1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Талоқ ҳақида икки хил қараш

11:00 / 11.08.2022 2257 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Талоқ» сўзи луғатда «моддий ва маънавий тугунни ечиш» маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда эса, махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки унинг ҳалоллигини нуқсонга учратиш «талоқ» дейилади. «Махсус лафз»дан мурод, «талоқ» ёки унинг маъносини англатувчи лафзлардир.

«Никоҳни кетказиш» эса, никоҳ ақдини ечиб, орадаги маънавий боғланишни йўқотиш, деганидир. Бу ҳолат «уч талоқ» ила юзага келиб, ундан сўнг талоқ қилинган аёл ўзини талоқ қилган шахсга ҳалол бўлмай қолади.

«Ҳалоллигини нуқсонга учратиш»да эса бир талоқ қўйса, уч талоқ ҳаққидан битта камайиб, хотиннинг унга ҳалоллиги нуқсонга учраган бўлади.

Талоқ ҳақида дунёда икки хил қараш бор:

Биринчиси – талоққа рухсат бермаслик. Бу йўл баъзи масийҳий мазҳаблар тутган йўлдир.

Иккинчиси – талоққа рухсат бериш. Бу йўл кўпларнинг, шу жумладан, мусулмонларнинг ҳам тутган йўлидир.

Талоққа рухсат бермаслик инсон табиатига қарши ҳукмдир. Чунки инсон ўз ҳаётида турли ҳолатларга тушиб туради, баъзи ҳолларда эр‑хотин оилавий ҳаётни бирга давом эттиришга ҳеч имкон топа олмай қоладилар. Шунинг учун талоққа рухсат берилмаган давлатларда эр‑хотинлар расман ажрашмаган бўлсалар-да, амалда бирга яшамай, ўзларига ўйнаш тутиб ёки бетартиб зино билан машғул бўлиб юраверадилар.

Талоққа рухсат берганлар ҳам ўзаро бир неча тоифага бўлиниб кетадилар.

Баъзилар: «Талоқни қози, яъни ҳозирги тил билан айтганда, суд орқали амалга ошириш керак», дейдилар.

Бошқа баъзилар: «Хотинларга ҳам талоқ қўйиш ҳуқуқини бериш керак», дейишади.

Учинчи тоифа эса: «Талоқ қўйиш эрнинг ҳаққи», дейдилар.

Энди бу йўналишларни қиёслаб кўрайлик.

Талоқ қози томонидан бўлиши умуман мумкин эмас. Чунки талоқ эр‑хотиннинг ўзаро оилавий сирлари билан боғлиқ масаладир. Кўпгина сабабларни одамларга, жумладан, қозига айтишга инсоний одоб-ахлоқ йўл қўймайди. Бу ҳолатда ким юзсизроқ, гапга устароқ бўлса, ёлғонни кўпроқ ишлатса, ўша ютади. Буни ҳозирги кунда ҳамма кўриб, билиб турибди.

Хотинга талоқ қўйиш ҳаққи берилиши ҳам тўғри эмас. Чунки Аллоҳ таоло аёл кишини алоҳида, ўзига хос табиат билан яратган. У мулойимлик, юмшоқлик, латофат, гўзаллик соҳибасидир. У ўшандай ҳолатларда ўзини қулай ҳис этади. Аксинча, қўполлик, уриш-жанжал, куч ишлатиш, каби ҳолатлар уларга ёт. Шу билан бирга, аёл киши, одатда, жаҳли чиққанда, аччиғини ичига юта олмай, шошилиб-ҳовлиқиб, бир ёқлама қарор чиқариб қўяди. Чунки у ҳиссиётга берилувчан бўлади. Ҳиссиёт жўшиганда эса, ақл ўз маромини йўқотади.

Ушбу ҳолатларни эътиборга олиб, фараз қилинг-а, ихтиёр аёл кишида бўлганида, эрини неча марта талоқ қўйиши мумкин эди?

Учинчиси – Исломий ечим. Бу инсон табиатини эътиборга олишдан келиб чиққан илоҳий ечимдир. Одатда, оила қуриш учун бўлғуси келин эмас, кўпроқ бўлғуси куёв елиб-югуради. У бу мақсад йўлида мол-пул сарфлайди, келинга маҳр беради, тўй харажатини кўтаради. Оиланинг обрўси унинг шахсий обрўсидан ҳам устун бўлиб қолади. Фарзандлар унга нисбат берилади.

Хуллас, мазкур ва яна бошқа бир қанча сабабларга кўра, эр ўз хотинини талоқ қилишдан аввал етти ўлчаб, бир кесмоғи шарт бўлиб қолади. Ундан ташқари, эркак киши табиатан ақллироқ, оғир-босиқроқ, ҳиссиётга камроқ бериладиган қилиб яратилган. Шунинг учун ҳам Исломда талоқ қилиш ҳақ-ҳуқуқи эрга берилган. Лекин шариат талоқ қилишдан аввал бошқа енгилроқ чораларни кўриб, ажрашишнинг олдини олишга даъват этади.

Аёл кишида эрига нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик пайдо бўлса, аввал ваъз-насиҳат, уни инсофга чақириш тавсия этилади. У фойда бермаса, жойни бошқа қилиб ётиш лозим. Шундан кейин ҳам ўзгармаса, зарар етказмасдан, уришгача рухсат этилган.

Эр‑хотиннинг ораси бу билан ҳам тузалмаса, эрнинг қариндошларидан бир киши, хотиннинг қариндошларидан ҳам бир киши ҳакам этиб сайланади ва улар эр‑хотинни яраштириш чораларини кўрадилар.

Бу чора-тадбирларнинг ҳеч бир фойда бермай, эр‑хотиннинг бирга яшаши икковларига ҳам чексиз азоб-уқубатга айланиб қолгандагина, талоққа рухсат берилади.

Исломда талоққа рухсат бор. Айни чоғда ўта масъулиятли, ўта оғир қарор бўлганлиги учун бу ишга фақат охирги чора сифатидагина ижозат берилган.

Бахтиёр оила китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода давоми...

1373 16:58 / 19.12.2023
Тарбия ҳам отаоналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир..Тарбия, сўзи арабча .робба, феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди давоми...

8624 15:30 / 31.08.2021
Никоҳни эълон қилишнинг ҳикмати аввал ҳам айтиб ўтилди. Ўша эълон қилишда баъзи мусиқа овозлари ҳам ишлатилиши ҳадисларда келган. Шу билан бирга, никоҳ тўйларида давоми...

5245 12:30 / 02.03.2019
Аллоҳ таолонинг эрларга никоҳда маҳр беришни фарз қилгани ва аёлларга маҳр олишни ҳақ қилгани бежиз эмас. Бу амалнинг тўрт оят ва бир неча ҳадислар билан шариатга давоми...

3691 19:30 / 20.01.2019
Аудиолар

120108 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41774 14:35 / 11.08.2021