1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Қўқон хони Шералихоннинг маънавий устози ким бўлган? (биринчи мақола)

16:00 / 27.12.2021 1640 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақолада Наманган вилояти, Чортоқ тумани, Пиштқўрғон қишлоғида жойлашган Хожа Дониёр эшон мақбарасининг тарихи мавзусида бўлиб, унда нақшбандия тариқатининг намояндаларидан бири Хожа Дониёр Хожа Хаййитқул Мирзо ўғлининг ҳаёти ва фаолияти илк марта тадқиқ қилинган.

Мустақилликдан сўнг буюк аждодларимизнинг мақбаралари, масжид ва мадрасалар ва улар дафн қилинган зиёратгоҳлар обод қилинди. Уларнинг ҳаёти мазмуни келгуси авлод учун қолдирган илмий-адабий мерослари тадқиқ этилмоқда. Диёримизда ҳали ўрганилиши зарур бўлган улкан тарихий манзилгоҳлар, улар билан боғлиқ олим ва алломалар мероси бисёрлиги аён бўлади. Бундай ҳол юртимизнинг бошқа худудлари қаторида Наманган маънавий муҳитига ҳам тегишлидир.

Биз ушбу мақолада тахминан 18 асрнинг иккинчи ярми, 19 асрнинг 50-йилларида яшаб ўтган Наманганлик нақшбандия тариқатининг пири комилларидан бири Хожа Дониёр Эшон ҳаёти ва фаолияти тўғрисида дастлабки маълумотларни беришга ҳаракат қиламиз.

Хожа Дониёр Хожа Хаййитқул мирзо ўғли тахминан 18 асрнинг иккинчи ярмида Наманган шаҳрида туғилди. Отаси Хожа Ҳайитқул мирзо Наманганнинг кўзга кўринган валийларидан бўлиб, Шайхонтоҳур авлодидан ҳисобланади. У Исломнинг беш арконидан бири — ҳаж ибодатига кетаётиб, Эроннинг Мозондарон чангалзорини қароқчи, йўлтўсарлардан тозалайди, натижада Усмонийлар султони назарига тушади.

Хожа Дониёр дастлабки диний таълимни отаси Ҳайитқул мирзодан олди. Хожа Дониёр кейинчалик Наманган мадрасаларида таълимни давом эттиради. У Самарқанд, Бухоро ва Қўқон шаҳарларида бўлиб, у ердаги улуғлар ва фозиллар суҳбатларидан руҳий ва маънавий озуқа олди. У устозлари халифа Муҳаммад Амин, Халифа Муҳаммад Сиддиқ, халифа мирзо Бобобек ва халифа Эшмуҳаммад ҳамда халифа Ҳусайнлардан шариат кўрсатмалари ва тариқат одобларини ўрганиб, илму ирфонда камол топади.

Хожа Дониёр оғир босиқ ва ҳалим киши бўлган. Узоқ йиллар устози ва пири халифа Ҳусайн даргоҳида хизмат қилади. Бир куни халифа Ҳусайн Бухорий бомдод намозидан сўнг кўксиларини тўлдириб, нафас оладилар. «Оҳ, муҳаббатнинг хушбўй бўйи ёқимлилигини», дея такбир айтадилар. Бироздан кейин Хожа Дониёрга, «бир ишқи муҳаббатли, жазбали ҳамшаҳарингиз келяпти. Уни чиройли кутиб олиб, гўзал муомалада бўлинглар. Хожа Дониёр сизга, зикри нафийи исботни, яъни хуфя таълимни топширдим», - дебди устоз Ҳусайн. Орадан бир муддат ўтиб «Ё Аллоҳ», деб зикр айтиб бир йигит кириб келди. У киши Абдулазиз Мажзуб Намангоний эдилар.

Тахминан, 1795 йил халифа Ҳусайн даргоҳидан бир вақтнинг ўзида уч кишига иршоднома, яъни (ижозатнома) битиб берилган. Булар Хожа Дониёр Эшон, Мажзуб Намангоний ҳамда халифа Абдусаттор Бухорий.

Хожа Дониёр устози даргоҳидан Наманганга  қайтгач, оиласини олиб Чортоқга Балиқкўл (Арбағиш) қишлоғига кўчиб кетади. Хўжа Дониёр аввалига Арбағиш қишлоғига бориб, ўша ерда оиласи билан истиқомат қилиб, илм маърифат тарқатади. Тез орада унинг мурид ва мухлислари кўпаяди. Натижада Қўқон, Уйчи, Ахси, Поп, ҳамда Косонсой томонлардан аста-секин аҳоли кўчиб келиб, ўрнаша бошлайди.

Хожа Дониёр нақшбандия тариқатининг пири комили, олим ва фозили сифатида шуҳрат топди. У молу дунёга ҳирс қўймаган, ўта камтар  ва нозиктабиат инсон эди. Чунончи, у зуҳд ва тақвода пешқадам, тоат ва ибодатда юксак намуна соҳиби бўлган.

