1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Китоб вафоси

11:00 / 18.08.2023 2241 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир танишим ҳикоя қилади:
«Қишлоғимизда тарихдан дарс берадиган бир муаллим бўларди. Жуда илмли, ҳалим инсон эди. Муаллим ёшлигидан китоб йиғар, баъзан кутубхонадан топилмаган ноёб китоблар домланинг уйида бўларди. Чоғроққина хонанинг деворлари қўлбола китоб жавонига тўла эди. Муаллим китобларини жуда қизғонар, уч кундан ортиққа бермас эди. Вақти яқинлашиши билан тергаб турарди.


Муаллимни тирик энциклопедия деса бўларди. У кутубхонасидаги ҳамма китобни ўқиб чиққан, ҳар бир китобнинг ичида хатчўпи, четига майда хатлар билан ёзган изоҳлари бўларди. Бирон китобни ҳали ўқимасдан, домла билан гаплашсангиз, ўша китоб ҳақида сизга тўлиқ маълумотни бериб қўярди. Мен кўпроқ домланинг суҳбатларига ишқибоз эдим.


1990-йилларнинг боши жуда оғир келди. Иқтисодий танглик, йўқчилик, ойликнинг мазаси йўқ. Ҳовлида етиштириладиган мева-сабзавотлар ҳам оиладан ортмайди. Шундай оғир кунларнинг бирида муаллимнинг хотини қаттиқ оғриб қолди. Домла бор-будини сарфлаб, аёлини кўрсатмаган жойи қолмади. Шаҳардаги дўхтирлар тезроқ ҳаракат қилиб, даволамаса, кеч бўлишини айтишди. Муаллим атрофдан қарз-ҳавола сўради. Ҳамманинг аҳволи бир – танг. Пул ўлгур топилавермади. Охири ҳовлисининг ярмини сотишга мажбур бўлди.


Хотинининг биринчи операцияси муваффақиятли чиқмади. Муаллим яна бир ой шаҳарга, шифохонага қатнади. Уйнинг пули ҳам тамом бўлди. Дўхтирлар кейинги операция қилинмаса, хотини вафот этишини айтишди. Домла нима қиларини билмай қолди. Уйда сотишга ҳам ҳеч нарса қолмаган, муаллимнинг сабр косаси тўлиб борарди.


Ўша кезлар муаллим билан кўришган эдим. Жуда озиб кетган, кўзлари киртайиб қолган эди. «Китобларимни сотмоқчиман, оладиган одам бўлса айт», деди. «Ие, домла, умр бўйи йиққан китобларингизни-я, қўйинг, пул топилиб қолар», десам унамади. «Сенданам қарзим бор, қишлоқдошлардан, майли, келинойинг тузалса бўлди, китобларим...», деб бир хўрсинди-да, ўйга толди.


Биргаликда китоб оладиган одам қидирдик. «Бу йўқчилик замонда китоб кимгаям керак эди», дейишди. Туман китобсавдога борсак, «Майли, ташлаб кетинг, сотилиб қолса, бирор ойларда сотилганлари пулини қилиб берамиз, лекин ўзимизнинг китоблар ҳам сотилмаяпти», дейишди.


Нариги қишлоқда янги бир бой катта иморат қургани дув-дув гап бўлган эди. Абдусаломбой бир неча йиллардан бери Россияга юк жўнатиб, бойиб кетган, у ерда ўзи кўрган дворянлар уйларидек иморат солган эди. Иморатнинг бир хонаси кабинет бўлиб, то шифтгача жавон қилинган эди.


Муаллим иккаламиз бойни йўқлаб бордик. Икки марта бориб, учрашолмай қайтдик. Учинчисида уйдан чиқаётганда «ушлаб олдик». Бойга муддаони тушунтирдик. Кутубхонани сотмоқчи эканимизни, у биз одамлар оғзидан эшитган кабинет учун роса мос келишини айтдик. Бой эшитишни ҳам истамади. «Кейинроқ гаплашамиз», деди-да «Волга»га ўтириб кетиб қолди.


Умид фақат шу бойдан эди. Уч кундан сўнг, ёнимизга чиройли муқовали йигирматача китобни олдик-да, уни маҳалласида пойлай бошладик. Бой китобларни кўрди-да, «Майли, менам аслида кўп китоб ўқийман, лекин бу учун кўп пул бера олмайман. Китоблар нечта ўзи? Ҳисобини қилиб беринглар», деди. Китобларни арзон гаровга савдолашдик. «Ўзинглар опкелиб, териб берасизлар», деди бой.


