1447 йил 11 шаъбон | 2026 йил 30 январь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳозиржавоб халифа

09:10 / 09.03.2025 1940 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларидаги кўплаб фазилатларни доимо ўз ўрнида ишлатар эдилар. У кишининг ҳаётлари ва фаолиятларини ўрганиш давомида бу ҳақиқат дарҳол кўзга ташланади. Айниқса, у кишининг ҳозиржавобликлари кишини қойил қолдирадиган даражада ажойиблигига эътибор бермай бўлмайди.

Қазои қадар масаласи инсон ўз касби учун жавобгар эканлигини исбот қиларкан, мусулмонларнинг фақат яхшиликка интилишларига, барча ёмонликларни тарк этишга ҳаракат қилишларига биринчи омил бўлиши керак.

Ҳеч ким қазои қадарни рўкач қилиб, ўзини масъулиятдан олиб қоча олмайди. Бир ўғри ҳазрати Умарга:

«Қазои қадар шу экан, ўғрилик қилибман. Нега энди қўлимни кесар экансан?» деганида у киши:

«Сен қазои қадар ила ўғрилик қилган бўлсанг, мен қазои қадар ила қўлингни кесаман», деган эканлар.

Ҳозиржавобликни қаранг. Бу унча-бунча одам жавоб топа олмай қоладиган ҳолат. Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғрининг гапини оғзидан чиқиши билан бўғзига ёпиштирганлар.

Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига эрига қарши чиққан бир аёлни олиб келишибди. У зот аёлни ахлат тўпланган уйга қамаб қўйишни буюрибдилар. Вақти келиб, аёлни келтирибдилар ва «Ҳолинг қалай?» деб сўрабдилар. Аёл бўлса:

«Эрга текканимдан бери фақат сиз қамаб қўйган куни роҳат қилдим», дебди.

Шунда ҳазрати Умар аёлнинг эрига қараб:

«Унинг сирғасини олиб бўлса ҳам, хулуъ қил», деган эканлар.

Имом Аҳмад Мужоҳиддан «Китобиз-Зуҳд»да қуйидаги ривоятни келтирган:

«Ҳазрати Умарга:

«Эй, мўминларнинг амири, гуноҳ ишни хоҳламайдиган ва қилмайдиган одам афзалми ёки хоҳлаб туриб, қилмайдиган одам афзалми?» деб хат ёзишибди. Ҳазрати Умар:

«Албатта, гуноҳ ишни хоҳлаб туриб, қилмайдиганлар афзал. Ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақвода имтиҳон қилган зотлардир», деб жавоб ёзган эканлар.

Ҳа, тақво улкан неъмат бўлиб, у ҳар кимга ҳам берилавермайди. Аллоҳ таоло тақвони синовдан яхши ўтган, қабул қилишга тайёрланган, шундай улуғ илоҳий неъматга ҳақли бўлган қалбларгагина беради.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-сонли тавсияси билан чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилгани келдилар. Ҳали Макка фатҳ этилмаган эди. Қурайшликлар у зотни Байтуллоҳни зиёрат қилишдан тўсди. Бир қанча давоми...

2546 15:49 / 12.11.2025
Ўша пайтда шарқий жабҳада ҳам ўзгаришлар юз берди. Басра амири Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу вафот этди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига давоми...

1682 11:01 / 20.07.2024
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу куняси исмидан машҳур бўлиб кетган шахслардан биридир. Абу Бакр ndash у кишининг кунялари бўлиб, исмлари Абдуллоҳдир. Баъзи давоми...

5012 09:18 / 07.10.2023
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдилар. Бир дарахт ёнидан ўтиб қолишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

1295 15:15 / 04.06.2025