1447 йил 19 муҳаррам | 2025 йил 14 июль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Қуръони Каримнинг истилоҳи

19:00 / 06 май 520 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ

«Эй иймон келтирганлар! Қасамки, Аллоҳ ким Ундан ғойибона қўрқишини билиш учун сизларни қўлларингиз ва найзаларингиз етадиган овлардаги арзимас нарсалар ила синаб кўрадир. Бундан кейин ким тажовуз қилса, унга аламли азоб бор» (Моида сураси, 94-оят).

Аллоҳ таоло мусулмонларга яна улар ёқтирадиган нидо ила

«Эй иймон келтирганлар!» – деб мурожаат этмоқда. Келажакда ов ҳақида ҳукм тушириб, уларни синовдан ўтказишининг хабарини бермоқда.

Бу синов бандаларнинг ўзи учундир. Аллоҳ таоло уларни синов қилмаса ҳам жуда яхши билади. Аммо бунга ўхшаш, Аллоҳ томонидан бўладиган синовлар бандаларнинг ўзларини ўзларига ва бир-бирларига ким эканликларини кўрсатиб беради. Синовсиз бўлса эди, кўплар ўзини зўр фаҳмлаб, иймон, Ислом ва тақводорлик даъвосини қилиб юраверар эди.

Оятда:

«Қасамки, Аллоҳ ким Ундан ғойибона қўрқишини билиш учун…» ҳам дейилмоқда.

Қуръони Каримнинг истилоҳи шу. Аслида «билиш учун» эмас, «билдириш учун» бўлади. Шу билан бирга, иймон келтирганларни синаш қўллари ва найзалари етадиган овлар орқали бўлиши айтилмоқда.

«...сизларни қўлларингиз ва найзаларингиз етадиган овлардаги арзимас нарсалар ила синаб кўрадир».

Яъни, овлар олдиларида бўлади, қўлларини ёки найзаларини узатсалар, етади. Синовдан кўзланган мақсад Аллоҳдан ким ғойибона қўрқишини билиш. Ислом ақийдасининг асоси Аллоҳдан ғойибона қўрқишга асосланган. Мусулмонлар Аллоҳни кўрмасдан туриб, Унга ғойибона иймон келтирадилар. Улар Аллоҳга муҳаббат билан бир қаторда, Ундан қўрқишни ҳам қалбларига жойлайдилар, Аллоҳдан ғойибона қўрқадилар. Шунинг учун фақат яхшиликлар қиладилар, ёмонликлардан қайтадилар. Мана шундай ғойибона қўрқиш кимда қай даражада эканини билдириш учун амрлар, наҳийлар, ибодатлар ва бошқа топшириқлар келади. Уларни кўнгилдагидек бажарганларга мукофотлар бор. Аммо:

«Бундан кейин ким тажовуз қилса, унга аламли азоб бор».

Кейинги оятда ўша – «овда синаб кўриш» қандай иш экани баён қилинади:

ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ

«Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалигингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси Каъбага етадиган ҳадйи ўлароқ чорвадан ўзи ўлдирганининг мислидир. Бу ҳақда сизлардан икки адолатли киши ҳукм қилур. Ёхуд каффорот – мискинлар таоми ёки шу баробарида рўзадир, қилмишининг оқибатини татиши учун. Ўтганини Аллоҳ афв қилди. Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом олур. Аллоҳ ўта иззатлидир, интиқом эгасидир» (Моида сураси, 95-оят).

Демак, «овда синаб кўриш» деганда, мусулмон кишига эҳромдалик ҳолида ов қилиш ҳаром экани тушунилади. Яъни ҳаж ёки умра ниятида эҳром боғлаган мусулмон одамга оддий ҳолатда қилиши мумкин бўлган бир қанча ишлар ҳаром бўлиб қолади. Жумладан, қуруқлик ҳайвонларини овлаш ҳам ҳаром бўлади. Бу оятда Аллоҳ:

«Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалигингизда овни ўлдирманг», – демоқда.

Бу бир синовдир. Зотан, ҳаж ва умра ибодати мусулмон киши учун кўп томонлама синов саналади. Жумладан, унинг молу мулк сарфлашга тайёрми-йўқми экани, жисмоний қийинчиликларга дош бера оладими, ўзини шаҳватдан, турли фаҳш гап-сўзлардан тийишга қурби етадими-йўқми – синалади. Шунингдек, кўнгли тусаган ҳайвонини овлаб юрган одамнинг иродаси овни тақиқлаш билан синалади.

