1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Термиз шаҳрида янги жоме масжиди ишга тушди

18:56 / 10 апрель 487 pdf Ўқиш режими + -

Муборак Рамазон ҳайити шукуҳи дилларга қувонч улашган шафоатли кунда Термиз шаҳридаги Намуна маҳалласи ҳудудидаги Султон Саодат мажмуаси ёнида бунёд этилган 2 минг 400 ўринли муҳташам жоме масжиди фойдаланишга топширилиб, илк ҳайит намози ўқилди.

Президентимиз 2019 йил апрель ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида маҳалладаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилиб, ушбу қадамжо улкан маънавий мерос, мусулмонлар учун табаррук маскан эканини таъкидлаган, унинг тарихини мукаммал ўрганиш, халқимизга ва чет элликларга етказиш, мажмуа ҳудудини археологик ўрганиш асосида уни ободонлаштириш, Имом Бухорий, Имом Термизий мақбараларидек катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш юзасидан тегишли топшириқ берган эди.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида ўтган йилларда ҳудудда кенг қамровли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Археологик ўрганиш ишлари бошланди. Кенг, равон йўл барпо этилиб, намунавий лойиҳалар асосидаги турар-жой бинолари қурилди. Мажмуа ҳудудида муҳташам масжид бунёд этилиб, хорижлик сайёҳлар учун барча шароит яратилди. Мақбара атрофи ободонлаштирилиб, сўлим гўшага айлантирилди.

Султон Саодат қадамжоси X-XVII асрларга мансуб мақбаралардан иборат мажмуа бўлиб, сокин бу жойда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Содот, яъни “Саййидлар султони” дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига ул зотнинг авлодлари ва бошқа саййидлар дафн этилган.

Манбаларга кўра, тахминан 865 йилда Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан Термизга келиб, яшаб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар  сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Соҳибқирон ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф, деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган. Шу жиҳатлари билан мажмуа улкан тарихий, маънавий, маданий аҳамиятга эга.

Масжиднинг тантанали очилиш маросимида юртимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст бажариши учун барча шароит яратилгани алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг куни кеча имзоланган “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам қадимий байрамларимиздан бири бўлган муборак Рамазон ҳайитини муносиб кутиб олиш, нишонлаш ва унда мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат сингари азалий қадрият ҳамда анъаналаримизни асраб-авайлаб, кенг намоён этишга, халқимиз қалбига улуғ айём нафасини янада чуқур сингдиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ҳайит намози якунида Ватанимизга тинчлик, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга бардавомлик, хонадонларга файзу барака тилаб, дуога қўл очилди. Намозхонлар бир-бирларини қутлуғ ва муқаддас байрам билан табриклаб, инсон қадри улуғланаётган юртимиздаги осуда, обод ҳаёт, фаровон турмушга шукрона айтишди.  

Жоме масжиднинг очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари М. Муҳамадсидиқов қатнашди.  

Бугун субҳидамдан Сурхондарё вилоятидаги 130 та жоме масжидда 199 минг 600 дан ортиқ мусулмон юртдошларимиз Рамазон ҳайити намозини адо этди.

Холмўмин Маматрайимов
ЎзА мухбири

Манба
Uza.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини сўнги манзилга кузатиш маросимида таниқли уламолар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, ҳазратимизнинг қавму давоми...

1387 15:19 / 16.08.2021
Ҳозирги кунда ҳалол маҳсулот ва хизматлар бозори йил сайин кенгайиб бормоқда. GLOBAL HALAL MARKET RESEARCH REPORT 2020 да қайд этилишича, глобал ҳалол бозорининг ҳажми 2020 йилда 1.29 давоми...

1160 09:20 / 28.08.2021
140 тилда сўзлашадиган, 3,14 миллион одам яшайдиган Дубай амирлиги дунёнинг энг космополит шаҳри сифатида тан олинди. McKinsey amp Company глобал консалтинг компанияси давоми...

2135 16:53 / 17.10.2018
Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди. .Бугун тарихий воқеа mdash бугун қардошим Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистоннинг .Олий даражали Имом давоми...

770 01:03 / 11.11.2022
Аудиолар

120781 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42345 14:35 / 11.08.2021