1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

“Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига

10:50 / 09 февраль 776 pdf Ўқиш режими + -

Ҳурматли симпозиум қатнашчилари!

Муҳтарам меҳмонлар!

Аввало, сиз, азизларни “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” IV халқаро симпозиумининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Қадимий Ўзбекистон заминида, гўзал Зарафшон воҳасида Шарқ Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси, буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номи билан аталадиган навқирон шаҳарда илк бор  ўтказилаётган ушбу форумнинг нуфузи дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда. Бу галги анжуманда Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъалари мамлакатларидан кўплаб таниқли олим ва тадқиқотчилар иштирок этаётгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.  

Мазкур анжуман Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили” деб эълон қилинган жорий йилда, улуғ аждодимизнинг 584 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган кунларда ўтаётгани унинг файзи ва шукуҳини янада оширмоқда.

Қадрли дўстлар!

Жаҳон адабиёти ва тафаккури тарихида ўчмас из қолдирган Алишер Навоийнинг серқирра ижтимоий-сиёсий, ижодий, илмий-маърифий фаолияти, бой адабий-бадиий мероси асрлар давомида юксак инсонпарварлик, Ватанга садоқат, адолат ва эзгулик тимсоли сифатида ҳамиша жаҳон аҳлининг эътиборини тортиб келмоқда.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий ўта мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний ғояларни  баланд кўтариб майдонга чиққани, ўзбек адабий тилига асос солиб, унинг ўлмас руҳи, қудрати ва латофатини ҳар томонлама исботлаб бергани чинакам маънавий жасорат намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу мумтоз сиймо жаҳон адабиёти мезонларига, замон ва тарих синовларига тўла жавоб берадиган дурдона асарлар яратиб, нафақат ўзбек, балки барча туркий адабиётлар ривожига беқиёс ҳисса қўшгани ҳам юксак ҳайрат ва таҳсинга муносибдир.

Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий мероси ҳақли равишда жаҳон адабиёти даҳоларининг буюк асарлари билан бир қаторда туриши бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Айниқса, мутафаккир аждодимизнинг турли халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, башариятнинг ёруғ келажагини биргаликда қуришга чорлайдиган ғоя ва қарашларининг аҳамияти ҳозирги таҳликали даврда тобора ортиб бормоқда.

Бугунги кунда биз Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни барпо этиш жараёнларида Алишер Навоий асарларини ўзимиз учун битмас-туганмас куч-ғайрат ва илҳом манбаи деб биламиз. Шу боис бу ноёб маънавий бойликни чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, шу борада юртимиз олимлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган сиз, азизларга, барча илм-фан намояндаларига чуқур миннатдорлик билдираман.

Ушбу анжуманга пухта тайёргарлик кўрган, Алишер Навоийнинг таваллуд айёмини катта шоду хуррамлик ва бунёдкорлик ишлари билан кутиб олаётган Навоий шаҳри ва вилояти аҳлига, мутасадди раҳбарларга ҳам самимий ташаккур изҳор этаман.

Сизларни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, илмий ва ижодий фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар, анжуман ишига эса муваффақият тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мамлакатимизда фуқароларнинг бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари қатори виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.Ана шундан давоми...

1964 22:06 / 20.10.2021
Шарқнинг бетакрор меъморий ёдгорликлари орасида Регистон ва Тожмаҳал алоҳида ўрин тутади. Улар нафақат ўз даврининг буюк иншоотлари, балки маданий алоқалар давоми...

759 17:30 / 19 апрель
Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳрида жойлашган масжид бошпанасиз одамларга ёрдам бериш учун ўз эшикларини очди, деб хабар беради Birmingham Mail reported.ndash Ярим кечаси давоми...

2254 14:35 / 12.02.2019
Жорий йилнинг 21 апрель санасида Англия Премьерлигаси 30турининг қолдирилган беллашуви mdash .Бёрнли, ndash .Саутҳэмптон, баҳси бўлиб ўтди.Ушбу учрашувнинг 41дақиқасида давоми...

1955 09:00 / 24.04.2022
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130286 14:35 / 11.08.2021