Маълум бўлишича, Хожа Дониёр Арбағиш ва кейинчалик Пиштқиронда яшаган кезлари тепаликдан ғор ковлаб, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида зоҳидлик ила зикр, тоат ва ибодат билан машғул бўлган.

Бир куни Хожа Дониёрни зиёрат қилгани (Балиқкўл) Арбағиш қишлоғига Мажзуб Намангоний келади. Хожа Дониёр дўстини адир орасида қазиган ғорларида кутиб олиб, меҳмон қилади. Бир пайт Абдулазиз Мажзуб ҳазиллашиб, Эшон бобо аҳли аёлингиздан кўз узмай қараб турай деб, ғорни оғзини уйингиз томонга қаратиб кавлабсиз-да, деб айтибди. Маълум вақтдан кейин Мажзубни уйига кузатиб қўяди. Мажзуб гапидан таъсирланган Хожа Дониёр, иш қуролларини елкаларига олиб, ҳозирги Пиштқирон қишлоғидаги тепаликдан ўзи учун янги ғорни макон қилади. Ғор оғзини эса уйига тескари қилиб қазийди. Кейинчалик Пиштқиронга ҳам мурид ва мухлислари кўчиб кела бошлайди. Натижада бу ерда катта бир қишлоқ пайдо бўлади. Хожа Дониёр мазкур жойда масжид ва мадраса қуриб, муридларига илм-маърифат улашади. Ҳозирги кунда масжид ва мадрасанинг пойдеворларигина сақланиб қолган.

Манбаларга кўра, Қўқон хони Олимхон (1801-1810) ҳукмронлиги даврида шахсан хукмдорнинг ўзи сохта хўжалар, эшонлар ва саводсиз руҳоний мансабдорларни бирма-бир имтиҳон қилиб, ҳужжат-далил сўраб чиғириқдан ўтказган экан. Мансабдор руҳонийларни имтиҳон қилгач, нолойиқларини четлаштириб, ўрниларига саводли кишиларни қўйган[1]. 

 

Шу каби хоннинг аёнлари Хожа Дониёрни билим ва  кароматини текшириш мақсадида маҳалласига келишади. Зиёфат уюштириб, Хожа Дониёрни ҳам бу зиёфатга таклиф қилишади. Балиқкўлга кетган эшон зиёфатга бироз кечикиб келади. Ул зот келгунларига қадар таомни емай кутиб ўтиришган аъёнлар Хожа Дониёр келгач, уни юқорига ўтқизишади. Эшон дуо қилиб бўлгач, тайёрланган таомни дастурхонга олиб келишади. Хожа Дониёрнинг таомига эса мушук гўштини солиб келишади. Хожа Дониёр таомга бир назар солиб, «пишт, қирон келгур» дейди. Ҳаром гўшт идишдан сирғалиб тушиб кетади. Хоннинг аёнлари ўша заҳоти такбир айтиб ўрниларидан туриб кетишади. Эшоннинг вақфларига тегмай, барча муридларига аввалгидек таълим бериб, сулук тебратиш хуқуқини берувчи рухсатнома битиб берадилар.

Мана шу воқеадан сўнг бу қишлоқ «Пиштқирон» номи билан танилади. Ҳозирги кунда ҳам қишлоқ эски номи билан юритилади. Хожа Дониёр Балиқкўл ва Сутли мозор зиёратгоҳига пиёда бориб қайтар эканлар.

(Давоми бор)

Акрам Шарипов, мустақил тадқиқотчи, 

Тошкент вилояти Чиноз тумани Олмазор қўрғони  


[1] Мирза Олим Мушриф. Ансобус ус-солатин ва таворих ул-хавоқин. —Т.; Ғофир Ғулом, 1995. б. 127

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аббосийлар халифаси Ҳорун ар Рашид саройдан узоқроқда бўлганида ўша даврнинг улуғ инсонларидан бири бўлган ҳамда халифанинг маслаҳатчиси ҳисобланган Баҳлул давоми...

2185 20:00 / 28.07.2022
...Аллоҳ таъоло илм аҳлидан ҳеч нарсани яширмасдан, одамларга гапириб беришлари хусусида аҳду паймон олган. Шунинг учун ҳар бир саҳиҳ, Аллоҳдан қўрқадиган тақводор давоми...

3851 21:56 / 27.04.2017
Мисрлик Халил Саййид бўйра тўқиш билан шуғулланарди. Шунинг учун .Бўйрачи, лақабини олган эди. У бўйра солинмаган ёки шолипоя солинган масжидни кўриб қолса, дарҳол давоми...

3639 17:30 / 22.12.2022
Бутун иттифоқ бўйлаб минглаб отаоналар Афғонистондаги урушда асирликда қолиб кетган фарзандларини юртга қайтаришни ҳукуматдан талаб қилишар эди. Бу талаблар давоми...

2846 14:00 / 02.09.2022
Аудиолар

120578 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7051 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42176 14:35 / 11.08.2021