1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Идданинг ҳикматлари

16:00 / 28.07.2023 1763 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашганидан сўнг сақлаши лозим бўлган муддат «идда» деб аталади.


Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эгадир:
Биринчиси – эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми экани аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.


Иккинчиси – ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.


Учинчиси – эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Яна бошқа ҳикматлари ҳам бор.


Энди бу масалада келган матнлар билан танишиб чиқайлик.


Идда ҳайз кўрадиган ҳур аёлга талоқ ва фасх учун учта тўлиқ ҳайз бўлади.


«Фасх» кичик пайтда никоҳлаб қўйиб, балоғатга етганда ихтиёр ўзига берилиши орқали ажрашиш, эр қул, хотин чўри бўлиб турганда хотин озод қилиниб, унга ихтиёр берилгандаги ажрашиш, эр ёки хотиндан бири иккинчисига хожа бўлиб қолганлиги учун ажрашиш, эрнинг ўғлини шаҳват билан ўпганлиги учун ажрашиш, иккисидан бирининг муртад бўлганлиги учун ажрашиш каби ҳолатлардаги мажбурий ажрашишлардир. Фасхда ҳам хотинга талоқ қилингандаги каби идда ўтириши вожиб бўлади.


Ана ўшандай ҳолатда, аёл ҳайз кўрадиган бўлса, тўлиқ уч марта ҳайз кўриб, тугаши билан иддаси чиқади. Талоқ қилинган пайтда ҳайз кўриб турган бўлса, ҳисобга кирмайди. Ундан бошқа яна уч марта ҳайз кўриши лозим.


Шубҳа ёки фосид никоҳ ила жинсий яқинлик қилинган аёл ўлимда ва ажрашганда ҳам шундай бўлади.


Яъни, иддаси учта тўлиқ ҳайз кўриш бўлади. Албатта, у ҳайз кўрадиган аёллардан бўлса ва ҳомиладор бўлмаса.


«Шубҳа ила жинсий яқинлик қилиш» қоронғида билмасдан, «ўзимнинг хотиним» деб ўйлаб, бошқа хотинга яқинлик қилишга ўхшаш ҳолатларда содир бўлади. Фосид никоҳ эса, гувоҳларсиз бўлган никоҳ, опасининг иддасида синглисига уйланиб олиш, тўртинчи аёлнинг иддаси чиқмай туриб, бешинчисини олиш каби ҳолатларда бўлади.


Кичкиналиги ёки катталиги (сабабли) ёки ёши етса ҳам ҳайз кўрмаётганларники уч ойдир.


Ўлимдан кейин тўрт ою ўн кун.


Ҳомиладор аёлнинг эри ўлгандан кейинги иддаси ҳомиласини туғишидир.


Масъулиятдан қочиб, талоқ қилганнинг хотининики, агар боин бўлса, икки муддатдан узоғи, ражъий бўлса, ўлимникидир.


«Масъулиятдан қочиб, талоқ қилиш» ўлим тўшагида ётган одамнинг аёлни, мерос олмасин, деган мақсадда талоқ қилишидир. Ана ўша талоқ қилиш икки хил – боин ёки ражъий бўлиши мумкин.


Агар талоқ боин бўлса, аёл ўлим ва талоқ иддаларидан қай бири узоқроқ бўлса, ўшани ўтиради. Яъни эри ўлганидан кейин тўрт ою ўн кундан олдин уч ҳайз кўрса, ўлим иддасини ўтиради. Агар унинг уч ҳайз кўриши тўрт ою ўн кундан кўпроққа чўзиладиган бўлса, талоқ иддасини ўтиради.


Агар талоқ ражъий бўлса, аёл ўлим иддасини ўтиради. Чунки ражъий талоқ иддасида ҳали никоҳ алоқаси туради.


Шунингдек, бу ҳолатда аёл «Сиздан вафот этиб, жуфтларини қолдирса, улар ўзларига тўрт ою ўн кун кутурлар» деган оятга амал қилувчилар қоторига киради.


Ҳайздан қолган аёл бир неча ойдан кейин қон кўриб қолса, иддани қайта бошлаб, ҳайз ила санайди.


