1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ислоҳга муҳтож иймон

11:09 / 18.12.2023 1170 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Воҳада таваллуд топиб улғайдим. Эсимда, онам биз фарзандларига мени, акам-укамни, отам-онамни, ҳаттоки бобо-бувим, еру осмон, юлдузу ойларни, ҳамда оёғим остида дон ташиб кетаётган чумолининг ҳам яратувчиси бор эканини айтар эдилар. Уларнинг гапларини биз гўдаклар ҳайрат билан тинглар, аммо фарқига бормас, англамас эдик. 
 
Йиллар бир-бирини қувиб ўтаркан, ёлғон гапириш, инсонларга озор бериш, ялқовлик, катталарга гап қайтариш, одобсизлик қилиш, буларнинг барини Яратувчимиз ёмон кўриши ва бу ишлар учун жазо бериши каби гапларни қулоғимизга қуйишарди. Шунингдек, яхши бола бўлсак, гўзал ва сўлим боғлари бор жаннатга, беадаблик қилаверсак, ёмон жой – дўзахга тушишимиз мумкинлиги айтилар эди. Аммо бу қачон бўлади, билмас эдим. Бари – биз набиралар ишонмаймиз-у, ишонишга ҳаракат қиладиган, бувим айтиб берган эртакка ўхшар эди.
 
Мурғак қалбим билан Яратувчи борлигини ҳис қиламан-у, У мени жазоламаслиги, яхши болалар қаторига қўшилишим учун ёлғон сўзламайман, ҳеч ким билан тортишмайман. Қўшни қизчалар билан кўчада ўйин ўйнаганимизда уларнинг ҳеч бирини яккалаб қўймайман, ўйинчоқларимни улар билан баҳам кўраман. Онам, бувим буюрган ишларни бажараман, йўргакка беланган укамга ғамхўрлик қиламан. Ич-ичимдан, Худо қилаётган ишларимни кўриб турганига, бу яхши ишларим эвазига кўп-кўп совғалар беришига умид қиламан. Айни шулар болалик чоғларимда Роббим ҳақида хаёлимда гавдаланган тасаввур ва ўйлар эди…
 
Рамазон – рўза ойи ҳақида ҳам қисман биламан. Салқин тонгларнинг бирида бобом ва бувим бозордан бир нечта бидонда нишолда олиб келадилар. Ҳали тонг ёришмасидан хонадонимиздаги катталар уйғониб овқатланишади-ю, шу билан кундузи ҳеч нима ейишмайди. Кун охирлаб, уфқ қизариб, қуёш ботаётганда эса болалар ва катталар дастурхон атрофига тўпланишиб, таом тановул қилардик. Ҳар уч-тўрт кунда уйга узоқ қариндошлар, қишлоқдошлар, бошига дўппи кийиб олган мулла амаки ҳам келиб туришади. Қўлларини дуога очиб бир нималарни ўқирдилар. 
 
Ҳар йили қариндошлар ва яқинлар билан йиғилиб, зиёратгоҳларга борардик. Ўтмишда ўтган инсонларнинг қабрини зиёрат қилардик. Аммо буларнинг моҳиятига, нега бундай қилаётганимга тушунмас эдим. 
 
Ёзнинг кечаларида ҳовли еридан анча юқори қилиб қурилган супада «Бу дунёга нима сабабдан келдим?», «Нима учун яратилдим?» каби саволларга жавоб тополмай мендан анча олисда милтиллаб турган юлдузларга термулиб ётардим.
 
Дин арконларидан бўлмиш намознинг қандай ўқилишини, шунда ҳам намозхоннинг ибодат сўнгида ўтириб дуо қилишини ойнаи жаҳонда эфирга узатилган кинолар орқали кўрганман. Атрофимизда эса намоз ўқиб, ибодат қиладиган ҳеч кимса йўқ. Аммо катталар ора-сира «Намоз ўқиш керак, гуноҳга ботиб кетяпмиз» деб қўйишарди. 
 
Мактабда ўқиб юрган кезларимда тасвирий санъат муаллимамиз бўлар эди. У аёл бошқа ўқитувчиларимизга ўхшаб оқ-қора формада эмас, узун кўйлакларда юрар, бошида эса ёзин-қишин рўмол бўларди. Унинг нега бундай юриши сабабига қизиқардим, аммо ўзидан сўрашга ботина олмас эдим.
 
