1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Юртимизда Рамазон ҳайити 30 март куни нишонланади

17:18 / 26 март 3004 pdf Ўқиш режими + -

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли халқимиз фаровонлигини ошириш, кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.

Буларнинг барчаси бағрикенглик, саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини мамлакатимизда тинч-тотув, файзли ва шукуҳли муҳитда ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни эл-юртимиз ўртасида инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, кам таъминланган ва эҳтиёжманд шахслар, ёрдамга муҳтож оилаларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби юксак инсоний фазилатлар айни кунларда янада яққол намоён бўлаётгани ҳам тасдиқлайди.

Улуғ айём – муқаддас Рамазон ҳайитини ана шундай хайрли ишларни изчил давом эттирган ҳолда ҳар томонлама муносиб кутиб олиш, ўтказиш ва унинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этиш мақсадида қарор қиламан:

1. Жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 30 март – якшанба кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 2025 йил 30 март куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:

(а) ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2025 йилда якшанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 31 март – душанба кунига кўчирилиши;

(б) бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Рамазон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин. 

4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев

 

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иордания ҳукуматининг мамлакатда Қуръони Каримни ҳимоя қилиш буюк иттифоқи фаолиятига шартлар қўйиш тўғрисидаги қарори кенг танқид қилинди.Ал Қудс Ал Арабий давоми...

1743 08:51 / 08.10.2021
Малайзиянинг Ёшлар кенгаши президенти БМТнинг ушбу мамлакатдаги Тараққиёт дастурининг ваколатхонасига мактуб йўллаган. Бу ҳақда IQNA хабар беради.Мактубда давоми...

2250 11:30 / 21.01.2019
Президент Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Дастлаб буюк олим Ҳаким атТермизий мақбараси зиёрат қилинди. Қуръон оятлари тиловат давоми...

1363 17:59 / 16.11.2023
Буюк Британияда фаолият олиб бораётган ОАВ бўйича ўтказилган янги тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, мамлакат оммавий ахборот воситаларида чоп давоми...

2474 11:00 / 11.07.2019
Аудиолар

211001 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130261 14:35 / 11.08.2021