Бир аёл ҳайздан қолганлиги учун уч ой идда ўтираётган эди. Аммо, икки ойдан кейин ҳайз кўриб қолди. Бу ҳолда у янги идда бошлайди ва иддасини уч ҳайз кўриш билан адо қилади.
Шунингдек, бир ҳайз кўриб, кейин ҳайздан ноумид бўлган аёл ҳам янгидан идда бошлаб, ой билан санайди.


Икки ҳайз кўриб туриб, ҳайздан ноумид бўлган аёл ҳам шундай қилади.


Идда ўтирганида шубҳа ила яқинлик қилинган аёлга бошқа идда вожиб бўлади. Икки идда бир-бирига киришиб кетади. Биринчиси тамом бўлганида иккинчисининг баъзиси ўтган бўлади.


Иддадаги аёлга биров билмасдан уйланиб, яқинлик қилиб қўйди ёки аёллар «Бу сенинг хотининг» деб, эркакни унга қўшиб қўйдилар ва яқинлик содир бўлди. Бу ҳолатлардаги жинсий яқинлик «Шубҳа ила бўлган яқинлик» дейилади. Ўзи иддада ўтирган аёлга нисбатан бу иш содир бўлганда аёл асл иддаси устига шубҳа ила қилинган яқинликнинг иддасини ҳам ўтириши вожиб бўлиб қолади. Ана шунда икки идда бир-бирига киришиб кетади.


Мисол учун, бир ҳайз идда ўтирган аёлга унинг устига яна уч ҳайз ўтириши лозим бўлади. Қолган икки ҳайз асл идданинг давоми бўлиши билан бирга, шубҳа иддасининг биринчи ва иккинчи ҳайзлари бўлади. Ундан кейин аёл иккинчи иддани тўлатиш учун яна бир ой идда ўтиради.


Фосид никоҳнинг иддаси ажратилгандан ёки яқинликни тарк қилишга азму қарор қилганидан кейин бошланади.


Эркак аёлга яқинлик қилишни тарк қилганлиги ҳақида хабар бериши шарт.


Аёл бехабар бўлса ҳам идда тугайверади.


Яъни, эрнинг талоқ қилганини ёки ўлганини хотин билмаса ҳам, иддаси ҳисобланаверади. Идданинг ҳисоби бошланиши учун талоқ ёки ўлимни хотин билиши шарт эмас.


Агар эр ўзи қўйган боин талоқда идда ўтирган аёлни қайта никоҳлаб олиб, яқинлик қилмасдан аввал талоқ қилса, тўла маҳр ва янги идда вожиб бўлади.


Чунки бу худди янги никоҳ ҳукмидаги никоҳ бўлади.


Зиммий талоқ қилган зиммияга ва биз томонга муслима бўлиб чиққан ҳарбияга идда вожиб эмас. Илло, ҳомиладор бўлса, вожиб.


Чунки ҳомиладор аёлнинг қорнидаги боланинг насаби собитдир.


Боин талоқдан ва ўлимдан кейин идда ўтирган балоғатга етган, оқила ва муслима аёл зебу зийнатни, заъфарон ва сариққа бўялган нарса кийишни, узрсиз мой, хино, хушбўйлик ва сурма суртишни тарк қилиш ила аза тутади. Озод бўлганлиги учун ва фосид никоҳдан кейин идда ўтирувчи эмас.


Иддадаги аёлга совчи қўйилмайди. Фақат ишора билан бўлса, майли.


Ишора билан совчилик қилиш қандай бўлади? Ишора билан совчилик қилиш «Бирорта муносиб аёл топилса, уйланмоқчи бўлиб юрибман, аёл киши бўлмаса, қийин бўлар экан» каби сўзлар билан ишора қилишдир. Ўтган азизлар ҳам шундай йўл тутганлар.


Боин ва ражъий талоқнинг иддасида ўтирган аёл уйидан асло чиқмайди.


Қайси аёл талоқдан сўнг, иддаси чиқмай туриб, эрининг уйидан чиқиб кетса, гуноҳкор бўлади. Шариатнинг бу ҳукми ҳам ўзга ҳукмлари каби ҳикматлидир.


