1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Фарзандингизга ўзингиз кўмаклашинг

09:00 / 13.02.2023 883 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онага итоат қилиш, уларга яхшилик қилиш фарз амаллардан бири бўлиб, уларга итоатсизлик қилиш эса Аллоҳга ширк келтириш билан бир қаторда зикр қилинган гуноҳи кабиралардан биридир.
Ота-онага итоатли фарзанднинг бу дунёда ҳар бир иши ўнгидан келади, охиратда эса ютуқларга эришади. Итоатсиз фарзанд эса дунёда хорликка, охиратда жазога маҳкумдир.


Биз бу мавзуда фақат фарзандларга панд-насиҳат қилишга ўрганиб қолганмиз. Аммо фарзандларимиз бизга итоат қиладиган, бизга яхшилик қиладиган инсонлар бўлиб етишиши учун, бизга итоатсиз бўлмаслиги учун уларга биз ёрдам беришимиз керак экан. Афсуски, бу мавзуда отага деярли ҳеч ким панд-насиҳат қилмайди. Ваҳоланки боланинг айрим итоатсизлигига ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўлишади. Оқибатда эса фарзандларидан олдин ўзлари маломатга қолишади. Бир улуғ зот тарбиясиз ўғлидан шикоят қилиб келган, аммо ўзи оталик бурчини бажармаган одамга қараб: «Боланг сенга оқ бўлмабди, балки сен ўзинг болангга оқ бўлибсан», деган экан.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Фарзандларингизга итоатгўй бўлишда ёрдам беринглар. Ким хоҳласа, фарзандидан ўзига итоатсизликни чиқариб олаверсин».


Табароний ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда: «Ўзига итоат қилишда фарзандига ёрдам берган отага Аллоҳ раҳм қилсин. (Бундай оталар) фарзандининг яхшилигини қабул қилади, ёмонлигини кечириб юборади», дейилган.
(Абу Абдурраҳмон Суламий «Одобус-суҳба»да заиф санад билан ривоят қилган).
Оталар фарзанддан яхшилик ва итоат қозониши учун қуйидаги кўрсатмаларга амал қилишлари керак:
1. Гўзал хулқ ва дин соҳибаси бўлган аёлга уйланиш. Чунки у фарзандларга она бўлади, уларни тарбиялайди, уларга таъсир ўтказади. Ота кўпинча уйда эмас, тирикчилик ва нафақа билан банд бўлгани учун фарзандларга ундан кўра она яқинроқ бўлади, улар билан кўпроқ бирга бўлади.
2. Гўзал исм қўйиш. Фарзандларга яхши ният билан анбиёларнинг, саҳобалар, буюк уламолар, фотиҳ ва солиҳ зотларнинг исмини қўйинг. Шояд фарзандлар уларнинг шахсиятидан таъсирланишса.
3. Ёмон улфатлардан узоқлаштириб, солиҳлар билан дўст бўлишга ундаш.
4. Одоб-ахлоқ, Қуръон ва ҳадис ўргатиш, масжидга олиб бориш, илм-фан, касб-ҳунар ўргатиш. Фарзандларни олимлар, зокирларнинг суҳбатига олиб бориб, уламоларга муҳаббатли бўлишни ўргатиш керак.
5. Фарзандлар билан доимий суҳбат қуриш, улар билан бирга ўйнаш, каттароқ бўлганида эса бирга иш қилиш, ибратли қиссаларни ҳикоя қилиб бериш, уларни суйиб, бошини силаш, пешонасидан ўпиш, хуллас – меҳр бериш, уларни жонидан ортиқ кўришини билдириш, кўрсатиш. Фарзандларни ҳалол луқма билан боқиш, ёшига, қобилиятига қараб ўйинчоқлар, ҳадялар бериш, уларнинг моддий таъминотида қўли очиқ бўлиш, ёшига муносиб муомала қилиш, меъёрида эркалаш ва тергаш, одатда болаларда учраб турадиган, оталар хушламайдиган хато-камчиликларни кечириш лозим.
6. Энг муҳими, фарзандларнинг ҳаққига уларнинг олдида ҳам, ортидан ҳам кўп дуо қилиш. Айниқса, саждаларда ғойибона дуо қилиш, солиҳ зотлардан уларнинг ҳаққига дуо олиш, сўнг ана шу дуоларнинг ижобат бўлишини ҳам сўраш лозим. 


Аллоҳ таоло фарзандларимизни кўзимизнинг қувончи қилсин!

Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

Муаллиф
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гўзал хулқ билан кишининг имони мукаммал бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қайси мўминнинг имони комил ҳисобланади,, деб сўрашганида .Гўзал давоми...

957 17:32 / 19 январь
Аллоҳ кўзни номаҳрамдан тийишга буюрди. Бу амрни мўмин ва мўминаларга баробар йўллади. Кейинроқ қарашни батамом тақиқлаганлар келишди. Энди аёл кўриши ё давоми...

2469 14:00 / 06.07.2022
Абу Ҳафс Аббор деган зот ибн Шубрума роҳимаҳуллоҳ билан дўст эди. Абу Ҳафс Абборнинг бир куни ибн Шубрумага эҳтиёжи тушиб қолди. Ибн Шубрума унинг эҳтиёжини давоми...

2168 09:00 / 07.12.2021
Маълумки, Исломдан олдин ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақалашиб, бирбирларидан ўтишга ҳаракат қилишарди. давоми...

3204 20:00 / 27.07.2019