1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Хулқнинг ёмони дўзахга сабаб бўлади

11:00 / 08.05.2023 1196 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абу Дардо кечаси туриб, намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб: «Аллоҳим! Менинг халқимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин», дея бошлади.


«Эй Абу Дардо! Туни билан фақат ҳусни хулқ ҳақидагина дуо қилдингиз-а?» дедим.


«Эй Умму Дардо! Мусулмон банда хулқини гўзал қилса, ўша гўзал хулқи уни жаннатга элтади. Мусулмон банда хулқини ёмон қилса, ўша ёмон хулқи уни дўзахга киритади.


Мусулмон банда ухлаб ётганида ҳам мағфират қилиниши мумкин», деди.
«Эй Абу Дардо! Қандай қилиб ухлаётган одам мағфират қилинади?» дедим.
«Унинг бир биродари кечаси туриб, таҳажжуд ўқийди. Сўнг Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилади. Шунда унинг дуосини қабул қилади. Ва биродарининг ҳаққига дуо қилади. Шунда унинг бунинг ҳақидаги дуосини ҳам қабул қилади».


Бу ривоят машҳур саҳобия Умму Дардо розияллоҳу анҳодан қилинмоқда. У кишининг эрлари Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳам обидлиги билан машҳур бўлган зотлардандир. Бу оила ниҳоятда ибодатли оила бўлган.


Ривоятда келишича, Абу Дардо розияллоҳу анҳу кечаси туриб, намоз ўқидилар ва сўнг тонг отгунча: «Менинг халқимни, яъни тузилишимни яхши қилиб қўйдинг. Энди хулқимни яхши қилгин», деб Аллоҳ таолога йиғлаб ёлвордилар.


Умму Дардо розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Мен Абу Дардога: «Эй Абу Дардо! Туни билан фақат ҳусни хулқ ҳақидагина дуо қилдингиз-ку?» дедим. Абу Дардо:
«Эй Умму Дардо! Мусулмон банда хулқини яхши қилса, ўша яхши хулқи уни жаннатга элтади. Мусулмон банда хулқини ёмон қилса, ўша ёмон хулқи уни дўзахга киритади. Мусулмон банда ухлаб ётганида ҳам мағфират қилиниши мумкин», деди.


Шунда мен: «Эй Абу Дардо! Қандай қилиб ухлаётган одам мағфират қилинади?» дедим.
Абу Дардо шундай жавоб бердилар:
«Унинг бир биродари кечаси туриб, намоз ўқийди. Кўп ижтиҳод қилиб, сўнг Аллоҳ таолога дуо қилади. Шунда Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилиб қолади. Агар ўша дуода ухлаб ётган биродарининг ҳаққига ҳам дуо қилган бўлса, Аллоҳ таоло қабул қилиб, уни мағфират этади».


Бу буюк саҳобийларнинг оилавий ҳаётида бўлиб ўтган бир ибратли воқеа. Албатта, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган, у зотдан таълим олган инсонларнинг ҳаёт тарзидир.


Ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳусни хулқ шундай қадрли нарса эканки, улуғ бир саҳобий бир кеча давомида намоздан сўнг фақат шу сифат берилишини сўраб, «Аллоҳим! Менинг халқимни гўзал қилдинг, энди хулқимни ҳам гўзал қилгин», деб дуо қилиб чиқибдилар. Чунки ҳусни хулқ ўз соҳибини жаннатга олиб борар экан. Аллоҳ сақласин, хулқ ёмон бўлса, эгасини дўзахга олиб борар экан.


Энди ушбу ривоятнинг иккинчи қисмидаги дуо ҳақида. Демак, мўмин-мусулмонлар ўз биродарларининг ҳаққига ғойибдан, хусусан, кечалари, таҳажжуд намозларидан кейин қилган дуолари ижобат бўлар экан, бундай дуоларда бирор кишининг ҳаққига қилинган дуо қабул бўлиб қолса, дуо қилинган киши бу пайтда ухлаб ётган бўлса ҳам, гуноҳлари мағфират бўлиши, баъзи ҳожатларини Аллоҳ таоло раво қилиб қолиши мумкин экан.


Бу сиз билан биз учун жуда катта фойдали нарса ҳисобланади.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Кечаси туриб, намоз ўқиш фазилатли иш экани.
2. Тонг отгунча йиғлаб дуо қилиш фазилатли иш экани.
3. Хулқини яхши қилишини Аллоҳ таолодан сўраб туриш кераклиги.
4. Мусулмон банда хулқини яхши қилса, ўша яхши хулқи уни жаннатга элтиши.
5. Мусулмон банда хулқини ёмон қилса, ўша ёмон хулқи уни дўзахга киритиши.
6. Мусулмон банда ухлаб ётганида ҳам мағфират қилиниши мумкинлиги.
7. Кечаси туриб, намоз ўқиб, Аллоҳ таолога дуо қиладиган кишиларнинг дуоси қабул бўлишидан умидворлик борлиги.


«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга.Эй Аллоҳнинг Расули Фалон аёл кечаси намозда қоим бўлади, кундузи рўза тутади, яна бошқа давоми...

1732 19:03 / 07.11.2019
Ўзлари муҳтож бўла туриб, муҳожирларга ёрдам қўлини узатган ансорлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган .Улардан аввал бу диёрда ва давоми...

2708 14:00 / 12.07.2022
Мазкур бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Одоблар хазинасиrdquo асаридан отаонага яхшилик қилиш масалаларига бағишланган мавзуларни тақдим этиб давоми...

2560 00:46 / 30.09.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Инсонга отаонаси ҳақида тавсия қилдик онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди уни сутдан давоми...

2673 08:59 / 03.06.2021