Иддада ўтирган аёл эрининг кўзига чиройли бўлиб кўриниб турса, эр аччиғидан тушиб, кўнгли эриб, қайта ярашишга мойил бўлиб қолади. Уйдан чиқиб кетганда эса, бунинг акси бўлади. Яъни келин ота уйига бориб, эридан шикоят қилади, оқибатда унинг қариндошларининг жаҳли чиқиши, келиб, куёв ва унинг яқинлари билан уришишлари ва натижада, юз кўрмас бўлиб кетишлари мумкин. Бундай ҳолда аёлнинг уйдан чиқишига бирдан-бир сабаб бор, у ҳам бўлса, «илло, очиқ-ойдин фаҳш иш қилган бўлсалар (чиқариладилар)».


Баъзи уламоларимиз бу ерда зино назарда тутилган дейдилар, баъзилари эса зинодан ташқари эрга қаттиқ озор бериш, уни хафа қилишни ҳам қўшадилар.


Вафотнинг иддасида ўтирган аёл кеча-кундуз чиқиши мумкин. Аммо манзилида ётади.


Чунки эри ўлган аёл талоқ қилинган аёлдан фарқли ўлароқ, ўзини ўзи нафақа билан таъминлашга муҳтож. Шунинг учун уйидан чиқишга мажбур бўлади. Талоқ қилинган аёлнинг нафақаси эса, уни талоқ қилган эрига вожиб бўлади.


Аёл ажрашганидан кейин ҳам, вафотдан кейин ҳам ўз манзилида идда ўтиради. Илло, у бошқалар томонидан чиқарилса ёки молининг талофатга учрашидан ва уйнинг йиқилишидан қўрқса ёхуд уйнинг кирасини топа олмаса, чиқади.


Боин талоқда икковлари ўртасида парда бўлиши лозим.


Агар боин уч талоқ ва хулуъдан кейинги иддада ўтирган аёл ажрашган эри билан бир хонада турадиган бўлса, худди бегоналар каби ораларига парда тутишлари лозим. Эрнинг кўзи унга тушмаслиги керак.


Манзил иккиси учун торлик қилса, эрнинг чиққани яхшироқ. Эрнинг фосиқлиги учун ҳам шундай қилинади.


Чунки идда ўтирган аёлнинг уйдан чиқмаслиги Қуръони Каримда келган амр. Эрнинг чиқмаслиги ҳақида амр йўқ.


Ораларини тўсишга қодир бир аёлнинг қўйилиши яхшидир.


Шунда икки бегонанинг холи қолмаслиги каби буларнинг ҳам холи қолмасликлари таъминланади.


Агар эр уни сафарда боин талоқ қилса ёки ўлиб қолса ва аёл билан шаҳарининг ораси бир кунликдан оз йўл бўлса, ўз шаҳрига қайтади. Агар ўша масофа ҳар томонга баробар бўлса ва аёл очиқлик жойда бўлса, ихтиёр ўзида. Қайтиш афзал. Агар ўша пайтда аёл шаҳарда бўлса, ўша ерда идда ўтиради. Сўнгра маҳрами билан чиқади.


Маҳрами билан қароргоҳига етиб олиб, иддани давом эттиради.


«Бахтиёр оила» китобидан


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1465-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оилавий ҳаётнинг ва эрхотиннинг бирбирларига нисбатан бўладиган муносабатларини сифатлашда Қуръони Каримда келган баёнотлар айни мўъжизадир. Бу борадаги давоми...

4064 17:00 / 01.08.2021
1. Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида, қулфланадиган уй аёлга кифоя қилади.Яъни, бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам, алоҳида яшаш учун лозим қулайликлари бор уй давоми...

3403 14:30 / 27.06.2019
Она тилимизда ҳали чуқур луғавийилмий ишлар олиб борилмаганлигиданми, баъзи истилоҳларда ўйланиб қоладиган ҳолатлар бор. Мисол учун .Хотин, сўзи турли жойларда давоми...

4250 20:00 / 09.08.2019
Кинояли талоқ унинг ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бор нарсадир.Бунда талоқни ҳам, бошқа маънони ҳам англатадиган лафз хотинига нисбат бериб ишлатилади..Бас,, давоми...

2018 16:00 / 02.02.2023
Аудиолар

131622 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52098 14:35 / 11.08.2021