1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ободончилик ишларини йўлга қўйиш ва Куфа шаҳрини қуриш

14:25 / 22.07.2024 1186 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломнинг умумий руҳидан ва таълимотларидан келиб чиқиб, мусулмонлар ер юзини обод қилишга катта аҳамият берар эдилар. Ўша вақтдаги обод бўлмаган қишлоқ ва харобага ўхшаш жойларда яшаш ҳам, бу борада ўзларидан бошқаларда кўрганлари ҳам мусулмонларни мутлақо қониқтирмас эди. Юқорида келтирилган ана шу бошқаларнинг меъморчилиги ўзида ширк ва куфр маданиятини акс эттирар эди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзларининг ақийдалари, дунёқарашлари ва маданиятларига хос меъморчиликлари бўлиши кераклигини англаб етдилар ва бу ҳақиқатни амалга оширишни бошлаб юбордилар.

Куфа шаҳрини қуриш
Мусулмонлар Кисронинг (Форс шоҳи) пойтахти Мадоин шаҳрини фатҳ қилганларидан кейин уни ўзларига марказ қилиб олган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у шаҳарда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ранглари сарғайиб, ўзлари заифлашиб бораётганларини мулоҳаза қилдилар. У киши Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга мактуб юбориб: «Салмон Форсий билан Ҳузайфа ибн Ямонни ер танлашга юбор – ҳам қуруқлик, ҳам денгизга яқин, мен билан сизларнинг орангизда сув ҳам, кўприк ҳам йўқ ерни топсинлар», деб амр қилдилар.


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу икковларини ўша вазифани бажариш учун юбордилар. Улар икки томонга кетиб, ер танлаб келиб «Куфа», яъни «Тўгарак қумлик» деган жойда учрашдилар. У ерда намоз ўқиб, «Аллоҳ бу ерни сабот манзили қилсин» деб дуо қилдилар. Сўнг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг олдларига бориб, хабар бердилар.


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Қаъқоъ ва Абдуллоҳ ибн Муътам розияллоҳу анҳумога одам юбориб: «Ўринларингизга бошқани қўйиб, ўзингиз ҳозир бўлинглар», деб амр қилдилар.


Сўнг Мадоиндан чиқиб, Куфанинг ерларига бордилар. Ўшанда ҳижрий ўн еттинчи йилнинг муҳаррам ойи эди. Кейин Умардан қамишдан уй қилишга изн сўрашган эди, у киши рози бўлдилар. Аммо режалаштириш пайтида қамиш уйлар куйиб кетди. Кейин ғиштдан қуришга келишилди.


Куфанинг бош меъмори Абу Ҳайёж ибн Молик эди. У биринчи бўлиб масжидга асос солди. Кейин шоҳ кўчанинг кенглигини қирқ зироъ , унга яқинларини ўттиз, бошқаларини йигирма зироъдан қилди. Тор кўчаларни етти зироъдан қилиб белгилади. Одамларга бериладиган қитъаларни – ер майдонларини олтмиш зироъдан қилди.


Куфа Фурот дарёсининг ғарбий қирғоғига қурилди. У билан дарёнинг орасида ярим фарсах  масофа қолдирилди. Шаҳар битганидан кейин хоҳлаганлар унга кўчиб ўтиши, хоҳламаганлар Мадоинда қолиши таклиф қилинди.

 Бир зироъ – 46,2 см.

  Бир фарсах – 5,544 км.

 

«Ислом тарихи» китоби биринчи жуз

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нубувватнинг 12йили зулҳижжа ойи, ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди.Уларнинг беш нафари бир йил олдин Маккага келиб мусулмон давоми...

2869 15:02 / 12.05.2020
Албатта, бўлиб ўтаётган бу гапсўзлар ўша вақтда худолик даъвосини қилган подшоҳга етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага давоми...

4365 14:00 / 02.02.2019
халифалик даври ҳижрий 218227 милодий 833842 Абу Исҳоқ Муътасим Муҳаммад ибн Ҳорун арРашид акаси Маъмундан кейин, унинг аҳдига биноан ҳижрий 218, милодий 833 йилда давоми...

539 10:40 / 27 январь
11. Фан олимлари билан шариат олимлари ўртасини айириш динсизликдан қолган сарқит. Бошқача қилиб айтганда, бу ёндашув Ғарбдаги дин ва дунё илмлари ўртасидаги давоми...

1581 16:02 / 15.09.2023
Аудиолар

225936 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

144767 14:35 / 11.08.2021