1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Олимхон домла

12:47 / 09.01.2023 2173 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Олимхон домла 1953 йил Наманган шаҳри, Дегрезлик даҳаси, ҳозирги Сумалак гузари маҳалласи, собиқ «эски Дашт» кўчасидаги маърифатли хонадонларнинг бирида таваллуд топди. Падари бузрукворлари Йўлдош махдум бўлиб, аҳли илм, аҳли тариқат, суфийлардан бўлган. Волидаи меҳрибонлари Зайнабхон (1917-2005) ойим бўлиб, мулла Мусо охунд қизларидир. 1953 йили Олимхон домланинг қиблагоҳлари оламдан ўтади. Ўша вақтлар домла ҳомиладор оналарининг бўйиларида, эндигина уч ойлик бўлган экан. Тоғалари Абдусамадхон (1933-2000) қори хонадонларида туғилиб, вояга етган мулла Олимхон домла ёшликларидан илмга чанқоқ, фаҳму фаросатли ва зийрак бола бўлиб улғайди. Абдусамадхон қори жиянларини ўз ўғлидай оқ ювиб, оқ тараб, гўзал одоб-ахлоқли қилиб тарбиялади.
Дастлабки диний таълимни оила муҳитида олган Олимхон домла кейинчалик, шаҳарнинг машҳур олимлари Шамсиддин (1914-1998) ҳамда Зокирхон (1947-1996) қори домлаларда давом эттиради. Устозларидан араб тилининг сарфу наҳвини шунингдек, Қуръони Карим, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид ва бошқа илмларни пухта ўзлаштириб, етук мулла бўлиб етишадилар. Илм олиш билан чекланиб қолмай, поябзал бичувчи Абдужамил (Гумбаз маҳаллалик) косибга шогирд тушиб, бу касбда моҳир бўлади.
Мулла Олимхон домла 1970 йили Тахтакўприк мавзесидаги мерос қолган ота ҳовлиларидан уй-жой қиладилар. Сўнгра, Раънохон ая билан оила қуриб, фарзандлик бўлади. Рўзғор тебратиш мақсадида, «Шарқ» поябзал фабрикасида ишлайди. Кейинчалик, меҳнат фаолиятларини «Нотўқима» материал фабрикаси («Пятилетка»)да давом эттиради. 1985 йилга келиб, шаҳарнинг Бобуршоҳ кўчаси Рафиқ Мўмин маҳалласидан катта ҳовли қилиб, шу манзилга кўчиб ўтади. 
Мулла Олимхон домла диний соҳадаги имом-хатиблик фаолиятларини 1989 йилдан 2000 йилгача олиб бордилар. Даставвал Наманганнинг Янгиқўрғон ноҳиясидаги «Бешбулоқ» номли масжидида имом бўладилар. Сўнг фаолиятларини Нуробод даҳасидаги «Имом Аъзам» ва Ҳақиқат МФЙ да жойлашган «Ҳазрати Лангар»  масжидларида давом эттирадилар. 
Илм олиш, зиё тарқатишдан тўхтамаган Олимхон домла руҳий камолот ҳосил қилиш мақсадида, пири муршидга қўл бериб, тариқат одобларидан баҳра олишга киришадилар. Бунда у кишига Қўқонлик нақшбандия тариқатининг Ҳусайния шаҳобчаси  раҳнамоларидан бўлган Иброҳим (1937-2009) эшон пири-муршидлик қиладилар. Ҳазрат домла устозларидан шариат аҳкомлари ва тариқат одобларини ўрганиб, илму ирфонда юксаладилар.
Маълумотларга кўра, 1995 йил Иброҳим эшон ҳазратлари: «Олимхон домлага Наманган музофоти (аҳли)ни нақшбандия тариқати одобларидан баҳраманд этиш ҳамда шогирд тарбиялаб илм зиёсини ёйиш» вазифаси (иршод)ни оғзаки тарзда берадилар . Кўрсатмага мувофиқ, мулла Олимхон домла Намангандаги кўплаб кишиларга шариат ва тариқат илмларидан таълим бера бошлайдилар.
Республикамизнинг турли жойларидан келган кўплаб толиби илмлар устоз мулла Олимхон домланинг даргоҳларида таҳсил олиш бахтига муяссар бўлган. Хусусан, Мусохон домла (Янгиқўрғондаги «Бешбулоқ» масжидида имом бўлган) Аҳмадалихон домла (Шодибек масжидида имом бўлган) Обид қори домла (Тахтакўприк), Довудхон қори домла (Заркент бозорилик) Янгиқўрғондан Мусохон, Тоҳиржон домлалар, Сурхондарёдан эса мулла Панжи, мулла Зариф ҳамда Муҳиддин домлалар шунингдек, Ўшдан Дилмурод қорилар шулар жумласидандир. Устоз домла нафақат хонадонларида балки, Наманган шаҳридаги «Мулла Қирғиз» мадрасасида ҳам кўплаб талабаларга таҳсил бердилар. Мадрасада асосан «Кофия», «Шарҳи мулло», «Фиқҳ» ва «Ақоид» каби фанларидан дарс бердилар. Мулла Олимхон домланинг тарбия қилган шогирдлари ҳозирда халқимиз фаровонлиги ва динимиз ривожига ўзларининг беназир ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Шогирдларидан Довудхон қори: «Раҳматли устозим мулла Олимхон домла: табиатан мулойим, ҳалим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари билан хулқланган камтар ва самимий киши бўлганлар. Ҳазрат домламиз доимо суннатга мувофиқ либос киярдилар. Бошларида салла, оёқларида маҳси-калиш, эгинларида узун яктак ёки чакмон бўларди. Устозимизнинг ўзларига хос фазилатларидан  бири доимо қўлларида асо билан ерга қараб юрар эдилар.  