1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазилатлари (олтинчи мақола)

16:29 / 23.01.2024 2112 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр жангида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида ҳам бўлдилар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг ўн еттинчи куни, Жумъа кечаси Хуфтон пайтида Бадрнинг қуйи томонига келиб тушдилар. Али, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Басбас ибн Амр розияллоҳу анҳумни сув олиб келишга буюрдилар. Майда тошли кичик тепаликни кўрсатиб, «Менимча, ана шу тепалик олдидаги қудуқдан сув топасиз», дедилар. Улар қудуқ олдида Қурайшнинг сув ташийдиган туялари ва мешкобчиларига дуч келдилар. Уларнинг баъзилари мусулмонларни кўриб, қочиб қолишди. Ажир (мардикор) Қурайшнинг ҳузурига бориб: «Эй Бани Ғолиб, анави Абу Кабшанинг ўғли (Расулуллоҳни назарда тутмоқда) ва унинг саҳобалари мешкобчиларингизни тутиб, олиб кетдилар», деди. Қурайш лашкаргоҳида ҳаяжон кўтарилди. Улар ғазабга миндилар.


Имом Баззор раҳматуллоҳи алайҳи келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр куни ҳам отлиқнинг, ҳам пиёданинг жангини қилар эди».


Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб, ўз камонларидан душманга тинмай ўқ узар эдилар. У киши ҳар ўқ отишларидан олдин:
«Аллоҳим! Уларнинг қадамларини ларзага сол¬гин, қалбларига қўрқувни солгин, уларни ундай қилгин, бундай қилгин», деб дуо қилар эдилар.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар:
«Аллоҳим! Саъднинг дуосини қабул қилгин!» дер эдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бадр куни мушриклардан бир эмас, бирданига иккитасини асирга ҳам олганлар.


Бу ҳақда имом Абу Довуд ва Насаий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Мен, Саъд ва Аммор қўлга оладиган ўлжаларимизда шерик бўлдик. Саъд иккита асир тутиб келтирди. Мен ҳам, Аммор ҳам бирор нарса келтира олмадик».


Бадр уруши куни Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг мерганликлари иш берди. У киши мушрикларнинг катталаридан бирини нозик жойидан мўлжалга олдилар.


Бу ҳақда «Сияри Кабир» китобида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади:
«Бадр куни Суҳайл ибн Амрни мўлжалга олдим. Унинг сон томири узилди. Мен қон изидан қидириб бориб, уни ибн Духшамнинг олдидан топдим. У унинг пешона сочини қирқиб қўйган экан. Унинг ҳақида хусуматлашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик. Бас, у зот уни биздан олиб қўйдилар».


Худди шу Бадр уруши куни Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан бирга укалари Умайр ҳам иштирок этган эди. Умайрнинг ёши кичик бўлиб, ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Жангдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон лашкарларни кўрикдан ўтказа бошладилар. Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўриб қолиб, қайтариб юбормасинлар, деб, беркиниб олди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб қолиб, қайтардилар. Шунда Умайр йиғлай бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари юмшаб, уни қолдирдилар. 


Ана ўша пайт унинг олдига акаси Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу хурсанд бўлган ҳолда етиб келди ва кичкиналиги учун унинг қиличининг боғичини бўйнига боғлаб қўйди. Ака-ука хурсанд бўлиб, Аллоҳ таолонинг йўлида хизматга шўнғидилар.


Бадр жангидан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ёлғиз ўзлари қайтдилар. У киши укалари Умайр розияллоҳу анҳуни Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид берган эдилар. Уни мушриклардан Амр ибн Абду Вадд қатл этган эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаъфар Соиғ айтади.Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қўшнилари ичида маъсиятга ботган бир киши бор эди. Бир куни у Аҳмад ибн Ҳанбалнинг илм мажлисига келиб салом берди. Имом давоми...

2219 09:00 / 31.01.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Мўминлар ичида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ қолган эранлар бор. Бас, уларнинг аҳдига вафо давоми...

2621 19:30 / 24.05.2021
Насаб илми олимлари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари ҳақида қуйидаги силсилани келтирадилар У киши Усмон ибн Аффон ибн Абул Осс ибн Умайя давоми...

868 16:37 / 16 октябрь
учинчи мақола Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча жангларда ихлос билан иштирок этиб, ўзларининг давоми...

2435 09:00 / 16.07.2023
Аудиолар

211021 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130280 14:35 / 11.08.2021