1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Малайзиядаги масжидлар

15:49 / 26.10.2023 751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Малайзия – Осиё жануби-шарқида жойлашган давлат бўлиб, унинг ҳудуди Малай яриморолининг бир қисми, Калимантан ороли ҳамда шу минтақадаги ўнлаб майда оролчаларни қамраб олган. 


Эртакмонанд бу ўлканинг такрорланмас гўзал табиати, хусусан, катта-кичик ороллари, қояли ва қумли соҳиллари, тропик ўрмонлари, шаҳарларига кўрк бериб турган осмонўпар бинолари сайёҳларни оҳанграбодек ўзига жалб қилади. Мамлакат архитектурасининг Осиёдаги бошқа давлатлар  меъморчилигидан фарқли томони шундаки, унда асосан маҳаллий, яъни малай ҳамда ҳинд анъаналарини европача руҳият билан мужассамлашганини кўриш мумкин. 


Салкам 35 миллионлик нуфусга эга мамлакатнинг 63,5 фоиз аҳолиси Ислом динига эътиқод қилади. Малайзиялик бунёдкорлар юртнинг бошқа диққатга сазовор масканлари каби масжидларни барпо этишда ҳам ўзига хос тартиб-қоидаларга риоя қилишган, бошқача айтганда  миллий анъаналарни сақлаб қолган  ҳолда замонавий услублардан фойдаланишган. Эътиборлиси, мамлакатдаги масжидлар мусулмонларнинг маънавий эҳтиёжларни қондиришдан ташқари, маълум бир маънода истироҳат маскани, ўз навбатида, илмий анжуманлар ва маданий тадбирлар ўтказиладиган жой вазифасини ҳам ўтайди. 


Хусусан, пойтахт – Куала-Лумпур марказидаги сўлим боғ  ҳудудида  бунёд этилган  «Миллий» масжидда намозхонлар учун ана шундай  шароитлар яратилган. Маълум бўлишича, мамлакат  мустақиллиги рамзларидан бирига айланган мазкур масжидни қуриш ғояси Малайзия Буюк Британия тобелигидан чиқишига  бир ой қолганда – 1957 йил 30 июлида Федерал Ижроия Кенгаши мажлисида илгари сурилган. Кенгашнинг 1958 йилда ўтказилган навбатдаги йиғилишида мамлакат бош вазири Абдурраҳмон Путра Тунку Малайзиядаги биринчи рақамли масжидни унинг номи билан аташ таклифини рад этиб, муборак даргоҳни мамлакат бирлиги рамзи сифатида «Негара» («Миллий») деб номлашни таклиф қилади. «Миллий» масжидни қуриш ишлари 1963–1965 йиллар мобайнида амалга оширилган бўлиб, лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда маҳаллий қурувчилардан ташқари, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия, Саудия Арабистони, БАА ва Испаниядан келган мутахассилар  ҳам иштирок этади.  Мовий рангли масжид хонақоҳи  48 та кичик гумбазча ва 16 қиррали юлдуз шаклидаги катта гумбаз остига «яширинган» бўлиб,  хонақоҳни иккига бўлувчи фавворали тош ҳовуз яқинида  73 метрли баланд минора қад ростлаган. Жами 53 минг квадрат метр  майдонни эгаллаган масжид ўз бағрига 15 минг нафар намозхонни сиғдира олади. Масжиднинг ўзига хослиги шундаки, унинг минораси ёпиқ соябон шаклини эслатса, хонақоҳнинг улкан томи Мадинадаги Масжидул Набавияда зиёратчиларни қуёшдан асровчи соябонларнинг очилган ҳолатига ўхшайди. Эътиборлиси, 1965 йил масжид фойдаланишга топширилганда унинг гумбази пушти рангда бўлган, кейинчалик 1987 йилда катта таъмирлаш ишлари олиб борилган пайтда  ёрқин ложувард рангга бўялган.   


1990-йиллар ўрталарида Малайзия ҳукумати мамлакатнинг маъмурий марказини   Куала-Лумпурдан 20 километр узоқликда жойлашган Путражая шаҳарчасига кўчиришга қарор қилади. Шу муносабат билан шаҳарчада қурилган ҳукумат уйи, бош вазир қароргоҳи, янги кўприк ҳамда Ботаника боғи қаторида Путра масжиди ҳам бунёд этилади.  Путражая деб номланувчи сунъий кўл қирғоғида қад ростлаган масжид биносини кўздан кечирар экансиз, унинг тўлиғича тўқ пушти тусли гранитдан барпо этилганини, ўз навбатида, унинг эшик ва деразаларига ёғоч ўймакорлиги усталари томонидан юксак дид билан ишлов берилганини кўришингиз мумкин.  15 минг нафар намозхоннинг ибодат қилиши учун барча шароитлар яратилган масжидга миллат қаҳрамони сифатида эътироф этилган бош вазир, ўз вақтида шаҳзода бўлган  Абдурраҳмон Путра Тунку («путра» малай тилида «шаҳзода» маъносини англатади) номи берилган.  


Масжидни лойиҳалаган меъморлар кўпроқ эронча услубдан илҳом олган ҳолда   араб-ислом  анъаналарига ҳам мурожаат қилишган десак адашмаймиз. Сўзимиз исботи сифатида Путра масжидининг 116 метрли асосий минораси Бағдоддаги Шайх Умар масжиди минорасига қиёсан барпо этилганини айтиб ўтиш мумкин. Узоқдан кўзга ташланиб турадиган,  беш қаватдан иборат минора Исломдаги беш рукнни ифодалайди. Диаметри  36 метрга тенг асосий гумбаз атрофи саккизта кичикроқ гумбазлар билан ўралган. Муборак масканнинг асосий гумбази ер сатҳидан тахминан 75 метрни ташкил қилувчи ўн иккита устун устига тикланган. Масжид пойдевори эса Марокашдаги Ҳасан II масжиди пойдеворларини эсга солади.


