1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Жуғрофияни ўқимаган болакайнинг маҳорати

14:00 / 27.12.2022 2640 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэло қуйидаги қисқа ҳикояни шундай баён қилади:
«Бир ота газета ўқишга уринарди. Лекин кичик ўғли унга халақит бериб, газета ўқитмас эди. Ўғлининг тўполонларидан чарчаган ота қўлидаги газетанинг бир четидан йиртди-да, ўша йиртилган парчани яна бир неча бўлакларга бўлиб, боласига узатди. Бўлакларга бўлинган парчада дунё харитаси бор эди. Ўғлидан шу харитани яна қайта ўз ўрнига қўйиб чиқишини талаб қилди. Ўзи эса яна газета ўқишга киришиб кетди. Хаёлида «Болам кун бўйи шу иш билан машғул бўлади, мени безовта қилмайди» деб ўйлади. Аммо отанинг газета ўқиши узоққа чўзилмади. Чунки, бола ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас, парчаланган харитани ўз ўрнига жамлаб, яна отасини безовта қила бошлади. Ота ўғлиниг қилган ишидан лол бўлиб, ундан сўради: «Онанг сенга жуғрофияни ўргатганми, болам?», деб сўради.
Бола: «Йўқ, отажон, лекин қоғознинг орқа томонида инсон сурати бор экан. Инсон суратини жой-жойига келтирганимда, дунё харитаси ҳам жойига келди» деди.
Ушбу ҳикоядаги болакайнинг жавоби жуда ҳам оддий, содда кўринар, лекин анча чуқур маънога эга эди. Дарҳақиқат, инсонийлик деган бино чиройли суратда қад ростласа, дунё, жаҳон, олам деб аталган бино ҳам гўзал ҳолатга келади. 
 
Расмга эътибор беринг:
- Мақсад битта — «Девор қуриш»;
- Бажариладиган вазифа ҳам битта — «Қурилиш»;
- Керакли маҳсулотлар ва харажатлар ҳам бир хил;
- Ишчи кучининг сарфи ҳам бир хил.
У ҳолда нега деворлар икки хил? Чунки, деворни чиройли қилиш учун ўша деворни қурувчи устанинг ўзи моҳир бўлиши керак. Яъни, девордан олдин уни қурувчи устанинг ўзи касбининг етук мутахассисиси бўлиши муҳим. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз ўзимиз хизмат қилаётган соҳанинг моҳир билимдони бўлишимиз лозим. 
Осим ибн Кулайб отасидан ривоят қилади, отаси айтади:
«Мен отам билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган жанозада қатнашдим. У пайтларда мен оқ-қорани танийдиган бола эдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради» дедилар».
Табароний ривояти.
Бу ҳадиснинг саҳиҳлиги борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Баъзи аҳли имлар уни ҳасан деган бўлсалар, баъзилари заиф деганлар. Аммо ҳадиснинг маъноси саҳиҳдир. Чунки бу ҳадиснинг маъноси саҳиҳлигига қуйидаги ҳадис далил бўлади.
Шадод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Икки нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаб олдим, у зот:
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, қатлни яхшилаб қилинг! Агар сўйсангиз, сўйишни яхшилаб адо этинг! Ҳар бирингиз пичоғини ўткир қилсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин!» дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шариф Ислом дини яхшилик дини эканининг улкан шиорларидан биридир. Ислом ҳар бир нарсада, ҳар бир ишда, ҳар бир тасарруфда, ҳар бир ҳаракатда яхшилик бўлишининг тарафдоридир. Бировни қатл этиш энг ночорликдан қилинадиган иш. Ҳаддан ташқари катта гуноҳ содир этган, одамлик доирасидан чиқиб кетганларгина қатл жазосига ҳукм қилинадилар. Ундоқ кишиларга бошқа тузум ва низомларда ҳар қанча қўпол муомалани, эсидан чиқмайдига қилиб «кунини кўрсатиб қўйишни» раво кўрилиши мумкин. Аммо, Исломда бунга йўл йўқ. Ноиложликдан ўлимга ҳукм бўлдими, энди, энг осон йўл билан ўлдириш керак.
Ҳайвон сўйишда ҳам шу гап. Бошқалар турли-туман услубларни қўллайдилар. Энг кўп эътибор берадиган нарсалари сўювчига осонлик яратиш бўлиши мумкин.
Аммо Ислом сўйиладиган ҳайвонни роҳат қилдириб сўйишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сўйсангиз, сўйишни яхшилаб адо этинг! Ҳар бирингиз пичоғини ўткир қилсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин!» дедилар».
Ҳаттоки, пичоқни ҳайвоннинг олдида қайрашга рухсат берилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни ётқизиб қўйиб пичоғини қайраётган одамга:
«Буни ётқизишингдан олдин қайрасанг бўлмасмиди!» деганлар.
Қаранг, динимизда барча иш, ҳатто ҳайвон сўйиш ҳам пухта чиройли қилиб бажарилиши буюрилган. Шунинг учун ҳар биримиз ўз касбимизнинг билимдони бўлиб, хизмат қилсак, ишимизни қўл учида эмас. Балки пухта бадаришга уринсак, аввало Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўламиз, Унинг амрини бажо келтирган бўламиз, қолверса, Аллоҳнинг бандалари хизматимиздан мамнун бўладилар, ранжимайдилар. 
Аллоҳ таоло барчамизни ўз ишини пухта бажарадиган бандалардан қилсин.
Фойдаланилган адабиётлар:
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби
Қуръон ва суннат фанлари бўйича тадқиқотчи Али инб Ноиф аш-Шаҳуднинг «Аллоҳ таоло яхши кўрадиган зотлар» рисоласи
islom.uz
dorar.net
sharh-alhadith.com


Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни корхона раҳбари қўл остидаги уч нафар ходим билан суҳбат ўтказди. Уларга .Иккига иккини қўшса беш бўладими,, дея савол берди.Биринчи ходим .Ҳа жаноб, беш давоми...

8243 22:00 / 26.05.2022
Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий айтдилар .Инсоннинг амали, ҳоҳ динга тааллуқли бўлсин, хоҳ дунёга тегишли бўлсин, юзаки назар билан текширилганда уч турли экани маълум давоми...

4143 12:00 / 21.05.2022
Университетлардан бирида ўқиётган талаба шундай ҳикоя қилади . Университетлардаги кўплаб имтиҳонларда қўйиладиган энг юқори баҳо беш бўлади. Агар талаба бирор давоми...

1851 16:26 / 01.12.2022
Бир киши халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб ўғлидан шикоят қилди. Умар розияллоҳу анҳу унинг ўғлига одам юбордилар. У келгач унга давоми...

3389 09:00 / 06.08.2022
Аудиолар

211010 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130270 14:35 / 11.08.2021