Эсимда, бувим (онамнинг оналари) ҳар жума куни ис чиқариб, бўғирсоқ пиширар, вақтлар ўтиб ҳар иккиси ҳам Оламлар Роббисининг Каломидаги суралар эканини билганим – «Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан бошланадиган дуони ўқиб, ўтганлар руҳига бағишлар эдилар. Бобом эса ҳар қандай ишни бошламоқчи бўлсалар, «Бисмиллоҳ»ни айтар ва биз набираларига ишнинг аввалида шуни айтишимизни тайинлар эдилар. Жиянларимни билмадиму, мен бобомнинг бу сўзларини ёдимга тушганидагина секин пичирлаб қўяр эдим. Шунингдек, улар ҳар сафар юз-қўлларини юваётганларида уч маротаба «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу» билан бошланадиган, биз маъносини тушунмайдиган дуони айтадилар. Кейинчалик бобомнинг шаҳодат калимасини тилдан қўймай айтиб юрганларини тушундим. 
 
Бешинчи синфни битирганимдан кейин ота-онам ўқишни ихтисослашган мактабда давом эттиришимни исташди. Кириш имтиҳонлари топшириш учун инглиз тили, математика, она тили ва адабиёт фанларидан қўшимча курсларга қатнай бошладим. Математика фани ўқитувчимиз дарсдан ташқари бизга ҳалол-ҳаром ҳақида тушунтиришлар берар эдилар. Қизиғи, жума куни тушлик вақтида шундай соат бўлар эди, устоз дарсдан ҳамма қизларни озод қилиб, ҳовли ташқарисига чиқариб юборар ва болалар билан қолар эдилар. Биздан ёши катта қизларнинг айтишига қараганда, улар жума намозини ўқишар экан. Тахминан ярим соатдан кейин эса дарсхона эшиклари очилар ва қизғин баҳс-мунозарага бой дарсларимиз яна давом этиб кетарди. Биз қизлар ичкарида қолган йигитлардан нима қилишгани ҳақида сўрар эдик, аммо улар индашмас эди. Бир куни ота-онамга бу ҳақда айтанимда, улар: «Устозинг эскича ўқир экан-да» деб қўйган эдилар. Шундай қилиб, мусулмон ҳолда туғилган мен дин, шариат аҳкомларидан бехабар, биладиганим – намоз, дуолар ўқиш – ёши улуғларнинг амали, эскилик деган тушунча билан улғайдим.
 
Ўн беш-ўн олти ёшларимда тақдир шамоли аҳли оиламизни азим шаҳар – Тошкентга етаклаб олиб келди. Ота-онам ризқ топиш мақсадида тижорат ишларини бошлаб юборишди. Айнан шу кўчиш мени ва оиламиз ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. Бу ҳижратдан мурод – Яратган эгам биз бандаларини ғафлат уйқусидан уйғотиши, Ўзини танитиши, ҳидояти учун эканини кейинроқ англадим.
 
2015 йил баҳорининг сўнгги кунлари эди. Пойтахтга энди кўчиб келганмиз. Бир куни дадажоним машиналарида биз фарзандларини шаҳар бўйлаб айлантирдилар. Ҳалигача кўз олдимда гавдаланади ўша манзара. Илонота яъни Убай ибн Каъб масжиди олдидан ўтиб кетяпмиз. Мажмуа бошига ҳар хил рангли дўппи кийган одамлар билан гавжум эди. Ҳайратдан «Бу ерда нима қилишяпти?» деб сўраганман. Дадам: «Улар намоз ўқишяпти, қизим» дедилар. «Нимага намоз ўқишяпти? Ким учун бу ишни қилишмоқда? Уни кексайиб қолганлар ўқимайдими? Бу ерда эса болалар ҳам бор. Нималарни ўқишяпти ўзи?» Бир онда миям ич-ичимдан тошиб келган саволлардан ғовлаб кетди. Умримда илк бор масжидни ва намоз қандай ўқилишини кўриб турар эдим... 
 