 Масжид ҳудуди уч қисмдан – оддий, аммо нафис хонақоҳ, масжид саҳни ва бир нечта ўқув биноларидан  иборат. Биноларда семинарлар, анжуманлар ва кўргазмалар ўтказилади. 5 минг намозхонни сиғдира оладиган масжид ҳовлиси ҳудудида чиройли устунлар билан ўралган безакли фаввора мавжуд. 


Ноанъанавий услубда 2006–2008 йиллар мобайнида қурилган  Биллур масжиди ўзининг шаклига кўра Малайзияда ягона ҳисобланади. Теренгану дарёсининг  Вон Мэн оролида барпо этилган Ислом мероси боғи ҳудудида жойлашган масжид бетон қоришмасидан барпо этилган бўлиб, шиша ва пўлат ғиштчалар билан қопланган. Шиша гумбазлар ва миноралар юзаси қуёш нурларида товлангани учун ушбу маскан «биллур масжид» номини олган. Эътиборлиси, масжиднинг  нафис  кўриниши унинг ёнидан оқиб ўтувчи  дарё юзасида ҳам акс этади. Шунинг учун ҳам кечки пайт шишадан иборат бинони унинг аксидан ажратиб кўрсатадиган рангли чироқлар ёқиб қўйилади. Масжиднинг шиша гумбазлари ва  намозхоналар ичкаридан ёритилганда улар гўё соф олтиндан ясалгандек кўринади. Усмонлилар меъморчилиги услубидан илҳомланиб қурилган тўрт миноранинг ички зинапоялари ҳам шишадан ишланган бўлиб, пўлат ускуналар билан мустаҳкамланган.   Биллур масжид мамлакатдаги илк «ақлли» масжид бўлиб, ўн беш йил аввал қуёш панеллари билан жиҳозланган ҳамда Wi-Fi тармоғига уланганди. Бугун ҳар бир ташриф буюрувчи  Қуръоннинг электрон шаклини ўқиш имкониятига эга. Масжидда бир вақтнинг ўзида бир ярим минг  намозхон ўз ибодатини адо этиши мумкин. 


Ҳинд ва Тинч океанларини бирлаштирувчи Малакка бўғозида 2000-йиллар бошида 40 гектарлик сунъий орол барпо этилган бўлиб, кўп ўтмай бу ерда бошқа иншоотлар қаторда масжид ҳам қурилган. «Малакка бўғози масжиди»нинг ўзи замонавий кўринишга эга бўлса-да, асосий гумбаз қадимги Ўрта Шарқ услубини ёдга солади. Мажмуа марказлаштирилган квадрат шаклига эга бўлиб, тилларанг гумбаз, симметрик кўринишдаги тўртта кичик минора ва сал нарироқда маёқ шаклидаги 30 метрли ноанъанавий минорани ўз ичига олади.  Бинонинг ташқи томони анъанавий исломий нақшлар ҳамда рангли шишалар билан безатилган. Масжид атрофини ўраб турган айланма саҳн бўйлаб юриб, денгиз манзарасидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Бино   денгиз тубига қоқилган узун қозиқ-ходалар устига қурилган бўлиб, сув сатҳи кўтарилганда ва булутли кунларда масжид гўё уммонда ҳаракатланаётганга ўхшаб кўринади! 


Қирғоқ бўйида қурилган яна бир масжид Сабоҳ штати маркази – Кота-Кинабалу шаҳрининг энг йирик масжиди ҳисобланади. Атрофи денгизга туташган сунъий кўллар билан ўралган  мазкур  маҳобатли  ибодат маскани бир қарашда Масжиди Набавийни ёдга солади. «Сув юзасида қалқиб турувчи намозгоҳ» номини  олган ушбу мажмуани   қуриш ишлари анча эрта – 1992 йилдан бошланган бўлса-да, маблағ етишмаганлиги сабабли 2000 йил йилда якунланган. Тамомила араб меъморчилигига асосланган ҳолда қурилган. масжид ўз бағрига 12 минг намозхонни сиғдира олади.  Мажмуа таркибидан асосий хонақоҳ, аёллар намозхонаси, кутубхона, учта мадраса ўрин олган. 2008 йилда масжидга ташриф буюрувчилар учун унинг ҳудуди атрофида қайиқда сайр қилиш хизмати йўлга қўйилган.

Флюра Умрзоқова тайёрлади
«Ҳилол» журналининг 3(48) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мисрдаги АлАзҳарrdquo университетида диний соҳада ўқимоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари энди фақат Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида ўқишга қабул давоми...

2717 16:00 / 14.07.2021
1. Либос учун ишлатилган мато ипакка ўхшаб, шариатда ҳаром қилинмаган бўлса, ҳалолдир. Аёллар ипак матодан тикилган либос кийишлари мумкин.2. Шаръий йўл билан давоми...

5331 18:14 / 07.02.2018
Тилдан келадиган офатлар турлитуман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Инсон табиатида уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш давоми...

1801 18:36 / 13.01.2023
Азизлар Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, сиз билан бизни .Ибратли дунё, туркумидаги суҳбатларимизни давом эттиришга муяссар қилмоқда.Бугунги суҳбатимизда сиз давоми...

7637 13:30 / 01.06.2021