1444 йил 18 муҳаррам | 2022 йил 16 август, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Аллоҳим, ҳаж қилишни хоҳлайман

17:00 / 20 июнь 1672 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимиз мўмин мусулмонлари икки йил сабр ила кутилгандан сўнг динимизнинг бешинчи аркони – Ҳаж зиёратини адо этиш мақсадида Мадинаи мунавварада имону ихлос, чексиз бахт ва шукроналик ила ибодатларни бошлаб юбордилар. Шунга мувофиқ, эслатма тариқасида ҳаж зикр ва дуоларнинг муҳимлари ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Ҳажнинг ўзидаги зикрлар.

Ким эҳром киймоқчи бўлса, аввал таҳорат олади, сўнг ғусл қилиб, изор ва ридосини кияди. Кейин икки ракъат намоз ўқийди. Биринчи ракъатда «Қул йа аййуҳал кафирун»ни, иккинчи ракъатида «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқийди. Намоздаги зикрларни айтади. Намозни тугатганидан кейин хоҳлаганича дуо қилади. Агар эҳром кийишни хоҳласа, қалби билан ният қилиб, ушбу дуоларни ўқийди:

«Навайтул ҳажжа ва аҳрамту биҳи лиллаҳи азза ва жалла».

Маъноси: Ҳажни ният қилиб, Аллоҳ азза ва жалла йўлида эҳром кийдим.

Ёки: «Аллоҳумма инний урийдул ҳажжа файассирҳу лий ва тақоббалҳу минний».

Маъноси: Эй Раббим, ҳаж қилишни хоҳлайман, уни менга осон қилиб, мендан қабул эт.

Ва яна:

لَبَّيْكَ اللهُمَّ لَبَّيْك لَبَّيْكَ لاَ شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ إِنَّ الْحَمْدَ وَالنِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْكُ لاَ شَرِيكَ لَكَ

«Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарийка лака лаббайк, иннал ҳамда ванниъмата лака вал мулк, ла шарийка лак».

Маъноси: Лаббай, Аллоҳим, Сенга итоатдаман. Сенга итоатдаман. Сенинг шеригинг йўқ. Лаббай Сенга. Албатта, ҳамд, неъмат ва мулк Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқ.

Билингки, талбия айтиш суннатдир. Уни тарк қилса ҳам, ҳаж ва умраси саҳиҳ бўлаверади, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилинмаган бўлади. Баъзилар уни вожиб деб, ҳажи саҳиҳ бўлиши учун айтишни шарт қилишган. Лекин аввалги сўзимиз кучлироқдир. Бошқа киши учун эҳром киядиган бўлса: «Навайтул ҳажжа ва аҳромту биҳи лиллаҳи таъала ъан фулан», деб талбияни охиригача ўқийди ва кимнинг номидан ҳаж қилаётган бўлса, ўшанинг исмини айтади.

Талбиядан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади, ўзига ва дунёю охират ишларида хоҳлаган кишиси ҳаққига дуо қилади, Аллоҳнинг розилиги ва жаннатини сўраб, дўзахдан паноҳ тилайди. Сўнг яна талбияни айтишни бошлайди, иложи борича кўпайтиради. Тик турганда, ўтирганда, пиёда юрганда, бирор нарса миниб кетаётганда, ёнбошлаб ўтирганда, бирор ердан тушаётганда, сайр қилиб юрганда, таҳоратсиз, жунуб, ҳайз ҳолатида, кундузи, кечаси, саҳарда, дўстлар билан жам бўлинганда, намоз сўнгида, масжидларда, қўйингки, тавоф билан саъйдан ташқари ҳамма вақт талбия айтиш мустаҳабдир. Тавоф билан саъйда эса, ўзининг махсус дуолари бор, ана шу дуолар ила машҚул бўлинади.

Талбияни айтишда унга машаққат бўлмаса, овозини баландлатади. Лекин аёллар овозини кўтармайди. Талбия ҳар гал уч мартадан қайтарилади. Унинг ораси гап билан бўлинмайди. Агар бирор киши салом берса, жавоб қайтаради. Лекин талбия айтаётган кишига салом бериш кариҳ амалдир. Агар бирор ажабланарли нарса кўрса: «Лаббайка иннал ъайша ъайшул ахироти», деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилган ҳолда айтади. Маъноси: Тоатингдаман, ҳақиқий яшаш охиратдаги яшашдир.