Бойникидан хурсанд чиққан муаллим бирдан ўзгариб қолди. Пулнинг ярмини олган, ортга қайтишнинг иложи йўқ эди. Домла билан китобларни йиғиштиришни бошладик. У ҳар бир китобни очар, чангини артар, ичидаги хатчўпларни олиб, хўрсиниб қўярди. Китоблар иккита «Муравей»га жой бўлди. 


Китобларни ортаётганимиздаги муаллимнинг ҳолати бир умр ёдимдан чиқмаса керак. Домла китоблардан бирини оларди-да, бағрига босар, олиб қолгиси келар, яна қўярди. Сўнг бошқасини олиб, ичини очар, ўқир, пешонасини ушлар, яна жойига қўярди. Муаллим умуман гапирмас, унсиз йиғларди. Кўзлари қизариб кетган, худди бир донагина қизини узатаётган отанинг аҳволида эди. Сўнгги китобларни «Сиз олиб чиқинг», деди. «Ўзингиз олиб бориб, жойлаб берарсиз, мен боролмайман...», деди-да, уй томон юраркан, сўнгги бор китобларига узоқ термилиб, кейин қадамини тезлатди...

* * *

Операция муваффақиятли ўтди. 15 кунлардан кейин келинойи уйга қайтиб келди. Муаллим кутубхонани сотганини аёлидан яширган экан... 


Домла кейин мактабда ишлай олмади. Аёлининг аҳволи яхшилангандан сўнг яна қарз-ҳавола қилди-да, Россияга кетди. Дастлаб, мардикорлик қилди. Русчани яхши билгани фойда бўлди. Бир амалдорнинг уйида ишлаб, унинг эътиборига тушди. Заводда ишлай бошлади. Ишлари юришиб қолди.


Уч йилдан сўнг сотиб юборган ҳовлисининг ярмини қайта сотиб олди. Яна икки йил ичида эски уйларни бузиб, иморат солди. 


Китоб воқеасидан 7 йилча ўтган эди. Россиядан келган куни муаллим мени йўқлади. Мазза қилиб гурунглашдик. Суҳбат сўнгида ўша китобларини эслади. Тақдирига қизиқди. Иложи бўлса, қайта сотиб олишини айтди.


Эртаси куни қўшни қишлоққа бойни қидириб бордик. Данғиллама иморат аллақачон сотилиб кетган, унга бошқа бой эгалик қилаётган эди. Муддаони тушунтирганимиздан сўнг у : «Мен сотиб олганимда кутубхона йўқ эди», деди. Уйнинг аввалги эгасини қидиришга тушдик. Бой бизни таниди, қуюқ сўрашди. Кутубхонадан гап очилганда нимадир эсига тушгандек, бир яйради-да, «уйни сотишдан олдин таъмирлаш жараёнида китобларни чордоққа опчиқиб қўйгандим, агар ташлаб юборишмаган бўлса, ўша ерда тургандир», деди.


Эртаси куни янги бойнинг уйига бориб, вазиятни айтсак, «Хўп, қараб кўрарман», деди. Бир-икки кундан кейин ўзи йўқлаб қолди. Бир кундаёқ «китобхон»га айланган бой: «Нақд хазинанинг ўзи чердагимда экан-у, билмай юрган эканман, тенгсиз китоблар бор экан. Суриштириб кўрдим, бу китоблар анча қиммат бўларкан», деди. Бой нархни оширишга ҳаракат қилиб, чўзиб юрди, охири битта «Жигули»нинг пулига (ҳозирги пайтдаги «Спарк» нархига тўғри келса керак) рози бўлди.


Муаллим билан китобларни янги жойига терарканмиз, яна ўша ҳаяжонни сездим. Домла ҳар бир китобни олар, чангини артар, ҳидлар, баъзиларини бағрига босарди...


Янги бой эса янаям қимматроққа сотсам бўларкан, деб юрган экан».

Давронбек Тожиалиев
«Ҳилол» журналининг 3(48) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
268. 282. Жаририйдан ривоят қилинади.Ким мўминни оч ҳолда учратиб, унга таом бериб тўйдирса ва сув бериб чанқоғини қондирса, албатта жаннат эшикларининг биридан давоми...

4704 11:00 / 03.07.2021
Ушбу масала юзасидан мен ҳам ўз мулоҳаза ва таклифларимни керакли тарафларга бергандим анча бурун ва ўшандан бери уларни сизларнинг муҳокамангизга ҳам ташлашни давоми...

11338 11:22 / 13.01.2018
Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. давоми...

4972 17:00 / 17.07.2021
.Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш ndash Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб қилиш ndash ибодат, музокараси ndash тасбиҳ, уни излаш ndash жиҳод, билмаганга ўргатиш ndash садақа, уни ўз давоми...

4519 20:39 / 19.08.2017