1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон

09:00 / 19.08.2023 1796 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури – ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам олимлар ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратадилар.


– Ҳадис
«Ҳадис» сўзи араб тилида «сўз» деган маънони англатади. Демак, ҳадис деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади.


Уламолар истилоҳида эса «ҳадис»га қуйидагича таъриф берилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий ва хулқий (жисмоний ва ахлоқий) сифатлар ҳамда сийратга тегишли маълумотлар «ҳадис» дейилади».


Ушбу таъриф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил хусусларни ўз ичига олмоқда. Таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.


«Гап». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.


Мисол учун, «Амаллар ниятларга боғлиқдир».
Бу «қавлий (оғзаки) суннат» дейилади.
«Иш». Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва ҳоказо.
Бу «амалий суннат» дейилади.


«Тақрир». Бу сўз бир нарсанинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни тасдиқлаш, маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол:
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган бир тўп лашкарга бош эдилар. Борган жойларида жунуб бўлиб қолдилар ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқидилар. У кишининг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишларини маъқулладилар.
Маъқуллаш «Маъқул» деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўяқолиш билан ҳам бўлади.


Бу «тақририй суннат» дейилади.
«Халқий (жисмоний) сифатлар». Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларидаги сифатлари киради.


«Хулқий (ахлоқий) сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.


«Сийрат». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб то Аллоҳнинг ҳузурига қайтгунларигача бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган.


Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.
– Ҳадиси қудсий
«Ҳадис» лафзининг луғавий маъносини ўргандик. «Қудсий» сўзи эса «муқаддас» деган маънони англатади.


Уламолар ҳадиси қудсийни қуйидагича таърифлайдилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган нарса ҳадиси қудсийдир».
Ҳадиси қудсийга мисол келтирамиз.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Аллоҳ таоло айтади: «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нималарнидир) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берганимнинг афзалини бераман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан афзаллиги худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан афзаллиги кабидир».
Термизий ривоят қилган.


Ушбу ҳадис ҳадиси қудсий ҳисобланади, чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айтганларини ўз иборалари билан нақл қилмоқдалар.


Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқлар:
1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, сўзлари ҳам Аллоҳ таоло томонидандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи араблардан унга ўхшаш калом келтиришни талаб қилган, улар бунга қодир бўлишмаган ва қиёматгача ҳам қодир бўлишмайди. Ҳадиси қудсийда эса бу хусусият учрамайди. Унинг мўъжизалиги йўқ ва Аллоҳ таоло араблардан унга ўхшаш нарса келтиришни талаб қилмаган.


2. Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийларини, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий китобнинг ўзига хос сифатларидан биридир.


3. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берилади. Ҳадиси қудсий эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берилади.


4. Қуръони Каримнинг барчаси, ҳар бир ҳарфигача тавотур ила ривоят қилинган. Унинг барчаси қатъий собит бўлган. Ҳадиси қудсийларнинг кўпи мутавотир бўлмай, оҳод хабарлардир. Баъзи ҳадиси қудсийлар саҳиҳ, айримлари ҳасан, бошқаси заиф бўлиши ҳам мумкин.


5. Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар «Ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллоҳдан», десалар, бошқалар «Аллоҳдан эмас», дейдилар.
(Давоми бор)

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллома Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг 13 август кунги .Усул Академияси, форумидаги нутқларидан иқтибосларПайғамбаримиз алайҳиссалом бомдод намозидан кейин давоми...

1257 09:47 / 13 март
Бир куни Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ шогирдлари олдига ўкинган ҳолда чиқди ва деди Менинг Зумра ибн Саъид билан ўтиришим, Зумранинг эса Абу Саъид Худрий билан давоми...

1091 17:23 / 19.12.2022
quotАллоҳу Таоло quotМени бандам қандай тасаввур қилса шундай бўламан, у Мени эслаганда Мен уни ёнида бўламан. У Мени дилида эсласа Мен ҳам уни ичимда эслайман, жамоа давоми...

4867 16:31 / 10.08.2017
Мусулмон уммати барча илмларни мударрис ва устозлардан ўрганишга одатланишган ва бу ишга алоҳида, катта аҳамият бериб, илмни китоблардан ва қоғозлардан ўзича давоми...

4904 05:58 / 29.09.2018