Ушбу оятлар Ҳудайбия ҳодисаси чоғи нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар эҳром боғлаб, умра ниятида чиққан эдилар. Ушбу оят нозил бўлди. Овбоп ҳайвонлар кўз ўнгиларида айланиб юрарди. Мазкур ҳайвонлар уларнинг юклари ичига кириб, туриб ҳам қолди. Аммо ҳеч ким уларга қўл узатмади. Яҳудийларга ўхшаб, ҳийла ҳам қилмадилар. Маълумки, шанба куни ов қилиш яҳудийларга ман бўлганда, улар алоҳида ҳовуз кавлаб олиб, балиқларни у ерга киритиб, эртасига овлар эдилар. Мусулмонлар тўғри турдилар, синовдан яхши ва муваффақиятли ўтдилар.

Бу ҳукм, айни чоғда табиатни муҳофаза қилишнинг исломий кўриниши ҳамдир. Маълум жойларда ва маълум вақтда ов овлашни тақиқлашни Ислом бир минг тўрт юз йил аввал йўлга қўйган. Табиатни муҳофаза қилишни ибодат даражасига кўтарган. Ҳайвонларни тартибсиз овлаш, ўсимлик дунёсини шафқатсизларча йўқ қилиш ишларига ўша вақтлардаёқ чек қўйган.

Эҳромдаги одамларга нафақат ов овлаш, балки ҳайвонларни чўчитиш, бошқа овчиларга кўрсатиб бериш ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу чеклашларга тажовуз қилганларга Аллоҳ томонидан аламли азоблар бўлиши эълон қилинган, шунингдек, ўша вақтнинг ўзида, яъни жиноят содир бўлган пайтда ҳам маълум жазолар белгиланган.

«Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси Каъбага етадиган ҳадйи ўлароқ чорвадан ўзи ўлдирганининг мислидир. Бу ҳақда сизлардан икки адолатли киши ҳукм қилур».

Эҳромдалик ҳолда ов қилиш мумкин эмаслиги билинди. Шундан кейин ҳам кимдир бу жиноятни содир қилса, яъни эҳромдалик ҳолида ов ҳайвонини қасддан ўлдириб қўйса, қуйидагича жазони ўтайди: аввало, унинг қандай жазо ўташини аниқлаш учун икки одил мусулмон киши ҳакам этиб тайинланадилар. Сўнгра улар жиноятчининг шахси, содир этилган жиноят ва унинг ҳажмини ўрганиб, ҳукм чиқарадилар. Аммо у ҳукм ушбу оят доирасида бўлиши лозим. Аввало, ўлдирилган ов ҳайвонига тенг келадиган уй ҳайвонини ҳадйи – аталган қурбонлик қилиб, Каъбага, яъни Ҳарами Шариф ҳудудига олиб бориб сўйишга ҳукм қилинади. Сўнг ўша ердаги мискинларга гўшти тарқатилади. Ҳакамлар овда ўлдирилган ҳайвон уй ҳайвонларидан қайси турига тўғри келишини аниқлайдилар. Мисол учун, саҳобаи киромлар «Туяқушга сигир ёки туя, ёввойи молга сигир, кийикка қўй, кабутарга ҳам қўй тенг келади», деб ҳукм қилганлар.

«Ёхуд каффорот – мискинлар таоми ёки шу баробарида рўзадир, қилмишининг оқибатини татиши учун».

Агар икки ҳакам вазиятни ўрганиб чиқиб, «Уй ҳайвонларидан қурбонлик қилгандан кўра мискинларга таом бергани маъқул», деган қарорга келсалар, ўлдирилган ҳайвоннинг баҳосини аниқлаб, ўша миқдорда мискинларга таом бериш ҳақида ҳукм чиқарадилар.

Аммо айбдор камбағал бўлса, ҳакамлар унинг иқтисодий ҳолати ночорлигига ишонч ҳосил қилсалар, унинг жазоси – мўлжалда таомни неча кишига бериш бўлса, шунча кун рўза тутиб беради. Яъни ўлдирилган ов ҳайвонининг қиймати нечта одамнинг бир кунлик ўртача тўйишига етса, ўшанча кун рўза тутиб беради. Бу эса

«қилмишининг оқибатини татиши учун».

Гуноҳни қилдими, унинг оқибатини татиб кўрсин. Бу унга иқоб ва ибрат бўлиб, қайтиб гуноҳга қўл урмайдиган бўлади.

«Ўтганини Аллоҳ афв қилди. Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом олур. Аллоҳ ўта иззатлидир, интиқом эгасидир».

Қаранг, ёввойи ҳайвонларни ноўрин овлаганлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи интиқом олишни ваъда қилмоқда. Табиатни асрашга бундан ортиқ эътибор бўладими?!

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган, бўғилиб давоми...

1857 19:04 / 25.07.2023
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳга яхши қарз берадиган ким борки, У унга бир неча мартага кўпайтириб берса. Ҳолбуки, Аллоҳ ризқни давоми...

3500 19:17 / 15.03.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ёки сизни унга денгизга яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юбориб, куфр давоми...

935 19:00 / 11.06.2024
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Аҳду паймонларини бузганлари учун уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилдик. Улар давоми...

2240 19:00 / 07.11.2023