1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исро ва Меърож ҳодисалари кишилар иймонини синаш омили ҳамдир

15:00 / 28.02.2022 2638 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Исро ва Меърож бир-биридан фарқланади. «Исро» сўзи луғатда «кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юриш»ни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилишларига айтилади.

Шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари ила қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди.

«Меърож» луғатда «юқорига кўтарилиш» деган маънони англатади. Шариатда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул Мақдисдан Сидратул Мунтаҳога – Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишларига айтилади.

Муҳаддисларнинг ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнг Умму Ҳониъ бинти Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида, Исро ҳодисаси бошланди. Ўша кечаси Байтул Мақдисга Буроқ номли ҳайвонга миниб бордилар. Сўнгра у ердаги катта харсанг тош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ўша тош устига қубба – гумбаз қурилган, думалоқ бино шаклидаги суратлари бутун дунёга тарқатилган. Кўпчилик билмасдан, уни Масжидул Ақсо деб тушунадилар.

Ушбу ҳодисалар Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида инсоният тарихидаги энг муҳим воқеалардан бирига айланди.

Аллоҳ таоло Қуръон Каримда: «Ўз бандасини кечаси Масжидул-Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул-Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир», (Исро сураси, 1-оят) деган.

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккаи мукаррамадан Қуддуси Шарифга кечанинг бир қисмида олиб боргани ҳақида сўз юритилган.

Исро ҳодисаси Ислом даъвати тарихидаги энг машаққатли ва оғир дамларда содир бўлди. Бу даврга келиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги оз сонли мусулмонларга нисбатан мушрикларнинг озорлари, қийноқлари кучайган, уларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги чиранишлари ҳаддан ошган эди. Ана шундай мудҳиш бир пайтда Исро ва Меърож ҳодисаси бўлиб ўтди.

Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечаси Маккаи мукаррамадан бир зумда Байтул-Мақдисга олиб борди ва у ердан Меърожга олиб чиқди. Бу эса, ана шундай оғир бир пайтда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар учун катта тасалли эди. Ноумидлик кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди. Шунингдек, Исро воқеаси кишилар иймонини синаш омили ҳам эди. Ҳар бир нарсага моддий мўъжиза талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа ортиқча гап-сўзлар учун яна бир қулай фурсат бўлса, мўмин-мусулмонман деб юрганларнинг иймони қанчалик мустаҳкамлигини синаш омили ҳам эди.

Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳнинг бандаси эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар. Қуръони Каримда: «Масжидул Ҳаром» ибораси уч нарсага ишлатилади: 

Биринчи, Каъбаи муаззама атрофидаги масжид.

Иккинчи, Маккаи мукаррама шаҳри.

Учинчи, Маккаи мукаррама атрофида ҳаром учун белгиланган чегара, кофирлар кириб бўлмайдиган, ов овланмайдиган, ўсимликлари кесилиб ёки юлиниб бўлмайдиган, кўпгина маълум ишлар ҳаром этилган минтақага нисбатан ҳам ишлатилади.

Исро кечасида Пайғамбаримиз Каъбаи муаззама атрофидаги масжидда эмас, шаҳарнинг бир тарафида жойлашган аммалари Умму Ҳониънинг уйида ухлаб ётган эдилар.

«Масжидул-Ақсо»дан мурод Шоми шарифдаги Байтул-Мақдисдир. «Ақсо» сўзи узоқ, чет маъноларини билдиради. Масжид эса, ибодатхона, саждагоҳ маъносини билдириши ҳаммага маълум.

Ўша пайтда Байтул-Мақдис Маккаи мукаррамага нисбатан узоқ ва энг четдаги ибодатхона ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам уни «Масжидул-Ақсо» деб номлади.

Аллоҳ таоло Масжидул-Ақсонинг атрофини баракали қилиб қўйган. Байтул-Мақдис ҳақиқатда ҳам Аллоҳ томонидан баракотли қилиб қўйилган бир жойдир. Қадимдан бу ер Пайғамбарлар маскани, ибодатгоҳи бўлган.

Мусо алайҳиссалом, Ийсо алайҳиссалом ва уларнинг ораларидаги Пайғамбарлар ҳам шу ерда ўтишган. Уларга Аллоҳнинг ваҳийси шу ерда тушган. Шунинг ўзи ҳам ҳар қандай баракотдан устун. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бу жойни моддий томондан ҳам баракотли қилиб қўйган. Об-ҳавоси, зилол сувлари, серунум тупроқлари туфайли бу жойни серҳосил қилиб қўйган.

Суддий айтадиларки, бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига: «Обод уй» («Байтул-маъмур») нима, биласизларми?» дебдилар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир», дейишибди. Шунда у зоти бобаракот: «У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушади. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Улар бир кириб чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дебдилар.

«Байтул-маъмур» зикри Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот мазкур кечада ўша уйни кўрадилар, фаришталарнинг тавофи «Байтул-маъмур» эканини айтадилар. Яна у уйга Иброҳим алайҳиссалом суяниб ўтирганларини кўрганликларини ҳам айтганлар.

