1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг нусрати

19:00 / 05.11.2023 995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар Ислом даъватининг бошланишида оз сонли бўлиб, кўплари камбағаллардан эди. Кофирларнинг сони, мол-дунёси, қуввати жуда кўп эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар кофирлардан озор чекишар, азобланишарди. Лекин шунга қарамай, Ислом олдинга қадам ташларди. Мадинада мусулмонлар жамоаси пайдо бўлди. Кофирларнинг, айниқса, Макка мушрикларининг адовати янада кучайди. Бир неча урушлар бўлди. Атрофдаги барча қабилалар: «Муҳаммад билан ўз қавми – Макка мушриклари орасидаги низо нима билан тугар экан, агар маккаликлар ғолиб келса, Муҳаммаднинг пайғамбарлиги рост бўлмайди, агар Муҳаммад ғолиб келса, пайғамбарлиги рост бўлади, иймон келтирамиз», – деб кутиб туришарди. Вақти келиб, Макка фатҳ этилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобийлар ғолиб, музаффар бўлиб, Маккага кириб боришгандан сўнг, ҳамма гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломга кира бошлади. Аллоҳ таоло

Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ

«Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса... Ва одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кираётганларини кўрсанг... Бас, Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт ва Ундан мағфират сўра. Албатта, У тавбани кўплаб қабул қилувчидир» (Наср сураси, 1-2-3-оятлар).

Албатта, Аллоҳ таолонинг нусрати ва фатҳнинг келиши, одамларнинг жамоа-жамоа бўлиб Аллоҳнинг динига киришлари улуғ неъматдир. Унга муносиб равишда шукр қилиш лозим. Бу Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан поклаб ёд этиш, У Зотга ҳамду санолар айтиш билан бўлади.

Аммо сураи каримадаги Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кирганларида истиғфор айтиш – гуноҳларни кечишни сўраш ўзига яраша ҳикматга эгадир. Аллоҳ таолонинг нусрати ва фатҳ келгунча ўтган кураш ва жиҳод даврида, қийналган пайтларида кишилар тушкунликка тушган, ноумид бўлган, хаёлига баъзи салбий фикрлар келган бўлиши мумкин. Ана шунинг учун ғалаба пайтида истиғфор айтишга амр қилинмоқда. Шунингдек, нусрат ва ғалаба келгандан кейин банданинг қалбида бир оз ғурурланиш пайдо бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам оятда бундай ҳолатда истиғфор айтишга амр қилинмоқда. Бу амрга итоат мисолини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий мисолларида аниқ кўрамиз. Ул зот соллал­лоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни шаҳарга тавозеъ қилиб, муборак пешоналари эгар қошига тегай деб, эгилган ҳолларида кирганлар.

Ушбу сураи каримада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига ишора борлиги учун у «Видолашув» сураси деб ҳам васф қилинади. Ушбу сура нозил бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга: «Шуни менинг ажалим ҳозир бўлгани деб биламан», – деганлар.

Имом Қуртубий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Ушбу сура Видолашув ҳажида Минода нозил бўлди, сўнгра «Бугунги кунда Мен сизга динингизни мукаммал қилиб бердим» ояти нозил бўлди. Икковларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саксон кун яшадилар», дейилган.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Умар мени Бадр шайхларига қўшар эди. Баъзиларига бу ёқмас эди. Ўшалар унга:

– Нима учун боламиз тенги одамни бизга қўшасан?! – дедилар. У эса:

– У ўзингиз билган одам! – деди. Бир куни у мени чақириб, уларга қўшди. Уларга менинг кимлигимни билдириб қўйиш учун қўшганини билиб турардим. Кейин Умар:

– Аллоҳ таолонинг «Изаа жааъа насруллоҳи вал фатҳу» деган қавлига нима дейсизлар? – деди. Улардан баъзилари:

– Қачон бизга нусрат ёки фатҳ берса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга амр қилиндик, деймиз, – дедилар. Баъзилари эса сукут сақлаб, бирор нарса демадилар. Шунда у менга:

– Сен ҳам шундай дейсанми, эй Ибн Аббос?! – деди.

– Йўқ, – дедим.

– Нима дейсан? – деди.

– Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Аллоҳ буни у зотга билдирди. «Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса...» (ояти) ўша ажалнинг аломатидир. «Бас, Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт ва Ундан мағфират сўра. Албатта, У Таввобдир», – деди, – дедим. Шунда Умар:

– Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу борада фақат сен айтган нарсанигина биламан, холос, – деди».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида «Субҳаналлоҳи ва би ҳамдиҳи, астағфируллоҳи ва атубу илайҳи»ни кўп такрорлайдиган бўлиб қолдилар ва: «Роббим келажакда умматимда бир аломат кўришимнинг хабарини берган эди ва шу аломатни кўрганимда тасбеҳ, ҳамд ва истиғфор айтишга буюрган эди», – деб «Изаа жааъа»ни ўқирдилар!»

Шу мазмундаги бошқа ривоятларни ҳам ўрганган уламолар: «Аллоҳ таоло билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги аломат «Наср» сурасининг тушиши эди», – дейдилар.

Ривоят қилинганки, «Наср» сураси нозил бўлганда Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб йиғлаган эканлар. Набий алайҳиссалом у кишидан:

– Нимага йиғлаяпсан? – деб сўраганларида:

– Сизга вафотингизнинг хабари келгани учун йиғлаяпман, – дебдилар. Шунда у зот алайҳиссалом:

– Иш сен айтганингдек, – деган эканлар.

Имом Насаийнинг ривоятларида «Наср» сураси Қуръони Каримнинг тўртдан бирига тенглиги ҳақида хабар бор.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Сен .Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми Тақво қилганларга Робблари давоми...

3730 17:00 / 02.12.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Таврот нозил қилинишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бану Исроилга ҳалол давоми...

2648 19:00 / 02.11.2021
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Роҳмандан бошқа сизларга ёрдам берадиган лашкар ким ўзи Кофирлар алдовдан бошқа ҳеч нарсада эмаслар давоми...

2443 19:05 / 26.09.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ҳар бир умматга, уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра Аллоҳнинг исмини зикр қилишлари учун, давоми...

6746 11:00 / 12.06.2023