1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Омманинг моли етимнинг ҳаққидан ёмон (иккинчи мақола)

11:03 / 02 август 906 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Омманинг мулкида барчанинг ҳаққи бор бўлгани учун ундан ўғирлаш бир кишидан эмас, бутун халқнинг чўнтагидан ўғирлаш ҳисобланади, миллионлаб одамларнинг молига тажовуз қилиш саналади.

Воқелик тасдиқлаб келган исломий тушунчага кўра, мол-дунёни ҳалолдан топиш кишига қувват бўлса, уни ҳаром йўл билан топиш, ноҳақ ўзлаштириш инсонни очкўз қилиб қўяди ва охир-оқибат ҳалокатга дучор этади.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Бу мол дунё тотлидир. Ким уни ҳақли равишда олиб, ҳақли ўринга қўйса, у қандай яхши ёрдамчи! Аммо ким уни ҳақсиз олса, ебтўймасдир».

Баъзи одамларда ғалати тушунча бор. Ҳаромдан, хиёнатдан пул топади-да, озгина садақа қилиб, ўзича ўша пулни «поклаб олади» ва шу билан уни ҳалол бўлди деб ўйлайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳаром молдан қилинган садақани қабул қилмайди. Бундан савоб умид қилиш эса гуноҳ устига гуноҳ бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида «Аллоҳ покдир, У Зот фақат пок нарсани қабул қилади», деганлар.

Имом Бухорий бу маънони очиқлаб, «Саҳиҳ»да алоҳида боб очиб, уни «Аллоҳ хиёнатдан топилган садақани қабул қилмайди, фақат пок касбдан бўлганини қабул қилади» деб номлайди.

Маъдан, кон, сув, тош ва бошқа шу каби юрт бойликлари, шунингдек, оммадан йиғилган мол-мулклар, бир сўз билан айтганда, давлатнинг хазинаси бутун халқнинг мулки ҳисобланади. Халқнинг молига омонатдор бўлган шахслар уни гўё шахсий бойликларидек, ўзлари истагандек тасарруф қилишлари ҳалол эмас. Улар омманинг мулкига омманинг номидан тайинланган вакил ҳисобланадилар, шунинг учун бу вазифани ниҳоятда омонатдорлик билан бажаришга масъулдирлар.

Мисол учун, ночор оилаларга ажратилган пулни ким биландир келишиб, ўзлаштириш, ночор бўлмаган таниш-билишига йўналтириш очиқ ҳаром ҳисобланади. Шунингдек, маълум қатламга белгиланган пулни тўлиқ етказмай, қанчадир қисмини уриб қолиш, омонатни етказгани учун ҳақ талаб қилиш, вазифани суистеъмол қилиш каби тасарруфлар ҳам шаръан ҳаромдир.

Электрлаш ташкилотидан назоратчи келиб, қарзингиз фалонча бўпти деса, унга уч-тўрт сўм пора бериб, камроқ бериш ҳам бировнинг, яъни омманинг ҳаққидан уриб қолиш бўлади. Бир кишининг ҳаққини уриб қолсангиз, Аллоҳ инсоф бериб, бунинг гуноҳлигини билиб қолгач, ўша одамни топиб, ҳаққини бериб, розилик сўрасангиз, ўша одам гуноҳингиздан кечса, иншааллоҳ, Аллоҳ тавбангизни қабул қилиб, бу гуноҳ сиздан соқит бўлиши мумкин. Мабодо ўша одам вафот этиб кетган бўлса, унинг меросхўрларини рози қилиш керак бўлади. Аммо омманинг мулки деганда 37 миллион кишилик Ўзбекистон аҳолисини тушунсакчи? Шунча одамнинг ҳар биридан қандай қилиб узр сўрайсиз? Шунча одамни қандай қилиб розилигини оласиз? Шунинг учун ҳам омманинг, халқнинг мулкига тажовуз қилиш деярли кечирилмайдиган, ўта оғир гуноҳ ҳисобланади.

