1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Сийрат илми қуруқ тарих эмас

15:00 / 02.01.2022 2786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳажжож ибн Илот ас-Саҳмий розияллоҳу анҳу Хайбар ғазотидан бир неча кун олдин иймон келтирди. Бу ғазотда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга, у зотнинг ёнларида туриб жанг қилди.

Жанг мусулмонларнинг ғалабаси билан тугади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжаларни тақсимладилар. Сафийя бинт Ҳуяй онамиз мусулмон бўлгач, у кишига Набий алайҳиссалом уйландилар.

Ҳажжож Набий алайҳиссаломга деди:

-Эй Аллоҳнинг Расули! Маккада савдогарлар ҳузурида анчагина молим бор. Агар улар менинг мусулмон бўлганимни билишса молимни беришмайди деб қўрқаман. Менга рухсат берсангиз, шояд молимни қўлга киритсам!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рухсат!», дедилар.

Ҳажжож сўради:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Қурайшга ҳийла қилишим лозим бўладида?!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Рухсат, қилавер, дедилар.

Ҳажжож Мадинадан чиқиб Маккага, қурайшнинг олдига келди. Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳайбарга юриш қилаётганларини билар эди. Улар Ҳажжожни кўриб қолиб ундан сўрашди:

- Муҳаммаднинг Хайбардаги иши нима бўлди?

Ҳажжож деди:

- У жуда ҳам қаттиқ мағлуб бўлди. Асҳоблари ўлдирилди. Ўзини асир олишди. Яҳудийлар: «Уни ўлдирмаймиз, уни қурайшга топширамиз. Ўлдирилган жигарпоралари учун қасос олишади», дейишди. Мен сизнинг олдингизга молларимни олгани келдим. Хайбардаги ўлжалар сотилиб бўлмасидан уларни сотиб олишга улгуришим керак.

Қурайш бу хабарни эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлди. Бир куннинг ўзида Ҳажжожнинг барча молини жамлаб беришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ҳали исломга кирмаган эди. У Ҳажжожнинг олдига келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хавотирланиб сўради:

- Эй Ҳажжож! Жияним ҳақида қанақа хабар келтирдинг?

Ҳажжож унга тўғрисини айтди:

- Эй Аббос! Аллоҳга қасамки, менда сени хурсанд қиладиган хабар бор. Аллоҳ биродарингни ўғлига Хайбарни фатҳ қилиб берди. Катта ўлжа қўлга киритилди. Уларнинг бошлиғи Ҳуяй ибн Ахтабнинг қизига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйландилар. Мен исломга кирганман. Молимни олиш учун қурайшдан мусулмонлигимни яширдим. Буни уч кунгача яшириб тур. Агар уларга айтиб қўйсанг улар менга етиб олишади. Уч кун ўтганидан кейин айтавер!

Уч кундан кейин Аббос қурайшга бор воқеани айтиб берди. Қурайш Ҳажжож алдаганини билди.

Тўғри йўл билан олинмаган нарса урушда ҳийла билан олинади. Мўъмин зийрак ва ақлли бўлади. Уруш ҳийладан иборат. Мусулмонларнинг фойдасигами ёки биргина мусулмоннинг фойдасигами душманга ёлғон гапирса бўлади. Бу фақатгина душманларга нисбатан ва ҳақни қўлга киритиш учун айтилган ҳукмдир.

Аммо бир мусулмон бошқа бир мусулмон бўлмаган давлатга бориб қолса ва ўша давлат бунга омонлик берган бўлса уларнинг мулкини ўғирлашга, уларнинг ҳаққини ейишга ҳақсиздир. Бу ҳолатда кофирнинг мулкини ўғирлаш худди мусулмоннинг мулкини ўғирлаш билан тенгдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳматларига қаранг! Ҳажжожга молини қайтариб олиши учун пайғамбарга нисбатан айтиб бўлмайдиган гапни айтишга рухсат бераяптилар. Бунда катта дарс бор. Мусулмонлар ўзаро бир-бирларига ёрдам беришлари лозимдир. Душмандан ҳақни олиш бўладими, ёки ўзаро бир-бирларидан олиш бўладими, бунинг фарқи йўқ.

Сийрат илми тасаллий учун айтиладиган қуруқ тарих эмас. У ҳаёт ҳақидаги, ақида борасидаги дарсдир. Барча асрларда мусулмонлар ўз ҳаётларини шунга асосан қурганлар!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суратдаги бу инсонга 1994 йили қирол Файсал мукофоти топширилганда у олишдан бош тортган .Мен нимаики ёзган бўлсам, фақат Аллоҳ розилиги учун ёзганман. Менинг диним, давоми...

3662 10:00 / 18.02.2022
Мусулмон инсон кийиниш маданияти бўйича қуйидагиларга амал қилади.1. Либос учун ишлатилган мато ипак мато каби, шариатда ҳаром қилинган бўлмаса, ҳалолдир.2. Шаръий давоми...

7123 02:53 / 21.04.2017
Ҳаёт бу мусофирчиликдир. Дунёга келар эканмиз умр бўйи давом этадиган узун йўлга мусофир бўлиб қадам босамиз. Баъзан йўлнинг ўзидан ҳам кўра елкамизга ортган давоми...

2232 16:11 / 03.03.2024
Бутун дунё зулматга бурканган эди. Яратувчи Аллоҳ эди, аммо бошқага ибодат қилинар эди. Аллоҳ ризқ берар эди, аммо бошқага шукр қилинар эди. Обрўлар оёқости давоми...

1688 15:28 / 05.06.2024
Аудиолар

211025 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130284 14:35 / 11.08.2021