1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Душманларнинг энг адоватлиси — нафсдир

19:00 / 17.02.2022 1469 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх, аллома Муҳаммад ибн Аҳмад Шатирий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Нафсга қарши жиҳод қилиш душманга қарши урушиш, жиҳод қилишдан машаққатлироқдир. У ўзаро кураш ва жангу жадалдир. Унда ирода қуввати ва иймон қувватига эҳтиёж бор. Чунки у душманларнинг энг адоватлиси — нафсдир».

Инсонда нафс тўзонлари тинчланса, ёмонлик ҳислари сокин бўлса, бунинг муқобилида унинг қалб тўридаги содиқ туйғулар қўзғалади. Ана шу ҳолат ўз эгасини Аллоҳга етакловчи биринчи қадамлар бўлади. Мазкур ҳисни уйғотган нарса нима бўлишининг фарқи йўқ. Шунингдек, унинг қай тарафга йўллангани ёки қай нарсага мойил бўлгани ҳам фарқ қилмайди. Чунки муҳаббатнинг йўли биттадир. Маҳбуб қандай бўлса ҳам, у йўлнинг қай тарафида турган бўлса ҳам, барибир. Энг муҳими, солик ўзига ёққан ва ўзи берилган бекатда тўхтаб қолмаса бас. Модомики, олдидаги йўл очиқ экан, у барча бекатлардан ўтиши лозим. У ўзининг ҳақиқий муҳбуби олдинда эканини билмоғи матлубдир. У ҳарчанд йўлда давом этар экан ва бекатлардан бирма-бир ўтар экан, ўз йўлини давом эттириш жозибаси уни ўзига тортаётганини ҳис қилади.

Биз умматларга ибрат ўлароқ нафс мавзуга оид Фузайл ибн Иёз ҳақида сўз юритсак. Аввал бу киши билан қисқача танишиб олайлик. Фузайл ибн Иёз ҳижрий 105 йилда Самарқандга қарашли Наса номли жойда туғилган. Бу жойнинг форсча исми Дарҳи кузу бўлиб, «манн водийси» маъносини англатади.

У ёшлигининг ярмини йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молини талаб, қароқчилик ва зўравонлик қилиб ўтказди. У Абювард ва Марв орасидаги тор йўлларда йўловчи мусофирларни пойлаб турар эди. Секин-аста ўша тор йўл унинг номи ила аталадиган бўлди ва у ердан ўтувчилар ҳамда карвондагиларнинг қалбига қўрқинч соладиган жойга айланди. Йўловчилар бир-бирларига унинг тузоғига тушиб қолмаслик учун ўша ерни четлаб ўтишни тавсия қилар эдилар.

Фузайл ўзи талаб олган молларни айш-ишратга, кўнгилхушликка сарфлар, лаззатлари учун ишлатар эди.

У ушбу нодонлик ҳаётининг авжида бир жорияни учратиб, уни севиб қолди ва ўзини унга бағишлади. Фурсат топиши билан унинг ҳузурига ошиқар эди. Бундай фурсатлар эса жуда оз бўларди. Унга боғланиб қолган Фузайлнинг йўлтўсарликка, мусофирларни пойлашга ва уларни таъқиб қилишга вақти қолмади. Жориянинг ишқи унинг қалбини ром қилиб, молиявий қизиқишларини унутди. Бу ишқ ундаги зўравонлик ва ёмонлик оловини сўндириб, шу жория ҳақида фикр қилишдан бошқага ярамай қолди, куну тун фақат унга етишиш йўллари ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди.

Фузайл ибн Иёз ўзининг мазкур жорияга бўлган муҳаббати ва унга боғланиши орқали йўл бошига келди. Кечаларнинг бирида у карвон йўлини тўсиб, унинг молини талаш режасини тузиш ўрнига маҳбубаси ила қандай қилиб учрашиш режаси ҳақида фикр юрита бошлади. Ва ниҳоят, кечанинг охирги қисмида, ҳамма ухлаб ётганда ҳабибасининг ҳовлисига бориб, эшик қоқиб, сўраб ўтирмай, девордан ошиб тушиш режасини тузди.

Фузайл муносиб вақтни танлаш ва режасини амалга оширишга киришди. Тун қоронғусида жориянинг ҳовлисига етиб борди. У иккиланиб ўтирмасдан ҳовли деворидан ошиб ўтишга қулай жой ахтара бошлади. Тезда ўшандай жойни топди ва осилиб, деворнинг устига чиқди. Девордан ҳовлига тушишдан олдин атрофга диққат билан қулоқ солди. У шу ҳолда турганида, қулоғига тун қоронғусида бир қорининг Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятини тиловат қилаётгани эшитилди:

 ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ    ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ   ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ  ﯧ ﯨﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ  

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоғда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!» (Ҳадид сураси, 16-оят).