Ана шу талбияни наҳр куни Ақабада тош отгунча ёки ифода тавофини адо этгунича айтади. Мана шу амаллардан бирортасига киришса, талбияни тўхтатиб, такбир билан машғул бўлади.

Агар эҳромдаги киши Маккадаги ҳарамга етса (Аллоҳ унинг шарафини зиёда қилсин), қуйидаги дуони ўқиши мустаҳабдир:

اللهُمَّ هَذَا حَرَمُكَ وَأَمْنُكَ فَحَرِّمْنِي عَلَى النَّارِ وَأَمِّنِّي مِنْ عَذَابِكَ يَوْمَ تَبْعَثُ عِبَادَكَ وَاجْعَلْنِي مِنْ أَوْلِيَائِكَ وَأَهْلِ طَاعَتِكَ

«Аллоҳумма ҳаза ҳаромука ва амнука фаҳарримний ъалан нари ва амминий мин ъазабика йавма табъасу ъибадака важъалний мин авлийаика ва аҳли тоъатик».

Маъноси: Эй Раббим, бу Сенинг ҳараминг ва омонлик ерингдир. Дўзахни менга ҳаром эт. Азобингдан мени омон сақла. Мени авлиёларинг ва тоат аҳли қаторида қил.

Ким Маккага киргач, кўзи Каъбага тушса, қуйидаги дуони ўқийди. Чунки Каъбани кўрганда мусулмоннинг қилган дуоси ижобат этилади, дейилган:

 

اللهُمَّ زِدْ هَذَا البَيْتَ تَشْرِيفًا وَتَعْظِيمًا وَتَكْرِيمًا وَمَهَابَةً وَزِدْ مَنْ شَرَّفَهُ وَكَرَّمَهُ مِمَّنْ حَجَّهُ أَوْ اعْتَمَرَهُ تَشْرِيفًا وَتَكْرِيْمًا وَتَعْظِيمًا وَبِرًّا

 

«Аллоҳумма зид ҳазал байта ташрийфан ва таъзийман ва такрийман ва маҳабатан ва зид ман шаррофаҳу ва карромаҳу мимман ҳажжаҳу ав иътамароҳу ташрийфан ва такрийман ва таъзийман ва биррон», дейди.

Маъноси: Эй Раббим, бу уйнинг шарафини, улуғлигини, ҳурматини, ҳайбатини зиёда қил. Ва уни шарафлаган, ҳурматлаган, ҳаж қилган, умрани бажарган кишиларнинг шарафини, улуғлигини, яхшилигини зиёда эт.

Яна:

 

اللهُمَّ أَنْتَ السَّلاَمُ وَمِنْكَ السَّلاَمُ حَيِّنَا رَبَّنَا بِالسَّلاَمِ

 

«Аллоҳумма антас саламу ва минкас саламу ҳаййина роббана биссалам», деб айтади.

Эй Раббим, Сен салом сифатли зотсан, саломатлик Сендан. Бизни саломатлик ила тирилтир, деб айтади.

Сўнгра дунё ва охират яхшиликларини сўраб, хоҳлаганича дуо қилади. Масжидга кирганда эса, масжидга кириш дуосини ўқийди.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан

Анвар Аҳмад таржимаси

 

 

Таржимон
Анвар Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳожатхонадан чиқсалар .Алҳамду лиллаҳиллазий азақоний лаззатаҳу давоми...

4385 08:49 / 28.07.2019
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатхонага кираётганларида .Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубси вал давоми...

2282 08:34 / 08.01.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда қироатдан олдин .Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм мин нафхиҳи ва нафсиҳи ва ҳамзиҳи, Аллоҳнинг номи ила лаънати давоми...

1727 15:11 / 19.02.2020
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таолога каломларнинг энг яхшиси тўрттадир .Субҳаналлоҳи, давоми...

2260 08:38 / 14.12.2018
Аудиолар

86386 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

15546 14:35 / 11.08.2021
Топ рейтинг www.uz Openstat