Каминадан бир неча бор сўралган саволлардан бири ишламай маош олиш ва ким биландир гаплашиб, ноҳақ нафақа олиш борасида бўлган. Бир куни масжидда бир йигит сўраб қолди: «Домла, менинг амаким бир корхонада раҳбар. Мени ишхонага тиркаб қўйган, ойлик беради, аммо мен иш қилмайман, фақат ҳар замонда бориб, кўриниб қўяман. Амакимга «Бундай қилманг, менга тўғри келмайди», десам, «Менинг давримда фойдаланиб қолавер», деб унамаяптилар. Шу пул менга ҳалол бўладими?»

Мен у боладан: «У ишхона амакингизниг хусусий корхонасими ёки давлатникими?» деб сўрасам, «Йўқ, давлатники», деб қолди. Шунда мен унга: «У ҳолда олаётган ойлигингиз сизга ҳалол эмас», дедим.

Яна айрим кишилар ўзи 3 гуруҳ ногирони, аммо нафақани кўпроқ олиш учун 1 ёки 2 гуруҳ ногирони қилиб ёздиришади. Бу ҳам ҳалол эмас, омманинг молидан ноҳақ ўзлаштиришдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам омманинг моли ҳақида: «Аллоҳга қасамки, мен бермайман ҳам, мен қилмайман ҳам, мен фақатгина ўзимга буюрилган жойга тасарруф этаман», дер эдилар. Демак, ҳатто у зот ҳам омманинг мулкини ўзларича тасарруф этмаганлар, балки ваҳий асосида, шаръий қонунларга кўра тақсимлаганлар.

Омманинг молини етимнинг молига тенглаштириш шунчаки гап эмас, буни халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам таъкидлаган. У киши: «Мен Аллоҳнинг мол-мулкига етимнинг молидек қарайман», дер эди. У кишининг давлат хизматида байтулмолнинг шамини ишлатиб, шахсий ишларида ўз маошларига олган шамни ёқиб қўйишлари ана шу эҳтиёткорликнинг амалий мисоли эди.

Омманинг моли ҳисобидан бунёд қилинган иншоот, буюм ва бошқа нарсаларга зарар келтириш ҳам мусулмонларнинг мулкига тажовуз ҳисобланади. Масалан, кимдир ўзича давлатдан ўч олмоқчи бўлиб, қандайдир алам билан давлатга тегишли иншоотларга зарар келтириши, ойналарни синдириб, бинога ўт қўйиши мумкин. У буни ўзича жоиз ҳам санаб қолади. Аслида бу ҳам омманинг мулкига тажовуз бўлиб, ҳаром ишдир.

Вақф, хайрия ва шу каби омманинг бошқа мулкига масъул шахслар ушбу мулкдан маош олишлари мумкин. Бунда уларнинг ойликлари хизматларига яраша белгилаб қўйилади ёки қилган меҳнатлари учун ўртача ҳақ олишлари жоиз бўлади.

Омманинг мулкидан ноҳақ ўзлаштиришга одатда қуйидаги омиллар сабаб бўлади:

- Ахлоқ-одоб, одамийлик, омонатдорлик, тўғрилик, орият каби хислатларнинг емирилиши, халқда ўзаро биродарлик руҳининг йўқолиши;

2.- Аллоҳ таоло ҳар бир ишни кўриб турганини, ҳисоб қилиб турганини унутиш;

- Қаноатсизлик, дунёга муҳаббат, маишатпарастлик, орзу-ҳавасга берилиш;

Халқнинг мулкидан ноҳақ ўзлаштиришни бартараф этиш учун бунга сабаб бўлаётган мазкур ва бошқа омилларга қарши курашиш керак. Ҳалоллик ва тўғриликни фарзандларга ёшликдан, мактабдан сингдириб бориш, уларни Аллоҳдан қўрқадиган, динини ҳурмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялаш лозим. Мактабаноқ пора бериш, ёлғон баҳо олишга ўрганган одамлар ҳеч қачон ҳалолликка қаноат қила олмайди. Шу билан бирга, одамларда дунёга бўлган муносабатни тўғрилаш, турли ваъз-насиҳат, тарғиботлар орқали одамларда ахлоқий меъёрларни шакллантириш ва бунинг учун керакли чораларни кўриш даркор.

