак манфаатлар йўлида ҳамкорлик қилиш ҳаракатлари йўлга қўйилмоқда. Эронда «Исломий мазҳабларни яқинлаштириш» деб аталган катта муассаса ишлаб турибди. Ҳар йили илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Ҳозирги пайтда имомия шийъалари билан аҳли сунналар орасида муносабатларни яхшилашга ҳаракатлар бўлиб турибди. Имомия мазҳабидаги шийъаларни кофир дейилмайди.
Асосий баҳсимизга қайтсак, умавийлар даврида шийъалар томонидан доимий равишда қўзғалонлар уюштириб турилган. Бундай қўзғалонларнинг боиси шийъаларда умавийларга нисбатан адоват кучли бўлиб, уларнинг нияти умавийларни бутунлай йўқотиш ва бу билан барча мусулмонларни заифлаштиришга эришиш эди.
«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.