Сабабини сўрашганида: «Киши атрофга аланглаб юрса, маъсиятга ботади. Ҳар хил номақбул воқеаларга шоҳид бўлади. Бу эса ҳисоб куни ўзига қарши ҳужжат бўлади», -дер эдилар. Яна ҳазрат домла катта-ю кичикка ҳурмат-иззатда бўлиб, доимо сиз деб мурожаат қилардилар. Сўзласалар, паст овозда гапирардилар. Ваъзлари асосан, ихлосга, қалб муолажасига қаратиларди. Кишиларни доимо Қуръон ва суннатга мос ҳолда ҳаёт кечиришга, риё-сумъадан, бахиллик, кўролмаслик  каби ёмон иллатлардан узоқ бўлишга чақирганлар. Ҳазратни кўрган, суҳбатларида иштирок этган киши руҳий ва маънавий озуқа олиб, у зотга нисбатан қалбида илоҳий муҳаббат пайдо бўлиб қоларди» - дея хотирлади. 
«Қиблагоҳим 1987 йили раҳматли устозим мулла Олимхон домлага шогирд қилиб бердилар. Мен у кишида туркий-арабий китобларни ўқиб, мутолам чиқди. Устозимнинг ажойиб ҳислат ва фазилатлари бисёр эди. Дарс жараёнида биз толиби илмлар томонидан такрор берилган саволларга ҳеч қачон жавоб беришда эринмасдилар. Ҳар бир шогирдни ўз фарзандларидек кўриб, илм ва насиҳат берардилар. Баъзан дарс бериш асносида Пайғамбармиз салаллоҳу алайҳи васаллам ёки саҳобаларнинг ҳаётлари тўғрисидаги воқеалардан таъсирланиб, йиғлаб дарс берардилар. Агар шаҳримизнинг улуғларидан фарзандларига дуо олсалар, албатта, шу марҳаматни биз шогирдларга ҳам  сўрар эдилар. Ҳатто бир неча бор мени ва хужрадошларимни улуғ инсонлар зиёратига олиб бориб, уларнинг оқ фотиҳаларини олиб берганлар. Дарҳақиқат, устоз Олимхон домла сахий ва қўли очиқ киши эдилар. Камбағал шогирдларига уйлар қуриб, оиласизларига никоҳ тўйларини қилиб берардилар.  Устоз ҳар бир суннатни маҳкам тутиб, кам ухлаб, кўп ибодат қилардилар. Аллоҳ устозимизни раҳматига олсин» - дея маълумот берди, шогирдлари Обидхон қори.
Қуръон ва суннатга мувофиқ умр кечирган мулла Олимхон мулла Йўлдош махдум ўғиллари 2020 йилнинг 25 июль санасида боқий дунёга кўчдилар. У зоти шарифни «Мавлавий» қабристонига ҳазрати Мажзуб алайҳир роҳманинг ёнларига дафн қилинди. Ҳазрат Мулла Олимхон домламиз ҳар бир маърифатли инсон ҳавас қилгудай ибратли ҳаёт кечирдилар. Умрлари кишиларга дину диёнат, илм-маърифат тарқатиш каби савобли амаллар ила безанди.
Устоз мулла Олимхон домламиз Раънохон (1955) Муҳаммадхон қизлари билан турмуш қуриб, бир қиз ва Аъзамхон (1974), Шамсиддин (1975), Адҳамжон (1979) ҳамда Акмалхон (1990) исмли ўғилларни вояга етказдилар. Ҳозирги кунда мулла Олимхон домламизнинг фарзандлари, набира ва абиралари аҳли илм, аҳли Қуръонлар бўлиб динимиз равнақига баҳолиқудрат ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. 
Аллоҳ ўтган барча устозларимизни раҳмати илоҳийси ила сийласин. Омин!


Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламолар айтадилар.Агар бир одам намоздан лаззатланишни сезмай қолган бўлса ва уни кечикиб адо этиб дангасалик қилаётган бўлса, Қуръони каримни борган сари кам давоми...

4195 09:00 / 22.08.2021
Мулла Шамсиддин қори домла ўзидан мерос қилиб кўплаб шогирд ва уламоларни қолдирди. Ўрта Осиёлик кўплаб машҳур уламолар у кишининг илмий суҳбатларида бўлиб, давоми...

1399 13:30 / 30.10.2021
Саудия Арабистони ўзбекларидан бўлган шайх Мансур Абдулбоқий Бухорий 1971 йил Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Андижондан 1927 йили давоми...

1545 13:30 / 19.08.2022
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб давоми...

1027 14:00 / 16.10.2023
Аудиолар

120134 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7031 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41797 14:35 / 11.08.2021