1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади

17:00 / 05.04.2022 2152 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Имом Бухорий ривояти.

Ҳадис китобларни ўқисак, Рамазон билан Қуръонни эгиз шафоатчи тарзида тасвирланганига гувоҳ бўламиз. Имом Аҳмад ва Абу Фазлларнинг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: «Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Бас, иккови ҳам шафоат қилади», деганлар».

Бу ой илоҳий тасарруф орқали Ислом уммати учун Қуръон ойи қилиб берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан тортиб бугунги кунгача бу ҳолат бутун мусулмон оламида анъана тарзида муваффақиятли давом этиб келмоқда. Саҳобаи киромлар ва тобеинлар Рамазонда Қуръон тиловатига алоҳида эътибор берар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Рамазонда таровеҳда Қуръонни одамларга хатм қилиб беришни топширганлари ҳам бежиз эмас эди. Буюк тобеин Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойи ичи барча ибодат ва вазифаларини тўхтатиб, Қуръон ўқиш билан машғул бўлар эди. Ҳозирда кўплаб мусулмон юртларида маҳаллий ва халқаро Қуръон мусобақаларини Рамазон ойида ўтказиш урф бўлган. Бизнинг ҳам масжидларимизда хатми Қуръонлар ўқилмоқда.

Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор, уни «Райён» деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киришгач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким ундан кирмайди», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Рамазон билан хушхабар берилади, табрикланади, унга ошиқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар.

Имом Байҳақий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ойи кирганда: «Аллоҳим, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин», дер эканлар.

Имом Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Рамазон кириб келди, муборак ой. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди», дедилар».

Абу Фазл ўз «Муснадида» Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.

У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади».

Муалло ибн Фазл айтади: «Салафлар олти ой Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилишар, кейин олти ой бу ойдаги ибодатларининг қабул қилинишини сўраб илтижо этишар эди».

Яҳё ибн Касир: «Аллоҳим, мени Рамазонга саломат етказгин, Рамазонни мен учун омон қилгин. Уни мендан мақбул ҳолида қабул қилиб олгин», деб дуо қилар экан.

Рамазонда шайтонлар кишанланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда «Унда бебош шайтонлар кишанланади», дейилган.

Рамазонда жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари ёпилади. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон кирганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд этилади», дедилар».

Фойдаланилган манба:

Islom.uz сайти

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Убай ибн Каъбдан .Биродаринг Ибн Масъуд .Ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади,, дейдими, деб давоми...

3650 08:08 / 05 апрель
Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиб чиқишни мақсад қилинг Агар сиз аввал хатм қилмаган бўлсангиз, интернетда жуда кўп қориларнинг Қуръони Каримни ўқиган давоми...

4592 12:00 / 10 март
Ўзларини Аллоҳнинг динини йўқ қилишга, йўқ қилолмаган тақдирда уни чигаллаштириб, қориштиришга, бузишга қаратилган кучлар ва уларга билиббилмай қурол бўлганлар давоми...

1998 10:30 / 22.04.2021
Аллоҳ таоло айтади .Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот давоми...

3307 14:30 / 07.04.2022