Бу ҳақдаги барча ривоятларни тўплаб ўрганилгандан сўнг хулоса қилиб айтиш мумкинки, «Байтул-маъмур» еттинчи осмонда, Каъбаи Муаззаманинг тепасидаги бир уйдир (яъни, масжиддир). Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади ва уларнинг кўплигидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Ерда Каъбатуллоҳ қандай улуғланса, осмонда «Байтул-маъмур» ҳам шундай улуғланади.

Сидратул-мунтаҳа ва Меърождаги бошқа нарсалар ҳақида Қуръони Каримда ҳам маълумотлар бор. Келинг, улар билан қисқача танишиб чиқайлик.

Қуръон оятларида зикр этиладиган нарсалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун Меърож кечасида содир бўлган эди.

«Ва дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди.

Яъни, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилни яна бир марта, Сидратул-мунтаҳа (тугаш дарахти) олдида», кўрдилар. Сидра-дарахт, мунтаҳа-интиҳо, тугаш демакдир. Бу дарахтнинг Сидратул-мунтаҳа-тугаш дарахти деб номланишининг сабаби бор. Осмонда фаришталар ўша дарахт олдигача бора олар эканлар, холос, ундан нарига ўта олмас эканлар. Ундан нариги томонда нима борлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмас экан. «Унинг ҳузурида Маъво жаннати бор». Яъни, тугаш дарахтининг олдида жаннати Маъво исмли, тақводорларга ваъда қилинган жаннат бор. «Ўшанда, у(дарахт)ни ўрайдиган нарса ўраб турибди». «Ўрайдиган нарса»нинг нима эканлиги оятда очиқ айтилмаган, шунинг учун тафсирчилар бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Жумладан, Аллоҳнинг нури ёки фаришталар ҳам дейилган. Лекин оятда муайян бир нарса айтилмаганлигининг ўзи «ўрайдиган нарса» васфдан ташқари улкан эканлигига далолат қилади.

Имом Аҳмад Ибн Масъуддан қилган ривоятларида: Исро кечаси Пайғамбар алайҳиссалом тугаш дарахтига бориб етдилар, у еттинчи осмонда эди. Ердан чиққан нарсалар ҳам, юқоридан тушган нарсалар ҳам унга етиб тўхтайди. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссаломга беш вақт намоз, Бақара сурасининг охири, умматларидан ширк келтирмаганларининг мағфират қилиниши хабарлари берилган, дейилган.

«Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам». Яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг нигоҳлари бурилиб, Меърожда ортиқча нарсаларни кўрганлари йўқ. Шунингдек, ҳаддиларидан ошиб, амр бўлмаган нарсаларни ҳам кўрганлари йўқ.

«Дарҳақиқат, ўз Роббисининг улкан белгиларини кўрди».

Муҳаммад алайҳиссалом Меърож кечасида Аллоҳнинг қудратига далил бўлувчи улкан белгиларни, жумладан, жаннатни, дўзахни, Обод уйни (Байтул-маъмурни), ўтган пайғамбарларни, Жаброил алайҳиссаломнинг асл ҳолатларини ва бошқаларни кўрдилар.

Ғайбга тааллуқли мазкур нарсаларни Пайғамбар алайҳиссаломга кўрсатилишининг ҳикмати кўп. Жумладан, у зот кишиларни даъват қиладиган нарсаларини ўз кўзлари билан кўриб, қалбларидан тасдиқлаб олсалар, даъват осон кечади. Халойиққа ҳужжат келтириш осон бўлади, мўминларнинг қалблари таскин топади ва ҳоказо.

Муҳаммад алайҳиссалом ўз кўзлари билан очиқ-ойдин кўрган, қалблари ишонч ила тасдиқлаган, ҳужжатли ва далилли нарсага кишиларни чақирганлар.

                                 Siyrat.uz ва islom.uz сайтлари асосида Хуршид Маъруф тайёрлади



Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳарб айтади .Асҳобларимиздан баъзилари Ибн Авн ҳақида шундай дейишди .Онаси уни чақирган эди, у жавоб берди. Бироқ унинг овози онасининг давоми...

1647 08:00 / 30.01.2021
Савол рўзанинг каффорати қандай адо этиладиЖавоб 1 бир қул озод қилиш 2 қулга имконияти бўлмаса, кетмакет икки ой рўза тутиш алоҳида бир кун қазоси ҳам тутилади 3 давоми...

1460 19:24 / 09.05.2020
Бир аёл ҳар бир қилган ишини, ҳар бир айтган сўзини .бисмиллаҳ, билан бошлар эди. Бу эса аёлнинг мунофиқ эрининг ғашига тегарди. Бир куни эри уни хижолат қилишни давоми...

1202 08:08 / 14.08.2020
Қатода ҳақида Абу Мутиъ шундай деди .У Қуръонни етти кунда бир марта хатм қиларди. Рамазон ойи келса, ҳар уч кунда бир марта хатм қиларди. Охирги ўн кунлигида эса давоми...

1320 08:00 / 07.02.2021
Аудиолар

121533 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43019 14:35 / 11.08.2021