1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Минбарлар чавандози Абдулҳамид Кишк

14:00 / 25.08.2022 977 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Абдулҳамид ибн Абдулазиз ибн Кишк 1933 йил 10 март, ҳижрий 1351 йил 13 Зулқаъда ойида Миср шимолидаги Буҳайро муҳофазаси Шуброхит шаҳрида ўртаҳол оилада таваллуд топган. У Абдулҳамид Кешк номи билан машҳур бўлган.

Абдулҳамид оилада саккиз фарзанднинг учинчиси бўлиб, улардан икки нафари ёшлигидаёқ вафот этиб, олти ўғил, икки қиз узоқ умр яшаган.

Бобоси зоҳид, ибодатгўй киши бўлиб, қишлоқдаги мактабда болаларга Қуръони Каримдан таҳсил берган. Вафот этганда серфарзанд оиласига ундан фақат тақво мерос қолган. Отаси Абдулазиз кичик дўконда савдо билан шуғулланган.

Абдулҳамид Кишк олти ёшида касаллик туфайли чап кўзида кўриш қобилияти йўқолади. Бу ҳақда эслаб, у: «Олти ёшга етганимда Аллоҳ таоло мени кўз нуримни олиш билан икром қилди» дейди. Онаси уни кўтариб, табибларга кўрсатади. Лекин натижа ижобий бўлмайди. Бу пайтда ўнг кўзи ҳам гўё синглисига аза тутгандек, заифлашиб қолади.

Шундан кейин, Абдулҳамид Кишк Қуръон ёдлатиш жамиятига бориб Аллоҳнинг каломини ёдлашни бошлайди. У кўзининг нурини ўрнига Аллоҳ қалб нурини эваз қилиб беришидан умидвор бўлиб, Қуръон билан бирга бошқа илмларни ҳам тиришқоқлик билан ўқийди. Ўн икки ёшида Қуръони Каримни тугатиб, Искандария шаҳридаги ал-Азҳарга қарашли маъҳадга ўқишга боради.

Абдулҳамид Кишк аввалги машаққатларини ҳали унутишга улгурмай яна оғирроқ синовларга дуч келади. Унинг ўн етти ёшида ўнг кўзи ҳам кўрмай қолади. Бу маъҳадда ўқиш якунланиб имтиҳонлар тугаб, ҳамма талабалар уйига қайтаётган пайтда содир бўлади. Абдулҳамид Кешк уйга етиб боришни уддалолмаслигини ўйлаб, ҳамсабоқ шеригига ўта чарчагани туфайли уйга ўзи боролмаслиги ҳақида отасига хат ёзиб, жўнатиб беришини сўрайди. Шериги унинг айтганидек хат ёзиб отасига жўнатади. Отаси хатни олиши билан дарров шошиб етиб келади. У хона бурчагида ҳорғин, маҳзун ўтирган ўғлига салом бериб, сўрашиш учун қўл чўзса, ўғлининг қўли ҳавода бошқа томон узатилади. Отаси вазмин табиатли, жуда закий киши эди. Ўғлидан: «Нима бўлди», деб сўрайди.

Абдулҳамид: «Тонгда туриб ҳеч нарсани кўролмадим» деб жавоб беради.

Отаси: «Хафа бўлма, шу кийимимни сотиб бўлса ҳам, сени муолажа қилдираман» деб уйига олиб кетади. Ўша пайтда отаси кексайиб қолган, юрагида касаллиги ҳам бор эди. Шунга қарамай, ўзининг баққоллик дўконида каттагина оила нафақаси ва Абдулҳамиднинг муолажаси учун қаттиқ меҳнат қилиб ишлади.

Бир неча кун ўтиб, Абдулҳамидни кўз касалликларини даволаш бўйича номи чиққан бир насроний докторга олиб боради. У доктор бир йил давомида бир неча марта турли муолажалар қилиб, Абдулҳамиднинг кўзини тажриба майдонига айлантириб юборди. Барибир унинг ҳаракатларидан кейин натижа ўзгаришсиз бўлди.