Ота-онам дўконда савдо қилар, биз фарзандлар эса ёзги таътил бошлангани учун уларнинг ёнларига бориб турардик. Дўконимиздан икки-учта дўкон нарида Ҳожи амаки (исмларини ҳеч сўрамаган эканман) ва аёли ҳам тижорат қилар эди. Дадам билан энг аввал шу инсон дўст тутинди. Биз билан қўшничилик риштасини боғлаган ҳам унинг аёли бўлди. Унга берган биринчи саволим масжиддаги кўрган манзарам ҳақида эди. Шунда аёл жилмайиб, Ислом динида балоғатга етган мусулмон беш маҳал намоз ўқиши кераклигини, масжид кўпчиликнинг тўпланиб бу ибодатни адо этадиган жойи эканини айтди. Онам ҳам унинг баъзи гапларига тушунмадилар шекилли, бирин-кетин саволлар бердилар ўшанда. Қўшни аёл бизга эринмасдан, мулойимлик билан биз шу вақтгача англамаган, аммо бизни қийнаб келган бу дунёнинг асл ҳақиқати, дин ва унинг арконлари ҳақида тушунтирди. Янада батафсил ўрганишимиз учун «Ибодати исломия» китобини ўқиб туришимизга берди.
 
Бир куни қўшниларимиз Рамазон ойи яқинлашиб қолгани ҳақида гапириб қолишди. Ҳожи амакининг аёли Рамазон ойида рўза тутиш мусулмонларга, балоғатга етганларга фарз эканини айтди, бизлардан ҳам бу йил биргаликда тутишни сўради. Онамнинг соғликларида муаммо борлигини билган аёл фидя ва қазо рўзалар ҳақида ҳам айтиб ўтди. 
 
Мен ёзнинг иссиқ кунлари бўлгани, ҳам олдин ҳеч ҳам очлик режимида юрмаганим учун иккиланиб қолдим. Аммо Роббимиз буюрган экан, буни адо этишим керак...
Ўйланиб турганимни кўрган Ҳожи амакининг аёли: «Майли, ойнинг бошида уч кун, охирида уч кун тутсангиз-чи? Бу рўзангиз кейингиларини тўлиқ тутиш учун васила бўлади, иншаллоҳ» дедилар. Қизиқишим устун келди ва «бир кун тутиб кўрай-чи, малоллансам рўзамни очарман», деб кунларни санай бошладим. 
 
Рамазонга икки ёки уч кун қолган эди. Ҳожи амакининг аёли билан яна суҳбат қилиб ўтирган эдик. Шунда улар: «Рўза билан биргаликда яна бир буюрилган амал – бомдод намозини ўқиб бошласангиз, бир тўла икки савобга эга бўлардингиз. Барибир саҳарликда ҳам бедор бўласиз-ку», дедилар. Гаплари мен ва онамга ҳам ёқиб тушди. Чунки диним ҳақида ўқиган сари ўқигим, амалиётда ҳам татбиқ қилгим келарди. У аёл беш вақт намоз, таҳорат шартлари (шу вақтгача таҳоратни мукаммал қилиб келмаган эканмиз), бомдод намози тартибини айтиб, кўрсатиб берди. Ўша куннинг ўзидаёқ «Ибодати Исломия»дан қисқа сура ва зикрларни ёдлай бошладим. Энг қизиғи, азоннинг такбири ва иқомасида айтиладиган сўзларни ҳам ёд олиб қўйибман. Эртасига буларни қийналиб ёдлаганимни Ҳожи амакининг аёлига айтганимда, кулиб: «Аёллар азон айтмайди» дедилар. Ихлос ва Фотиҳа сураларини биламан-у, сўзларини бузиб талаффуз қилар эканман. Икки саловат ва «Роббана атина» ни ёдлаш бироз қийин бўлгани учун аввалига қоғозга ёзиб олдим. 
 
Укам ҳали кичкина, оиламиздан икки киши, мен ва дадам рўза тутадиган бўлдик. 
 
Эртасига саҳарликнинг биринчи куни деган кечаси қани кўзимга уйқу келса… Китобни қайта-қайта очаман, намознинг руку, саждаларида айтиладиган зикрларни такрор-такрор ўқийман. Сураларни бехато айтдимми, қайта-қайта китобга қарайман. Ҳожи амакининг аёли кўрсатиб берганларини кўз олдимда гавдалантираман. 
 