Ўша онда Фузайлнинг қалби бефаросатликдан озод бўлди. Унинг қалбини ўраб олган қасоват парчаланди. Унинг қулоғига муҳаббат тўла раббоний калималар кириши билан бу калималарнинг шуъласи унинг қалбига етиб борди. Бу шуъла ундаги сўниб бораётган чироқни яна ёндирди, ўчиб бораётган оловни алангалатди. У бирдан қоронғу зулматни титратиб юборган овоз ила:

«Ҳа, Роббим! Вақти келди!» дея қичқирди.

Ўша лаҳзанинг ўзида унинг зоти тамоман ўзгарди. У турган еридан тушди. Худди бир нарса чақиб олган одамдек ҳеч нарсага қарамай:

«Ҳа, Роббим! Вақти келди!» дея қичқирганча олға юриб кетди.

Ўша кечанинг охирида бу банда ила унинг Робби орасида сулҳ тузилди. Ўша зулматли соатда безори, қароқчи, йўлтўсар Фузайл ибн Иёз дафн этилди. Унинг ўрнига олим, парҳезкор, зоҳид, обид ва ҳакийм Фузайл ибн Иёз туғилди!

Энди у нима қилади? Қаерга боради? У Сарахсга қайтиб кетишни маъқул кўрди. Кеч кириши билан тунаш учун мусофирхонага борди. У ерда бир гуруҳ йўловчиларни кўрди. Уларнинг йўл юриш ҳақида ўзаро маслаҳат қилаётганларини эшитди. Шу пайт улардан бири: «Тонг отгунча кутиб турганимиз маъқул. Йўл хатарли. У ерда Фузайл бор», деди.

Фузайл уларни тинчлантириш учун олдиларига борди, сўнг томоғига йиғиси тиқилган ҳолда:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ йўлни Фузайлдан тозалади. Мана, у сизнинг қаршингизда тавба қилган ҳолида турибди! Умид қиламанки, бугундан бошлаб мени фақат Аллоҳга қочган ҳолимда, У Зотнинг Байтул Ҳароми олдида кўрасизлар!» деди.

Сўнгра у керакли нарсаларини олиб, узоқ сафарга – Байтуллоҳ томон йўл олди. Йўл-йўлакай у ўз-ўзига гапириб борарди: «Мен кечаси маъсиятга қўл урар эдим. Бу ерда эса мусулмонлардан бир қавм мендан қўрқиб ўтирибди. Аллоҳ тавба қилишим учун мени уларнинг ҳузурига олиб келган бўлса керак. Аллоҳим! Ўзингга тавба қилдим. Тавбамнинг Байтул Ҳаромингни қўшни тутишим ила бўлишини истадим!»

Аллоҳга юзланган Фузайл ўз-ўзига зулм қилган ўтмишини ва гуноҳларга ружу қўйган пайтини эсидан чиқармади. У қанчалик Аллоҳга яқинлашса, У Зотнинг зикрини кўпроқ қилса ва сифатларини улуғласа, қалбидаги хавфи шунчалик зиёда бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққида йўл қўйган камчиликларига маҳзунлиги шунчалик ортиб борди. Унинг ҳузурида Аллоҳ зикр қилинса ва Қуръон тиловат қилинса, бу ҳолат яна ҳам зиёда бўлар эди.

Аллоҳ таоло нафсимизни тақвосини берсин, хатоларимизни мағфират қилсин!

Фойланилган манбалар:

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китоби

@arabicuz

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар доим қабр азоби ҳақида сўзлашадию, қабр роҳати ҳақида сўзланмайди.Қабр неъматлари1. Унга жаннат тўшакларидан тўшаб берилади.2. Унга жаннат либосларидан давоми...

1964 15:20 / 10.01.2023
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар Бани Исроил бўлмаганда гўшт айнимас эди. Агар Ҳавво бўлмаганда аёл эрига ҳеч хиёнат қилмас эди,, дедилар. Имом Бухорий давоми...

10278 16:00 / 17.03.2023
Уйлар катталашди mdash оилалар кичрайди. Тиббиёт ривожланди mdash касалликлар кўпайиб, саломатлик ёмонлашди. Ойга етдик бироқ ён қўшнимизнингҳолидан бехабармиз. Пул давоми...

2696 16:00 / 20.01.2023
1. У Кунда, у ерда махфийлиги бўлмаган делолар, ошкор этиш тақиқланган ҳужжатлар бўлмайди ўта махфийrdquo, конфеденциалrdquo, деган муҳрларсиз ...ва қиёмат куни унга давоми...

2137 15:05 / 08.12.2021