Бироз вақт ўтиб, Миср газеталаридан бирида Қоҳирада кучли кўз доктори борлиги, жуда кўп беморлар унинг қўлида шифо топаётгани ҳақида ёзилади. У ҳақида суриштириб, ҳузурига боришганда Абдулҳамидни текшириб кўриб, жарроҳлик амалиёти ўтказилса, кўзи кўриши мумкинлигини айтиб, аввалдан хизмат ҳақини ярми учун нақд 50 жунайҳ, қолганини эса амалиётдан сўнг беришлари лозимлигини таъкидлайди. Бу нарх 1951 йили Мисрда катта пул саналарди. Бошқа кўз шифохоналарини бирма-бир эшик қоқиб суриштиришса, шу каби харажат айтилди. Қишлоққа қайтиб, уйдаги қўлга илинадиган жиҳозлар, баъзи тўшакларни ҳам сотишди. Бу ҳам даволатиш учун етарли бўлмади. Киши бошига машаққат тушса, биринчи бўлиб, албатта ўз жигарлари куюнади. Худди шундай, Абдулҳамиднинг катта синглиси укасини ёруғ дунёни кўра олиши учун борини аямай, тақинчоқларини ҳам сотиб беради. Улар пулни жамғариб, яна Қоҳирага, ўша машҳур доктор олдига келишади. У мусулмон бўлсада, жарроҳлик муолажасини Жума куни жума намози пайтида ўтказилишини айтади. Абдулҳамид Кешк жума намозидан қолиб кетишини ўйлаб, безовталанади ва доктордан амалиётни намоздан кейинга қолдиришни сўрайди, у бўлса, рад жавобини беради. Абдулҳамид амалиёт ўтказилиб, шифохонада ўн беш кун кўзи боғлиқ ҳолда ётади. Ниҳоят, интикиб кутилган кун, кўздан бойлагични олиш вақти келади. Табиб уни олдига кириб, кўзини ечиб, кафтини унинг юзига қаратиб бармоқларини кўрсатиб: «Кўряпсанми» деб сўрайди.

Абдулҳамид кўзида ўзгариш бўлмагани, ҳеч нарсани кўрмаётганини айтса, доктор: «Сен кўряпсан, лекин бизни алдаяпсан» деб унга қаттиқ гапиради.

У: «Мен нимага кўришимни инкор қиламан? Ахир ўзим кўришни хоҳлайманку!», деб жавоб беради. Яна уни бир муддат даволагандек бўладилар. Абдулҳамид ўша атрофдан Қоҳиранинг «Айнуш Шамс» университетида ҳуқуқшунослик факультетида ўқийдиган акаси билан ижарага уй олиб муолажаларга қатнайди. Ҳаракатлар барибир самара бермай ўз уйига қайтади. Шу тариқа Абдулҳамид Кешк икки йил муолажа билан машғул бўлиб, ўқишдан қолиб кетади. Бир нечта докторлар уни даволаш баҳонасида анчагина пулини ва қимматли вақтини кетказадилар.

У сабабларни қилиб, натижани Аллоҳга топширади ва ўзини юпатиб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўзлари ожиз бўлиб қолганда: «Аллоҳ таоло икки кўзим нурини олган бўлсада, ақлим ва қалбимда унинг нури бор» деган гапларини кўп такрорлар эди.

Абдулҳамид Кишк айтади: «Агар Айюб алайҳиссаломнинг беморликлари ҳақида гапирсам, ўзимни баданимдаги дучор бўлган дардларим ҳам қалбимни тирнайди. Чунки мен ҳам бало аҳлларидан, Айюб алайҳиссаломнинг мадрасалари толибиман. Отам вафоти арафасида тўшакда ётганда мен унинг ёнида эдим. У йиғлаб, менга шундай дер эди: «Эй ўғлим, қанийди кўзимни сенга қолдириб кетсам эди!?» Мен унга: «Отажоним шоядки, менинг мусибатимга сабр қилганингиз учун Аллоҳ сизни мағфират қилса» дер эдим. Зеро, бало бу Аллоҳга муножот қилишдир».

Абдулҳамид Кишк ал-Азҳарга 1952 йили ўқишга киради. У ерда санавия босқичини тамомлаб, ушбу университетнинг Усулуд дин факультетига ўқишга қабул қилинади. Бу пайтда юқорида айтилганидек, Абдулҳамид Кишкнинг иккинчи кўзи ҳам кўрмас эди. У энди илмга қалбан юзланиб,  бутун борлиғини илмга қаратади ва дарсларга мунтазам қатнайди. Унинг отаси вафотидан кейин онаси Қоҳирага кўчиб бориб, у ерда оила жам бўлишини истади. Қоҳирадан уй олиш учун отасидан қолган дўконни сотади. Пул етмагандан кейин уйни ва қолган жиҳозларни ҳам арзонга сотишга мажбур бўладилар. Сўнгра бутунлай Қоҳирага кўчиб келадилар. Абдулҳамиднинг ўқишга бориб келиши учун талаба акаси масъул бўлган. Уни эрта тонгда етаклаб автобусда, ал-Азҳар университети йўлидаги бозорда қолдириб ўзи «Айнуш Шамс» университетига кетар эди. Абдулҳамид қолган йўлни ал-Азҳаргача йўловчилардан бири билан босиб ўтар, у ерга борганида талабалар унга ёрдамлашишар эди.

