Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аллоҳ Ўзига осий бўлганлардан интиқом олувчи Зотдир | Қуръони Карим дарслари (151-дарс)

19:00 / 05.05.2025 1994 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Сенга китобни ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи қилиб ҳақ ила нозил қилди ҳамда Таврот ва Инжилни туширди, бундан аввал одамларга ҳидоят қилиб. Ва Фурқонни ҳам нозил қилди. Албатта, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга шиддатли азоб бор. Аллоҳ Азиздир, интиқом эгасидир», деган («Оли Имрон» сураси, 3-4-оятлар).

Аллоҳ ягона бўлгани учун башариятни тўғри йўлга бошловчи, илоҳий китоблар туширувчи масдар ҳам ягонадир. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб орқали баён қилмоқда:

«Сенга китобни ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи қилиб ҳақ ила нозил қилди».

Демак, Муҳаммад алайҳиссаломга тушган Китобни ҳам Аллоҳнинг ўзи туширган, китобларнинг тушиши башарият учун янгилик эмас, Қуръон ҳам аввалги тушган илоҳий китобларнинг давоми, холос.

Ушбу ҳақиқатни бу Китобнинг ўзидан аввалги китобларни тасдиқловчи қилиб туширилганлигидан ҳам билиб олсак бўлади.

Аҳли китоблар – яҳудий ва насоролар Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбарликларини ва у зотга туширилган Қуръонни инкор қилиб, «Биз ҳақиқий Пайғамбарга эргашганлармиз, биз ҳақиқий китоб эгаларимиз, бу масалани биз яхши биламиз, Муҳаммад Пайғамбар эмас, Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб эмас», деган гапларни тарқатишган эди.

Ушбу оят мазкур даъволарнинг таги пуч эканини исботлаб келмоқда. Шу боисдан ҳам умум-илоҳий китоблар ичида яҳудий ва насороларга туширилган китоблар алоҳида зикр этилмоқда:

«…ҳамда Таврот ва Инжилни туширди, бундан аввал одамларга ҳидоят қилиб».

Ўз вақтида Таврот ва Инжил илоҳий китобларини ҳам Аллоҳнинг Ўзи одамларни ҳидоятга бошлаш учун туширган эди.

Илоҳий китобларни туширувчи Зот битта – Аллоҳ таоло, уларни туширишдан мақсад ҳам битта – одамларни ҳидоятга бошлаш.

Бу ўринларда мақсад Қуръони Каримнинг илоҳий Китоб эканини исботлаш бўлганидан унинг шаънини улуғлаб, яна бир бор зикр қилмоқда:

«...ва Фурқонни ҳам нозил қилди».

Фурқон Қуръони Каримнинг сифати бўлиб, фарқловчи, ажратувчи деган маъноларни англатади. Чунки у ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни фарқлаб, ажратиб берган Китобдир. Ана шу китобни ҳам Аллоҳнинг ўзи туширган. Яҳудий ва насороларнинг даъволари ғирт ёлғон.

Сўнгра Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга қаттиқ азоб бўлиши ҳақида қўрқинчли хабарлар келади:

«Албатта, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга шиддатли азоб бор».

Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар Муҳаммад алайҳиссаломга, Исломга, Қуръонга куфр келтирганлардан иборат. Демак, мазкур ҳақиқатларни инкор қилганларга шиддатли азоб бор.

«Аллоҳ Азиздир, интиқом эгасидир».

Албатта, мазкур кофирларга шиддатли азоб беришга Аллоҳнинг қудрати етади. Чунки У азиз – хоҳлаган ишини қила оладиган, биров ундан ғолиб кела олмайдиган Зотдир. Чунки у Ўзига осий бўлганлардан интиқом олувчи Зотдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

«Қуръон фазилатлари» китоби асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаУламоларнинг суралар аввалидаги ҳарфлар тўғрисидаги ихтилофлари асосан икки қисмга бўлинадиБиринчи қисмга мансуб кишилар ушбу ҳарфларни давоми...

5548 13:03 / 18.08.2020
. . Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қуръон қироат қиладиган мўмин худди давоми...

746 19:00 / 22.12.2025
биринчи мақолаМутахассис уламоларимиз, Қуръони Каримнинг .етти ҳарф,да нозил бўлиши Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган давоми...

7082 16:00 / 04.02.2020
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга давоми...

1032 19:00 / 29.12.2025