1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон одоблари

11:00 / 19.04.2022 2885 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Афсуски, кўплаб кишилар улуғ Рамазон ойини қадрига етмайдилар, уни ғанимат билмайдилар.

Қанчадан қанча одамлар бу ойнинг кечаларини уйқуда, ғафлатда ўтказади! Қанчадан қанча одамлар ибодат ўрнига турли сериал ва беҳуда лағв нарсалар билан банд бўлишади!

Қанчадан қанча одамлар бу ойда турли баҳоналар билан рўза тутмай, бемалол кундузида ҳам овқатланиб юраверади! Яна кимлардир рўза тутса ҳам гуноҳлар билан овора, ғийбат ва ёлғонини ташламаган!

Қанчадан қанча инсонлар иймони бўлмагани учун бу ойда рўза тутиш фазилатидан умуман маҳрум!

Имом Бухорий ва бошқа буюк муҳаддисларимиз Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган қуйидаги ҳадис барчамизни хушёр тортишга ундайди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Кейин иккинчисига кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Сўнг тик турдилар-да, «Омин», дедилар. Шунда у зотнинг асҳоблари: «Нимага «Омин» дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот дедилар:

«Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Кейин: «Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ улар уни жаннатга киргиза олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Сўнг: «Рамазон ойини топиб, мағфират қилинмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим».

«Бурни ерга ишқалсин», деган сўз арабларда «хор бўлсин, юзтубан бўлсин» деган маънода ишлатилади.

Демак, Рамазон ойидан унумли фойдалана олмаган, унда гуноҳлардан фориғ бўла олмаган кишининг ҳолига вой экан. Чунки Аллоҳ таолонинг энг муқарраб фариштаси шундай деб дуо қилган экан ва бу дуога Роббул оламийннинг энг суюкли Расули, охир замон Пайғамбари «Омин» деган экан. Бундай дуонинг ижобат бўлишида шубҳа бўлиши мумкин эмас. Мана шу ҳақиқатларни доимо ёдда тутишимиз лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Рамазон ойидан унумли фойдаланиш учун алоҳида тайёргарлик кўриш керак, бир қанча одобларга риоя этиш лозим. Жумладан:

а) Рамазон билан табриклаш, унга етишгани учун шукр қилиш, хурсандчилик изҳор этиш;

б) Рамазон кирганини хонадон аҳлига, хусусан, ёш гўдакларга билдириш, сездириш. Бу уларга махсус Рамазон туҳфалари улашиш, саҳарлик-ифторликларга алоҳида эътибор бериш, оиланинг нафақасини одатдагидан кенг қилиш каби ишлар билан рўёбга чиқади;

в) Йиллик дам олиш ойлигини, ҳеч бўлмаса, бир қисмини Рамазон ойига тўғрилаш;

г) Кундалик юмушлар, тирикчилик ишларини бироз енгиллатиш. Бу рўзани қийналмай тутишга, кечалари хатми Қуръонларда иштирок этишга ёрдам беради.

д) Қуръон тиловати ва таълимига алоҳида эътибор бериш. Имкони бўлса, ўзи ўқиб, ҳеч бўлмаса, тинглаб Қуръонни бир бора хатм қилиш. Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда юртимиздаги масжидларда хатми Қуръонлар бўлмоқда. Қориларимиз намозда туриб Қуръонни ўқиб беришмоқда. Бу хайру баракадир. Бундан унумли фойдаланишга ҳар бир мусулмон шахс масъулдир. Йилнинг бошқа ойида бу имконият топилмайди. Кейинги йилга ким бор, ким йўқ;

е) Рамазон ойидан шахсий ва оилавий таълим-тарбия, руҳий-ахлоқий покланиш учун унумли фойдаланиш. Турли гина-адоватларни унутиш, шайтонларнинг боғлиқ турганидан фойдаланиб қолиш лозим.

ё) Рамазондан чиқишда маҳзун бўлиш ҳам ушбу ойга нисбатан бўладиган одоблардан саналишини ҳам унутмаслик даркор.

Аллоҳ таолодан бу йилги Рамазон ойини ҳам барча Ислом юртлари қатори азиз ва жаннатмакон диёримиз учун ҳам хайрли, баракали қилишини, жонажон халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон бир нарсани қаттиқ соғинса, у яқинлашгани сари соғинч кучлилигидан, ўша нарсанинг ифорини сеза бошлайди...Юсуф алайҳиссаломнинг оталари фарзандларини давоми...

2527 17:00 / 04.04.2022
Ойларнинг султони, ўн бир оғаиниси ичида Юсуф алайҳиссалом каби қадри баланд, суюклиси бўлган Рамазон Ислом уммати хонадонларига яна қайта меҳмон бўлиб келмоқда. давоми...

1537 09:04 / 28.03.2024
Ўзларини Аллоҳнинг динини йўқ қилишга, йўқ қилолмаган тақдирда уни чигаллаштириб, қориштиришга, бузишга қаратилган кучлар ва уларга билиббилмай қурол бўлганлар давоми...

2657 10:30 / 22.04.2021
Рамазоннинг Қуръон ойи ва бу ойда ўқилган ҳар бир ҳарф учун беҳисоб ажрсавоблар берилиши ҳақида ўқиган киши ундан бенасиб қолмасликка ҳаракат қилиши табиий, давоми...

7714 09:00 / 10.03.2024
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021