1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Ким даъват қилинса-ю, ижобат қилмаса, ...

13:42 / 09 февраль 1534 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَلِأَبِي دَاوُدَ: مَنْ دُعِيَ فَلَمْ يُجِبْ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ، وَمَنْ دَخَلَ عَلَى غَيْرِ دَعْوَةٍ دَخَلَ سَارِقًا وَخَرَجَ مُغِيرًا.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким даъват қилинса-ю, ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлур. Ким даъват қилинмай туриб кирса, ўғри ҳолида кириб, талончи ҳолида чиқур», дейсилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда чақирилган жойдан қолмаслик ва чақирилмаган жойга бормаслик ҳақида сўз кетмоқда.

Айтилган валиймага бормаслик Аллоҳ таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осийликдир.

Айтилмаган жойга бориш эса ўғрилик ва босқинчилик кабидир. Валиймага даъват қилинмаган одам унга кираётганда худди ўғри каби, биров кўриб қолмасин, деб писиб-беркиниб киради. Қайтиб чиқаётганда эса худди ғарот қилиб, куч билан бировнинг нарсасини тортиб олган одамдек, гердайиб, кекириб чиқади. Шунинг учун айтилмаган жойга бормаслик керак.

وجَاءَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ أَبُو شُعَيْبٍ إِلَى غُلَامٍ لَهُ لَحَّامٍ فَقَالَ: اصْنَعْ لِي طَعَامًا يَكْفِي خَمْسَةً، فَإِنِّي رَأَيْتُ فِي وَجْهِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْجُوعَ، فَصَنَعَ طَعَامًا ثُمَّ أَرْسَلَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَدَعَاهُ وَجُلَسَاءَهُ الَّذِينَ مَعَهُ، فَلَمَّا قَامَ النَّبِيُّ r اتَّبَعَهُمْ رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَهُمْ حِينَ دُعُوا، فَلَمَّا انْتَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى الْبَابِ قَالَ لِصَاحِبِ الْمَنْزِلِ: إِنَّهُ اتَّبَعَنَا رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَنَا حِينَ دَعَوْتَنَا، فَإِنْ أَذِنْتَ لَهُ دَخَلَ، قَالَ: فَقَدْ أَذِنَّا لَهُ فَلْيَدْخُلْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالشَّيْخَانِ.

«Абу Шуъайб исмли бир киши ўзининг қассоб ходимининг олдига келиб:

«Менга беш кишилик таом тайёрлаб қўй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида очликни кўрдим», деди.

У таомни тайёрлади. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, у зотни ва бирга ўтирганларни даъват қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб кетаётганларида даъват қилинган пайтларида бўлмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етиб келганларида манзил соҳибига:

«Бизни даъват қилганингда биз билан бўлмаган бир киши бизга эргашиб келди. Агар унга изн берсанг, киради», дедилар.

«Батаҳқиқ, унга изн бердик, кираверсин», деди у».

Термизий ва Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Абу Шуъайб розияллоҳу анҳунинг зийракликлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳрибонликлари. Улуғ кишиларнинг атрофларидаги одамлар ана шундай бўлишлари лозим.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа кишилар мулоҳаза қиладиган даражада оч қолишга дучор бўлган кунларни ҳам бошларидан кечирганликлари.

3. Уйда таом тайёрлаб, оч қолган кишиларни таомлантириш савобли иш эканлиги.

4. Даъват қилинмаган одам валийма бор жойга бормагани маъқул эканлиги, борса ҳам, алоҳида изн сўраб, кейин кириши лозимлиги.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак одоблари. Аввало, эргашган одамга «Сен қол», демадилар. Сўнгра Абу Шуъайб розияллоҳу анҳудан чақирилмаган кишига изн беришни сўрадилар.

Ҳар бир мусулмон киши ушбу одобларни эътибор бериб ўрганиши, уларга амал қилиши зарур.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Улов минган жанозанинг ортидан юради, пиёда эса ортидан, давоми...

1362 17:22 / 11.10.2024
. . . .Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни беш ракат ўқидилир. Бас, у зотга.Намозда давоми...

3352 14:00 / 21.02.2021
. . . Нуъайм ибн Ҳаммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Аллоҳ азза ва жалла .Эй Одам боласи, давоми...

3414 14:00 / 02.08.2022
. .Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч киши бўлсак, биримизнинг олдинга ўтишини амр давоми...

4888 19:00 / 05.12.2021
Аудиолар

211041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130301 14:35 / 11.08.2021