1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Уйинг остонасини ўзгартир!

17:01 / 31.05.2022 3886 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғи билан завжаси Ҳожар ва гўдаги Исмоилни ҳеч нарса ўсмайдиган ва кимсасиз Маккага ташлаб кетди. Сўнгра ўша машҳур «Замзам» ҳодисаси бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло она-бола зерикмаслиги учун улар томон Журҳум қабиласини жўнатди. Исмоил алайҳиссалом улар орасида униб ўсди. Улардан араб тилини ўрганди. Сўнгра уларнинг қизига уйланди. Сўнгра Ҳожар онамиз вафот қилди. Бир қанча вақт ўтиб Иброҳим алайҳиссалом уларнинг ҳолидан хабар олиш учун келди. У киши келганида Исмоил алайҳиссалом уйда йўқ эди. Иброҳим алайҳиссалом келинидан Исмоил алайҳиссаломнинг қаерга кетгани ҳақида сўради. Келини эри тирикчилик учун кетганини айтди. Иброҳим алайҳиссалом уларнинг аҳволи, тирикчилиги ҳақида сўради. Аёл шикоят қилди: «Ниҳоятда аҳволимиз ёмон. Доимо қийинчилик ва тангликдамиз!».

Аёл Иброҳим алайҳиссаломни танимасдан у кишига турмушдан нолиб анча шикоят қилди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Эринг келса мендан унга салом айт. Унга айтгин, уйининг остонасини алмаштирсин!», деди.

Исмоил алайҳиссалом келиб нимадир содир бўлганини билди. Хотинидан сўради:

- Бирор киши келдими?

- Ҳа! Бир чол келди. Сиз ҳақингизда сўради. Мен хабар бердим. Яшашимиз ҳақида сўради. Мен унга фақирлигимиз ва қийналаётганимиз ҳақида гапирдим!

- У сенга бирор нарса дедими?

- Ҳа! Сизга салом айтишимни айтди. Уйингиз остонасини алмаштирар экансиз!

Исмоил алайҳиссалом деди:

- У киши отам эди. Менга сени талоқ қилишимни амр қилибди. Уйингга боравер!

Иброҳим алайҳиссалом келинининг обрўсини айбламаяпти, Аллоҳ сақласин! Қолаверса, Набийлар хонадони куфрдан холий бўлмасада, бунақа нарсалардан холий. Қуръони Каримда хабари келган Нуҳ ва Лут алайҳиссаломларнинг хотинлари ақидага хиёнат қилишган, тўшакда эмас!

Иброҳим алайҳиссалом келинининг нолишини, шикоятини, норозилигини айб санади. Доимо шикоят қиладиган, ризқ ишидан нолийдиган хотин балойи азимдир! Эркаклар ҳам шунақа!

Исмоил алайҳиссалом хотинининг «тирикчилик учун кетган» деган гапига қараганда рўзғорни ташлаб қўймаган. Аммо хотинининг бошқаларнинг қўлидаги нарсаларга боқиши ўзларидаги нарсаларни кўра олмаслигига сабаб бўлган. Бу нарса ношукрликка олиб борган. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом ўғлига хотинини талоқ қилишини амр қилди!

Худди шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўғлини хотинига талоқ қилишини айтган эди. Ўғли бўйсунган эди.

Бир киши имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб отаси ундан хотинини талоқ қилишини талаб қилаётганини айтди.  Имом Аҳмад ундан сўради:

- Унда дини туфайли бирор-бир айб кўрасанми?

- Йўқ!

- Унда уни талоқ қилма!

- Иброҳим алайҳиссалом ва Умар розияллоҳу анҳу ўғилларига хотинини талоқ қилишини айтганда улар талоқ қилишган экан-ку!

- Агар сенинг отанг ҳам Иброҳим алайҳиссалом ва Умар розияллоҳу анҳудек бўлса талоқ қиласан!

Гапнинг хулосаси шуки, агар хотин солиҳа бўлса, диёнатли бўлса ўғил уни талоқ қилишга мажбур эмас. Уйларнинг хароб бўлиши учун ота-онага итоат қилиш ва солиҳа хотиндан жудо бўлиш ота-онага яхшилик қилишга кирмайди. Аммо ота-онангиз хотинингизни ёқтиришмасада, уларга яхшилик қилишда давом этасиз!

Бу дунё синов дунёсидир. Ризқ ҳам дунёдаги Аллоҳнинг синовларидан биридир. Биз эркаклар ва аёллар Аллоҳга нисбатан одоб чегарсини сақлашимиз лозим. Ризқнинг сабабларини, меҳнат қилишни тарк қилмаганимиз ҳолда қадарга рози бўлишимиз лозим. Аллоҳнинг қисматига рози бўлиш бойликдир. Норозилик эса фақирликдир. Ота-оналар ҳам Аллоҳдан қўрқиб, фарзандларининг оиласини барбод қилмасликлари керак!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни давоми...

6040 15:00 / 01.06.2021
4792. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир нарсага бўлган муҳаббатинг сени кўр ва кар қилиб қўюр,, дедилар,.Абу Довуд ва давоми...

4709 18:40 / 25.10.2017
.Мадраса, сўзи ҳозирги .мактаб, маъносидадир. Бизда тарихий хато туфайли бу икки ном нотўғри тушуниладиган бўлиб қолган. Баъзилар мадраса дийний ўқув юрти, бу номни давоми...

2288 09:00 / 23.06.2022
Мана шу жойда содир бўлган қизиқ бир воқеа. Бу зинапоялар саййидимиз Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қабрлари олдида тугайди. Бу зот Самарқанд фатҳида шаҳид давоми...

1740 11:00 / 25.08.2022
Аудиолар

211045 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130305 14:35 / 11.08.2021