1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Биринчи Ақаба байъати

15:02 / 12.05.2020 2871 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нубувватнинг 12-йили зулҳижжа ойи, ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди.

Уларнинг беш нафари бир йил олдин Маккага келиб мусулмон бўлган эди. Улар ўшанда олти киши бўлиб, бу сафар Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келмаганлар.

Бошқа етти нафар янги мусулмонлар: Муоз ибн Ҳорис, Заквон ибн Абдулқайс, Убода ибн Сомит, Язид ибн Саълаба, Аббос ибн Убода, Абул Ҳайсам ибн Тайҳон ва Увайм ибн Соида розияллоҳу анҳум.

Улар Ақабада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан байъат олдилар. Ўша байъатнинг иштирокчиси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Ўн икки киши эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Келинглар! Менга Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслигингиз, ўғрилик, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, зинодан орттирган ҳомилангизни турмуш ўртоғингизга тўнкамаслик, менга маъруф ишда исён қилмаслигингиз ҳақида байъат қилинглар. Сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким ундан бирор нарсани бузиб, бу дунёда жазосини олса, ўша унинг учун каффоратдир. Ким ундан бирор нарсани бузса-ю, Аллоҳ уни сатр қилса, унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Хоҳласа, иқоб қилади, хоҳласа, афв этади», дедилар».

Мазкур мусулмонлар ўз юртларига қайтаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб, у кишига одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни топширдилар.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатдилар. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича иш олиб борар, одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эдилар. Гоҳида баъзи одамлар у кишининг олдларига қурол кўтариб келишарди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг чиройли муомалалари, қироатлари ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлиб, у киши нима топшириқ берса, ўшани сўзсиз бажарадиган бўлиб кетар эди.

Ислом Ясриб бўйлаб мисли кўрилмаган тезликда тарқалиб борарди. У ердаги бош қабилалар – Авс ва Хазражнинг кўплаб одамлари, жумладан, Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайр каби ўз қавмининг улуғлари ҳам Исломга кирдилар. Авс қабиласи, Бану Абдулашҳал уруғининг ҳаммаси битта ҳам қолмай мусулмон бўлдилар.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АББОСИЙЛАР ХАЛИФАЛИГИНИНГ ИНҚИРОЗИ. АлВосиқ вафотидан кейин аббосийлар қудрати сўна бошлади, лекин Мутаваккил халифалик доирасида ҳали ҳам бир қанча гуруҳларни давоми...

8705 05:00 / 24.02.2017
Имом, фақиҳ, муҳаддис, зоҳид Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Самарқандий Ҳанафий. .Танбеҳул ғофилийн,, .АлФатаво, китоблари муаллифи.Бу киши Муҳаммад ибн Фазл давоми...

3465 21:10 / 11.02.2019
Кўҳна тарих жуда кўп ҳукмдорлар, фотиҳлар ва саркардаларнинг турфа ишларига гувоҳ бўлган, уларнинг хизматлари ва қилмишларини ўз саҳифаларига абадий муҳрлаб давоми...

5306 15:00 / 18.12.2020
Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий. Отаснинг исми Юсуф ибн Абу Ақийл Сақафий. Онаси Ҳумом ибн Урва ибн Масъуд Сақафий. Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий 41 ҳижрий санада, давоми...

9686 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

225963 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

144792 14:35 / 11.08.2021