Соат тахминан тунги икки. Онам уйғониб, бизга овқат ҳозирладилар. Уларни ҳам ҳоли жонларига қўймай, ёдлаган сураларимни айтиб бердим. Тақвим сотиб олганмиз, ундаги саҳарлик дуосини ёдлашга уриндим. 
 
Дадам уйғониб, иккаламиз таомдан кифоя қилганича едик. Ҳаяжонданми, хурсандчиликданми – табассум қилавераман. Кўнглим равшан, мунаввар. Дуони ўқиб бўлиб, оғзимизни ёпдик. Интиқлик билан бомдод вақти киришини кутяпман. Сабаби бизга бу вақтдан бироз олдинроқ таом тановул қилишни тўхтатишимизни айтган эдилар. 
 
Мени ётоқхонамнинг деразаси очиқ. Кўп қаватли хонадонларнинг қарийб ҳаммасининг чироғи ёниқ. Осмон бирам кенг ва гўзалки, юлдузлар маржондек ярқираб турибди.
 
Ўзимни яратган Роббимга яқиндек ҳис қилдим. Менинг наздимда узоқ, аслида эса ўн-ўн беш дақиқа кутишдан сўнг тақвимда кўрсатилган бомдод вақти кирди. 
 
Онам яхши ният билан совға қилган майсаранг жойнамозни қибла тарафга тўшадим. Ўнг тарафимга зикрлар ёзилган қоғозни қўйиб «Бисмиллаҳ» деб жойнамоз устига қадамимни қўйдим. Ният ва такбир билан намозни бошладим. Рукудан кейин саждага бош қўйган эдим, ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим. Юзимга, юзимдан жойнамозга анчадан бери излаётганим – ҳаловатни топганимдаги шукроналик кўз ёшлари сизиб тушди. Саждадан бошимни кўтаргим келмади, ўзимда эмас эдим. Куч топиб эсимни йиғиб олдим-да, қолган рукнларни бажардим. Икки тарафга салом бериб, ўрнимдан турганимда, дунёда мендан бахтли инсон йўқ эди. Қалбим шу қадар сокин тортиб қолган эдики… Анчагача деразадан чор атрофга, осмонга тикилиб турганча узоқ ўйга чўмдим. Ўзини танитганига, ғофилликдан уйғотганига, яхши инсонлар – Ҳожи амаки ва унинг аёлини оиламизнинг ҳидоятига сабабчи қилганига тинмай шукроналар айтардим. Энди дунёга келишим сабабини, кимга ва қандай ибодат қилишим кераклигини билиб олган эдим. Ўшанда Роббимга дилимдагиларни тўкканча, қуёш кўтарилиб кетганини сезмабман…
 
Бир неча кундан кейин дадам ҳам, рўза тутишга қодир бўлмаса-да, қутлуғ ойда Ислом динининг иккинчи фарзини адо этишдан икки карра ажр-савоб умид қилган онам ҳам намоз ўқишни бошладилар. Хонадонимиз ўзгача файзга тўлиб кетганди...
 
Флюра Умурзоқова
 
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ойнанг бўлсин, лекин у ойнага сиғинма. Фоний эканингни унутма. Чиройли бўл, лекин гўзаллик сени еб битирмасин. Бошингдан тортиб оёғинггача бутун тананг сенга давоми...

1973 14:00 / 07.08.2022
IXҚамал тамом бўлиши биланоқ Хадийжа онамиз бемор бўлиб ётиб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ёнларидан жилмай, қарар эдилар. Аммо давоми...

3356 14:05 / 29.10.2018
Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримнинг ўнлаб оятида жимоъни зикр қилган. Суннатда ҳам худди шундай келган. Лекин бу илоҳий манбаларда у ўзига хос юксак савиядаги давоми...

3406 17:40 / 09.06.2019
Кекса онахон шундай ҳикоя қилади .Учта ўғлим бор, барчаси уйжойли бўлиб, тинчтотувликда яшамоқда. Кунлардан бир куни тўнғич ўғлимникига меҳмонга бориб, ўша ерда давоми...

4580 17:00 / 30.06.2022