1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Фақиҳ бўлса, ҳусни хулқли бўлур

09:00 / 16.02.2023 1351 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, киши ўзининг ҳусни хулқи ила кечалари бедор бўлганнинг даражасини топади», дедилар».


Тунлари бедор бўлиб, намозда қоим бўлиб чиқиш ниҳоятда улуғ даражадир. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қурбат ҳосил қилишга, катта мартаба ва даражаларга эришишга сабаб бўладиган ибодатдир.
Мўмин-мусулмон банда бундай даражага ҳусни хулқ билан ҳам эришиши мумкин экан. Бу эса ҳусни хулқнинг нақадар улуғлигини, унга соҳиб бўлган одам кечалари ухласа ҳам, бедор ўтганларнинг савобини, даражасини топиши мумкинлигини кўрсатади. Албатта, ҳусни хулқли одам ҳам кечалари бедор бўлиб, қоим бўлса, нур устига нур бўлади, юксак даражаларга эришади.


Ҳар бир нарсанинг ўзига хос хусусияти ва фазли бор. Одатда, бир нарсага тарғиб қилинаётганда, кўпчиликнинг тушунчасига яқинлаштириш мақсадида, ўша тарғиб қилинаётган нарса бошқа бир машҳур нарсага ўхшатилади.


Зотан, кечалари бедор бўлиб ибодат қилишнинг ўзи Аллоҳ таолога нисбатан ҳусни хулқнинг айни ўзидир. Яна ҳам бошқачароқ айтадиган бўлсак, ҳусни хулқли одам кечаси бедор бўлиб ибодат қилади. Кечаси бедор бўлиб ибодат қилишга ўрганган одамнинг хулқи гўзал бўлади.


Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ахлоқи яхши бўлганларингиз Исломда яхши бўлганларингиздир, агар динда фақиҳ бўлсалар», деганларини эшитдим».
Абул Қосим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куняларидир. Куня – баъзи фарзандларнинг исми ёки бошқа сўзларнинг олдига «отаси» ёки «онаси» деган маънодаги «Абу» ёки «Умму» сўзларини қўшиб айтиладиган қўшимча номдир.


Арабларда кўпроқ одамларнинг исмини айтмай, бош фарзандининг исми билан Абу Фалончи ёки Умму Фалончи дейиш одати бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари эса ўғиллари Қосимнинг исми билан Абул Қосим бўлган.


Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг кунямни ўзингларга куня қилиб олманглар. Исмимни олсаларингиз майли, лекин кунямни олманглар», деганлар.
Шунинг учун «Абул Қосим» деган куня қўйиш дуруст бўлмайди.
Демак, яхши ахлоқли бўлиш бир гап экан, динни тушуниб туриб, диний асосда ахлоқли бўлиш алоҳида гап экан. Ким динни яхши тушунса, фақиҳ бўлса ва гўзал, ҳусни хулққа эга бўлса, мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўлар экан.


Бу жуда юқори мартаба ҳисобланади. Демак, мусулмонларнинг ичида яхшиси бўламан, деган одам аввало ҳусни хулқли бўлиши, сўнгра диний таълимотга эга бўлиши, фақиҳ бўлишга ҳаракат қилиши керак экан.


Собит ибн Убайддан ривоят қилинади:
«Зайд ибн Собитга ўхшаш одамлар ичида ўтирганда энг салобатли ва уйида энг хушчақчақ одамни кўрмаганман».
Мадиналик машҳур ансорий саҳобалардан бири Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳақидаги ушбу ривоят Собит ибн Убайд розияллоҳу анҳудан қилинган экан.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келганларида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бола бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асир тушган мушриклардан мусулмонларнинг ўнта боласини ўқитиб беришни талаб қилганлар, «Ким ўнта мусулмон болага ўқиш-ёзишни ўргатиб қўйса, озод бўлиб кетаверади», деганлар. Зайд ибн Собит ўшанда ўқиш-ёзишни ўрганиб олган болалардан бири бўлганлар.


Кейинчалик бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида Қуръони Каримни ёзиб юрганлар.
У кишининг энг машҳур мавқифларидан бири шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломдан икки марта тўлиқ ўтказиб олганлар. Ана шунда Зайд ибн Собит икки сафар ҳам хатмнинг бошидан-охиригача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга ўтирганлар. Шунинг учун кейинги пайтларда – ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳумо даврларида Қуръони Каримни жамлаш ва ундан нусхалар кўчириш ишларига айнан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бош бўлганлар.


Бу ривоятда зикр қилинишича, ана шу энг салобатли, вазмин инсон уйида, аҳли-аёли олдида очиқ чеҳрали, хушчақчақ бўлган эканлар. Кўпчиликда бунинг тескариси бўлади. Кўчада ҳамма билан очиқ, хушчақчақ бўлиб юрган одам уйидагиларга нуқул зуғум ўтказади.


Саҳобаларда бундай ҳолат кузатилмаган экан. Эркак киши, илмли, қори одам жамоат орасида ўзига яраша мавқеини тутиб, қадрини билиб, салобат билан юрар экан, уйда эса бола-чақалари ўртасида хушчақчақлик билан, енгил муомала қилар экан.


«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бобнинг номидан кўриниб турибдики, Исломда қулларнинг зиммасига ҳам маълум бир мажбуриятлар, масъулиятлар юклатилган. Улар тенг ҳуқуқли кишилар даражасига давоми...

2000 11:30 / 25.12.2020
Абдуллоҳ ибн Язийд Хотмийдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир маъруф садақадир,, дедилар,.Шарҳ Демак, ҳар бир яхшилик, ҳар бир яхши, давоми...

1987 08:48 / 15.08.2021
69. Бародан ривоят қилинади.Бир аъробий келиб.Эй Аллоҳнинг Набийси Менга жаннатга киритадиган бир амални ўргатинг,, деди..Гапни қисқа қилдингу, лекин катта нарсани давоми...

2531 11:00 / 10.04.2019
. ,. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Кишига гуноҳ ўлароқ қарамоғидагиларни зое қилиши етарлидир,, давоми...

1286 11:30 / 12 июнь
Аудиолар

211024 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130283 14:35 / 11.08.2021