1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ўзингиздан кетманг!

09:00 / 02.02.2023 2027 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ «Уйунул ҳикоёт» номли китобида келтиради:
«Бани Исроилдан бир обид олтмиш йил ибодатхонада ибодат қилди. Тушида бир киши кўриниб унга: «Фалон маҳсидўз сендан яхшироқдир!», деди.


Обид: «Бу бир тушда!», деб ибодатхонадан чиқмади. Маҳсидўзнинг олдига бормади. Аммо бир неча марта бир хил туш кўрди. Охирги марта тушидаги инсон: «Юзи сариқ (нурли) маҳсидўзни қидир!», деди. Обид ибодатхонасидан чиқиб маҳсидўзни топди. Маҳсидўз уни ўрнидан туриб кутиб олди. Унга яқинлигини изҳор қилди ва сўради:
- Нега ибодатхонадан чиқдингиз? 
- Сен туфайли чиқдим. Юзингдаги сариқ(ёруғ)лик нимадан?
- Мен кўзим тушган инсонни жаннатий деб ўйлайман. Фақатгина ўзимни дўзахда деб ўйлайман!
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади:
«Маҳсидўзни юзини нурли қилган ва обиддан афзал қилган нарса нафсидан нафратлангани бўлса керак!».


Бу ҳикояни келтиришимга сабаб шуки, биздан ҳар биримизни кимдир кўнглини оғритган, жароҳатловчи сўзлари билан қалбини синдирган, қўполлик қилиб бағрини тилган.
Улар динни хато тушуниб инсонларга Аллоҳни ёмон кўрсатиб қўядиганлардир. Улар инсонларга шайтонга қарши ёрдамчи бўлиш ўрнига, шайтонга инсонларга қарши ёрдамчи бўлишади.
Жароҳатловчи сўзлар сабаб қанча-қанча ёшлар намоздан қочиб юрибди!


Диндор аёлларнинг қўполлиги сабаб қанча-қанча қизларимиз ҳижобдан  қочиб юришибди!
Битта ёмон диндор учун қанча-қанча кишилар дин аҳлидан нафратланади!
Инсонларга хўжайинлар каби боқадиган кишилардан қабиҳроқ инсон йўқ бу дунёда!
Келинглар, Ислом биздан истайдиган нарсалар ҳамда хато тушунчалар ўртасини ажратайлик. Ҳаммани битта қолипга солмайлик.


Қўпол даъватчилар битта бўлса, мулойим ва раҳмдил даъватчилар юзлаб топилади. Қалби қаттиқ диндор аёл битта бўлса, минглаб юмшоқ қалбли диндор аёллар бор.
Аллоҳ билан сизнинг ўртангизга кириб олишларига йўл берманг. Ёмон хулқли инсонни кўриб Аллоҳдан узоқлашманг!


Дунёда битта шифокор бизни даволашда хато қилса, шу билан тўхтаб қолмаймиз-ку. Бошқа шифокор қидирамиз-ку!
Битта ошхона тозаликка риоя қилмаса, бошқа барча ошхоналарни ҳам тарк қилмаймиз-ку!
Битта автомобил тузатадиган уста бизга хиёнат қилса, бошқасига борамиз-ку!
Дунёвий ишларда бир кишининг хатоси билан бошқаларни айбламаймиз-у, нега энди дин ишида бир даъватчи ёки битта мусулмон хато қилса барчани шунинг ичига тиқиб, бир хил ҳукм қилиб юборамиз?!
Агар динни қандайлигини билмоқчи бўлсангиз уни асл манбасидан олинг. Саҳобалар энг камтарин ва энг хулқи гўзал инсонлар эди. Уларга жаннат башорати берилди!


Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлишидан олдин маҳалладаги баъзи заиф ва мискинларнинг қўй ва эчкиларини соғиб ёрдам бериб юрар эди. Халифа бўлганидан кейин улар сўрашди:
- Энди бизнинг қўйларимизни соғиб бермайсанми?
Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди:
- Албатта соғиб бераман. Аллоҳдан мени ўзгартиришидан паноҳ сўрайман!
Урва ибн Зубайр айтади:
Бир куни халифа Умар ибн Хаттобни елкасида бир меш сув кўтариб кетаётганини кўрдим. Унга дедим:
- Эй мўъминлар амири! Сизга бунақа ишлар лозим эмас!
Шунда халифа деди:
- Элчилар менинг олдимга келиб мени индамасдан эшитиб, итоат қилиб ўтиришганида нафсим бироз манмансиради. Уни синдириб қўйишни истадим!
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу айтади:
Халифа Усмон розияллоҳу анҳуни масжидда ухлаганини кўрар эдим. Бўйра юзига ботиб из қолдирар эди!».
Халифа Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу бир дирҳамга гўшт сотиб олди. Бир киши: "Эй мўъминлар амири! Гўштни мен кўтарай!», деди.


Шунда Али розияллоҳу анҳу: «Нарсани ўз эгаси кўтариши керак!», деди!
Кишилар Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг бозорда елкасида бир боғ ўтин кўтариб кетаётганини кўришди. Унга шундай дейишди:
- Аллоҳ сени бунақа ишлардан озод қилмаганми?
Абдуллоҳ деди:
- Кибрни даф қилишни хоҳладим!
Яҳё ибн Маъин айтади:
«Аҳмад ибн Ҳанбал каби инсонни кўрмаганман. Унга эллик йил ҳамсуҳбат бўлдим. Бирор марта бизга бирор нарса билан фахрланмади!».


Иймон ўз соҳибига тавозу ва раҳм-шафқатни зиёда қилади. Агар бундай бўлмаса у қалбаки иймондир!
Қанчалар динни қаттиқ тутманг, амалда бақувват бўлманг, бу Аллоҳнинг раҳмати сабабдир. Осийлар билан сизнинг орангизда сатр ташлаб қўйибди. Омийларга нафрат эмас, шафқат назари ила боқишимиз керак. Очиқ юрган аёлларнинг барига кофира деб эмас, нафсига кучи етмаётган ожиза деб қарашимиз керак. Масжидга кела олмаётган биродарларимизга Исломни тарк қилган киши сифатида эмас, дунёдан узила олмаётган ожиз сифатида боқишимиз лозим!


Аллоҳ сизга осон қилиб қўйган ибодатларингиз сабаб бошқаларга юқоридан боқманг. Тирик инсон фитна ва синовлардан холий бўлмайди. Тағин қалбингиздаги кибрингиз сизни ҳалокатга ташламасин!
Кунлар чархпалакдир. Куни келиб осий инсон сизнинг ўрнингизга тушиб, сиз эса осийнинг ўрнига тушиб қолишингиз мумкин!
Қанча-қанча диндорларнинг айнигани, қанча-қанча осийларнинг Аллоҳга муқарраб бандага айланганини кўрдик!


Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб насиҳат қилдилар. Насиҳатлари ичида .Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Унинг давоми...

3252 11:07 / 12.01.2022
Бешинчи амалАллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва сифатларини доим қалбдан ўтказиб, уни яхши танишга уриниш. Зеро, ким Аллоҳ таолони исмлари, сифатлари ва феъллари давоми...

2587 11:00 / 27.01.2021
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Тарихи Димашқ, номли китобида шундай ёзади.Суҳайл ибн Аби Ҳазм айтади.Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ вафот этганидан сўнг уни давоми...

1959 10:30 / 25.10.2021
Баъзи кишилар истиғфор ҳақида айтилган фикрларни нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларнинг кечирилиши осон экан, деган хулосага келиши давоми...

5625 11:19 / 22.10.2018