Очиғини айтганда, ҳозир бизда айрим кишилар ҳалол йўл билан бойишнинг иложи йўқ деб ўйлайдиган бўлиб қолган. Аслида ҳақиқий бойлик фақат ҳалоллик билан топилади. Ҳозирда дунёда айрим бойлар «Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич», деганларидек, топаётган миллонлаб долларлари қаердан келаётганини очиқлаб қўймоқда. Бунинг учун билим ва меҳнат керак.

Ҳалол йўл билан ҳам беҳисоб бойлик топса бўлади, зотан, барака фақат ҳалолда бўлади. Фақат ҳалол одатда ҳаромдан бир қадам кейин келади. Ана ўша бир қадамни кутишга сабр, иймон, таваккул керак, холос. Зеро, ризқлар азалда белгилаб қўйилган.

Шуни унутмаслик керакки, ҳалолликни ўзимизга шиор қилиб олмагунимизча ҳеч қачон ривожлана олмаймиз. Ҳаммаси қуруқ гап бўйича қолаверади. Ҳалоллик билан, диёнат билан ишламас эканмиз, ҳеч бир ислоҳот кутилган натижани бермайди, ҳаргиз биримиз икки бўлмайди. Аллоҳ ҳалол ва тўғри ишга ривож беради, гарчи уни қилган одам иймон билан қилмаса ҳам. Аммо иймон даъво қилинса-ю, ҳалол-ҳаром фарқланмаса, ноҳақлик, зулмдан ҳазар қилинмаса, у ерда ривож, тараққиёт бўлмайди, барака бўлмайди. Ҳаром ва ноҳақ орттирилган бойлик ҳеч қачон яхшилик келтирмайди.

Ушбу сатрларни ўқир эканмиз, дарров бировларни айблашга киришмай, аввало ўз аҳволимизга қарашимиз керак. Қачонлардир, қаердадир ўзимиз ҳам бу борада камчиликка йўл қўйгандирмиз, балки ноҳақ тасарруфга рози бўлгандирмиз, ислоҳ қилишга қурбимиз ета туриб, бепарво бўлгандирмиз? Умуман олганда, диндан гапирилганда уни аввало ўзимизга тегишли деб билишимиз ва унга аввало ўзимиз амал қилишимиз лозим. Уни бошқаларга баҳо бериш учунгина қўллашни ўрганиш энг катта хатолардан саналади.

Ҳар биримиз ўз шахсий тасарруфларимизни, оиламизни ва атрофимизни ислоҳ қилишимиз керак. Мункарни кўрганда имкон қадар уни тўхтатиш пайида бўлишимиз даркор. Бу мавзуда жуда кўп гапириш мумкин. Бироқ, ўқувчини қийнамаслик учун шу ерда сўзимга якун ясасам. Ишонаманки, билимли инсонлар шунинг ўзиданоқ етарли хулоса ола биладилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Ўзи тавфиқ ва ҳиммат берсин, омматан халқимизга кенг ризқ, фаровон ҳаёт, ҳалолдан сероб бўлиб, ҳалолга сарфлаш бахтини насиб айласин!

(Тамом)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳалол туризм нима дегани .Ҳалол, сертифакатига эга меҳмонхоналар бошқаларидан нимаси билан фарқланади Туризмни ривожлантириш уюшмаси раиси, .Hotel Pro, компанияси давоми...

2148 10:32 / 22.02.2022
Замахшарий ҳақида Ибн алҚифтий қуйидагича ёзган .Замахшарий илм уладаб, грамматика ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома эди. У ўз ҳаёти давомида давоми...

1724 15:45 / 15.04.2024
Шариат ҳукми бўйича, йўқолган нарсани топиб олган киши уни омонат шаклида олиб туриб, топиб олганини эълон қилади. Эгаси чиқса, қайтариб беради. Агар топиб олинган давоми...

1758 09:09 / 12 июнь
Омматан мусулмонларга, хусусан толиби илмларга вақтларини кўп ухлаш билан зое қилиб юбормасликлари лозим бўлади. Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва давоми...

2731 16:00 / 28.12.2021
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130240 14:35 / 11.08.2021