Илмга ташна, тиришқоқ, шижоатли Абдулҳамид Кешк ўқиш билан бир қаторда устозлар тавсияси туфайли наҳв, сарф ва бошқа фанлардан талабаларга дарс беради.

У 1957 йилда Усулуд дин факультетида ёрдамчи ўқитувчи сифатида ишга қабул қилинади. Лекин  бир мартагина дарс беришга кириб, ёшлигидан мақсад қилгани, минбарларда ваъз қилишни танлайди. Илк бор у ўн икки ёшидаёқ минбарда жамоатга ваъз қилган. Ўн олти ёшида эрталаб масжидда доимий маъруза қилиб, кечки пайт дарс беришни бошлаган эди.

Абдулҳамид Кишк 1961 йили ал-Азҳарда ўқишни тамомлаб, алоҳида имтиёзли дарс бериш учун ижоза олади. У пайтда Қоҳирада таълим оладиган барча талабаларни хизмат учун ўз қишлоқларига юборилар ва турли ҳудудларга тақсим қилинарди. Абдулҳамид Кишкни ҳам ўзининг қишлоғига жўнатиш учун йўлланма беришади. Лекин унинг барча оила аъзолари Қоҳирада яшаётгани ва ўзи ёлғиз қишлоғига қайта олмаслигини раҳбариятга айтади. Дастлаб, унинг илтимосларини рад этадилар. Узоқ уринишдан сўнг Аллоҳ таоло раҳбарлардан бирининг қалбига солиб, уни Қоҳиранинг Шаробия минтақасидаги «Таҳҳон» масжидига юборади. Абдулҳамид Кешк дастлаб мазкур масжидда ва «Мануфий» масжидида имом-хатиб бўлди.

1962 йили Қоҳиранинг Ҳадоиқул Қубба минтақаси «Миср ва Судан» кўчасидаги «Аъйнул ҳаёт» масжидида йигирма йил хутба, ваъз насиҳат қилди. Унинг ваъзини эшитиш учун турли жойлардан ихлосмандлар йиғилиб, масжидни тўлдиришар эди. Абдулҳамид Кишкнинг ваъз услуби бошқа воизлардан батамом фарқли эди. Сўзлаганда шижоат, қатъий ишонч, ҳужжат-далилар билан гапирар, мавзуни кенг қамраб оларди. Ваъз ва дарслари давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари, саҳобалар, салафи солиҳлар ҳаётларидан кўп мисоллар келтирар эди. Чунки у Ислом тарихи, буюк шахслар ҳаётларини кўп ўқиб, ўрганган эди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарихни ҳаққоний ёритиш, ўрини келганида ибора ва ўхшатишлар қўллаш ширали, мазали, юқумли услубда ёзиш сабоғини ҳам олиш мумкин Соғуний ҳазратларидан. Ҳақ сўз давоми...

1838 16:30 / 20.08.2021
У киши шайхулислом, ҳофизуззамон, Абулҳасан Али ибн Умар ибн Аҳмад ибн Маҳдий ибн Масъуд ибн Нуъмон ибн Дийнор ибн Абдуллоҳ Дора Қутний алБоғдодийдир. Бу зот давоми...

3306 21:59 / 27.04.2017
Шайх Зокиржон Исмоилов ndash муфтий муовини 1989 ndash 1993, Шайх ҳазратларининг сафдоши хотираларидан Дўстимиз Муҳаммад Содиқ билан илк бор, тахминан, 1969 йили, у киши Мир давоми...

1703 16:35 / 25 февраль
Бутун дунёни ларзага солган Туркия ва Сурияда бўлиб ўтган қаттиқ ер силкинишлари кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлди. Айни вақтда ушбу ҳудудларда давоми...

1918 12:56 / 10.02.2023
Аудиолар

120576 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7051 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42176 14:35 / 11.08.2021