1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Зиддият

09:00 / 14.07.2023 1764 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суқротнинг қулоғига шаҳардаги энг машҳур фолбин уни оламдаги энг ақлли инсон дегани ҳақидаги хабар етиб келибди. Бу гапдан Суқрот хижолат бўлди. Ўзини бу эътирофга номуносиб деб билди. Ўзи Афинани айланиб энг ақлли инсонни қидиришга қарор қилди. У ўзича ишни осон деб ўйлади. Тезда ўзидан ақлли бир инсонни топиб фолбиннинг гапи хатолигини исбот қилмоқчи бўлди.


Суқрот бир неча сиёсатчилар, шоирлар, ҳунармандлар ва файласуф биродарлари билан суҳбат қилди. Охирида фолбиннинг гапи ҳақлигига ўзи ҳам ишонди. Гаплашган кишиларида илм, маълумот йўқ эди. Ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида қуруқ гапларни гапиришар эди. Улар гўё ҳавога тўлдирилган баллон сингари эдилар. Уларга савол берганида қандай жавоб беришни билишмади.


Суқротнинг улардан афзаллиги шунда эдики, у кўп нарсани билмайман, деб ўйлар эди. Шунинг учун кўп ўқир, изланар ва илм ўрганар эди!


Инсон ҳеч қачон ўзидан рози бўлмаслиги керак. Мавзуга киришишдан илгари мана шу асосни қаттиқ ўзлаштириб олишимиз лозим. Чунки инсон агар ўзидан рози бўлса, бу ҳалок бўлиш билан баробардир. Зеро бундан кейин инсон қотиб қолади, ўсмайди.


Ҳаётдаги гўзал зиддиятлардан бири шуки, инсон ўзининг кўп нарсани билмаслигини кўп ўқигани сари англаб боради. 


Мисол учун Аллоҳ таоло фарзандларга бериладиган мерос ҳақида гапириб:
"Бир ўғилга икки қизнинг насибасича...", деди.


   Бу оятни мерос илмида моҳир бўлмаганлар муҳкам оят деб ўйлашади. Бунда ижтиҳодга ўрин йўқ, унга бирор ҳарф билан ҳам шарҳ битиб бўлмайди, деб хаёл қилишади. Аммо мерос илмида моҳир бўлган кўп олимларнинг китобларини ўқиб, аёл киши кўп ҳолларда эркаклардан кўпроқ мерос олишини англайсиз.


   Биз модимики бир иш ҳақида битта оятни билар эканмиз, ўзимизни шу илмда билимдон деб хаёл қилаверамиз. Аммо шарҳ ва моҳиятларга киришимиз билан ҳеч нарсани билмаслигимизни кўра бошлаймиз.


   Шахсан ўзим бошланғич диний билимларни ўрганганимда ўзимча энди ҳамма  нарсани биламан деб хаёл қилган эдим. Коинотдаги муаммоларни гўё кўз очиб юмгунча ҳал қилиб ташлайман деб ўйлар эдим. Чунки коинот ўшанда менинг билимим қадар эди. Аниқроғи жаҳолатим салмоғича эди. Китоб ўқиб борганим сари жаҳолатимга амин бўла бошладим. Алҳамдулиллаҳ , бугун оддий талабадан ҳам илмим пастроқ деб ўйлайман!


   Демак, жоҳиллигимизни билмоқчи бўлсак миямиздаги жаҳолат қоронғулигига илм чироғини тутишимиз керак!


Абдулқодир Полвонов

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳакимул уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ шундай дер эдилар .Қалбга, бирон яхши амални қилиб олай, деган ўйфикр келиши сўфийлар истилоҳида .ворид, давоми...

883 12:34 / 23 октябрь
Ризқдаги тангликдан шикоят қиламиз. Қанча одамлар нафас олишдаги тангликдан қийналадилар.Тўполончи бўлса ҳам болаларимиз бор. Қанча одамлар фарзандсизликдан давоми...

2759 14:00 / 08.10.2021
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Қуръонни ўқиб, сўнг уни унутиб юборса, қиёмат куни Аллоҳ таолога қўли кесик давоми...

2448 11:00 / 19.08.2023
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар Аллоҳ бандага яхшиликни ирода қилса, унга амал қилдириб қўяди, давоми...

3227 09:00 / 12.06.2021